ЖШДС бўйича имтиёздан 1 апрелга қадар фойдаланишга улгуринг

preview

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаганидан кейин мулкдор ихтиёрида қоладиган фойда суммасига ЖШДС солишдан озод этиладиган имтиёз 2020 йил 1 апрелга қадар амал қилади. Имтиёзни йўқотмаслик учун шу санагача жамғарилган фойдани тақсимлаш ва дивидендларни тўлашга улгуриш лозим.

Бундан ташқари савол туғилади: энди тақсимланган фойда суммаси ва имтиёзни солиқ ҳисоботининг қайси шаклида акс эттириш лозим -    ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобидами (11101_8) ёки Дивиденд ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлар ҳисоб-китобидами (10202_4)?

1 январдан бошлаб хусусий корхона мулкдори, оилавий корхона иштирокчиси ёки фермер хўжалиги бошлиғига  мазкур юридик шахслар ихтиёрида қоладиган фойда суммасидан тўланадиган даромадлар дивидендларга тенглаштирилади .

Бунда Молия вазирлиги ва ДСҚ ахборот хабарининг 2-бандида илгари СКнинг 2007 йилдаги таҳрирининг 179-моддаси 6-банди билан белгиланган имтиёз 1 апрелга қадар амал қилиши кўрсатилган. Демак,  агар хусусий корхона мулкдори 2019 йил учун фойдани ва ўтган йиллар учун жамғарилган фойдани тақсимлаб, уни 2020 йил 31 мартгача тўлашга улгурса, у бу имтиёзни қўллай олади. 1 апрелдан кейин қолган барча тақсимланмаган фойда уни тақсимлаш чоғида дивиденд деб эътироф этилади ва 5% миқдорда дивиденд солиғи солинади .

Энди бу имтиёзни солиқ ҳисоботида қаерда акс эттиришни кўриб чиқамиз.

Буни одатдаги ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини тўлдириш учун шаклда бажариш нотўғри бўлади, чунки  “солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаганидан кейин мулкдор ихтиёрида қоладиган фойда суммаси” энди “дивидендлар” тушунчасига тўғри келади. 012-сатр “Меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлмаган даромадлар” (Ҳисоб-китобга 6-илованинг 4-графаси) номида “дивидендлар ва фоизлардан ташқари” дейилган.

Шу тариқа, агар хусусий корхона мулкдори ўз фойдасини тақсимлаб, 2020 йил 1 апрелга қадар уни олса, буни имтиёзни кўрсатган ҳолда Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлардан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида (10202_4) акс эттириши лозим.

Ҳисоб-китоб шакли ва унга иловани тўлдириш намунасига қаранг.

Татьяна ЛИМАРЕВА