Лавозим йўриқномаси қандай тузилади, у иш берувчига қачон қўл келиши мумкин

18.05.2020

Ходимнинг меҳнат мажбуриятлари ҳеч қаерда қайд этилмаган бўлса, ушбу мажбуриятларни бузгани учун уни ишдан бўшатиш жуда қийин бўлади. Тўғри тузилган лавозим йўриқномаси бу масалада иш берувчига ёрдам беради. Уни қандай тузиш ва у билан қандай ишлаш ҳақида меҳнатга оид ҳуқуқ масалалари бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА гапириб берди:

– Мисол учун, маслаҳатчи сотувчингиз кунига ўнта товар ўрнига битта сотаяпти ва тегишинча, сотиш режасини бажармаяпти. Раҳбарият нуқтаи назаридан ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилиниши аён, бироқ ходимни шунчаки ишдан бўшата олмайсиз, уни меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳимоя қилади.

Меҳнат шартномасида ходим «мижозларга маслаҳат бериши ва товарни реализация қилиши» кераклиги қайд этилган. Демак, ҳатто кунига битта товарни сотса ҳам, бу унга иш ўрнини сақлаб қолиш ҳуқуқини беради.

Лавозим йўриқномаси – корхонанинг локал ҳужжати бўлиб, унда асосий вазифалар, муайян лавозимда ишлаш учун талаб этиладиган кўникма ва ваколатлар қисқача баён этилади. Ходимларнинг меҳнат мажбуриятлари бошқа локал ҳужжатларда (ИМТҚ, уставлар, интизом тўғрисидаги низомлар ёки б.) ёки меҳнат шартномаларида батафсил ёритилмаган бўлса, у керак бўлади . Йўриқноманинг вазифаси – қуйидагиларни мустаҳкамлаш:

  • ходимнинг функцияларини,
  • унинг асосий ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини,
  • малака талабларини;
  • ишнинг бошқа муҳим шартларини.

Йўриқномалар зиммасига ўхшаш мажбуриятлар юклатилган ходимлар ўртасида ишни тақсимлашда ҳам ёрдам беради. Масалан, офисда иккита референт ишлайди. Ким нима билан шуғулланаётганини билиш учун битта йўриқномада «қўнғироқларни қабул қилади ва ташриф буюрувчиларга маслаҳат беради», бошқасида – «кирувчи ва чиқувчи ҳужжатларга хавоб беради» деб ёзамиз. Офисда хат-хабарлар йўқолиб қолса, бунинг учун иккинчи референт жавоб беради.

Диққат
Ходимни лавозим йўриқномаси билан ундан тилхат олган ҳолда албатта таништириш керак. Тилхат матнига «Йўриқнома билан танишиб чиқдим» деган сўзларни, ходимнинг шахсий имзосини, фамилияси ва исми-шарифини, танишиб чиққан санасини киритинг. Йўриқномани имзолаган ходим ишдан бўшаган, унинг лавозимини бошқаси эгаллаган бўлса, янги қабул қилинган ходимни ундан тилхат олган ҳолда лавозим йўриқномаси билан таништиринг (бунда функциялари ўзгармаса).

Ташкилотдаги ҳар битта лавозим бўйича лавозим йўриқномаси тузилиб, шахссиз тусга эга бўлади (намунага қаранг). Қонун ҳужжатлари билан тасдиқланган шакли йўқ. Йўриқномаларни ишлаб чиқиш, уларни тасдиқлаш ва ўзгартиришлар киритиш тартиби ҳам белгиланмаган.

Баъзан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қарам ташкилотлардаги лавозим йўриқномаларини ким ишлаб чиқиши кўрсатилади. Масалан, ФҲДЁ бўлими ходимларининг лавозим йўриқномаларини – туман (шаҳар) ҳокимлиги, ФҲДЁ архиви ходимларининг лавозим йўриқномаларини эса Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бошқармалари раҳбарлари тасдиқлайди .

Нималарни қайд этиш керак?

Йўриқнома тузаётганда қуйидагиларни эътиборга олинг:

  • юридик шахснинг стратегияси акс эттирилган, ташкилий алоқалар схемалари келтирилган, ходимларнинг ваколатлари белгиланган корпоратив ҳужжатлар ва ҳ.к.;
  • мавжуд бўлса, лавозим йўриқномаларининг намунавий шакллари.

Ҳар бир лавозим йўриқномасида ташкилот номи; тузилган санаси ва жойи; тасдиқлаш белгиси; ҳужжатнинг тўлиқ номини қайд этинг.

Йўриқнома матнига умумий қоидалар, ходимнинг функциялари, лавозим мажбуриятлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини киритинг. Ушбу бўлимлар мазмунини батафсил кўриб чиқамиз.

1) Умумий қоидалар

Унга қуйидагиларни киритинг:

  • штат жадвалига кўра лавозим номи;
  • таркибий бўлинмага мансублиги;
  • ходимнинг бўйсуниши;
  • лавозимга тайинлаш ва ундан озод қилиш тартиби;
  • ходим вақтинча ишда бўлмаган даврда унинг лавозимида ишлаш тартиби;
  • малака талаблари: маълумот даражаси (умумий, ўрта, олий, махсус) ва амалий тажрибаси (худди шундай лавозимдаги иш стажи);
  • ходим риоя этиши керак бўлган норматив-ҳуқуқий, методик ҳамда ички ташкилий ва фармойиш берувчи ҳужжатлар (раҳбарнинг буйруқлари ва фармойишлари, таркибий бўлинма тўғрисида низом, ИМТҚ ва б.);

2) Функциялари 

Ушбу бўлимда қуйидагиларни кўрсатинг: 

  • ходимнинг асосий вазифалари;
  • ишларнинг тури; *
  • иш участкаси;
  • ҳужжатларни тайёрлаш, ишлов бериш ва топширишнинг ўзига хос хусусиятлари, айрим функцияларни бажариш усуллари ва муддатлари, раҳбариятнинг топшириқларини бажариш тартиби.

* Мисол учун, девонхона ходимининг асосий вазифаси – ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш. Бироқ у турли ташкилотларда ушбу вазифа доирасида ҳар хил ишларни бажариши мумкин. Бир ҳолатда ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш бир ёки бир нечта журналларни юритиш билан чекланади. Бошқаларида бунга карточкаларни тўлдириш, компьютерда маълумотлар банкини юритиш, ахборот тақдим этиш, маълумотнома берувчи картотекаларни тузиш ҳамда юритиш ва ҳ.к. қўшилади.

Ташкилотда қабул қилинган ҳужжатлар билан ишлаш технологиясини ва қўлланилаётган техник воситаларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олинг;

3) Лавозим мажбуриятлари

Олдинги бўлимда ходимнинг функциялари, ишларининг тури ва алоҳида топшириқларни санаб ўтдингиз. Бунисида уларни бажаришнинг аниқ тартибини белгиланг. Бу ерда ходим риоя этиши шарт бўлган ахлоқий норма ва талабларни ҳам қайд этинг;

4) Ҳуқуқлари

Ходимнинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган ваколатларини ҳамда уларни амалга ошириш тартибини қайд этинг:

  • ходимнинг муайян ахборотни олиш имконияти;
  • ишда зарур бўладиган маълумотларни олиш тартиби;
  • қарорлар қабул қилиш;
  • муайян ҳужжатларни имзолаш;
  • ҳужжатлар расмийлаштирилишини назорат қилиш;
  • тобе ходимларнинг ишини назорат қилиш;
  • меҳнат интизомига риоя этилишини назорат қилиш ва ҳ.к.;

5) Жавобгарлиги

Мажбуриятларни лозим даражада бажармаганлиги, иш берувчига зарар етказганлиги учун ходимнинг жавобгарлик шаклларини (интизомий, моддий) санаб ўтинг.

Оддий ва қисқа – икки хил талқин қилиб бўлмайдиган формулировкалар билан матн тузинг.

Ташкилотда ходимларнинг ишини баҳолаш, жарималар ёки мукофотлаш тўғрисида низомлар бўлса, лавозим йўриқномаларида уларнинг матнини такрорламанг. Фақат ходим ўз ишида санаб ўтилган ҳужжатларга амал қилишини айтиб ўтинг.

Аниқлик майлидаги, ҳозирги замондаги ва учинчи шахсдаги феълларни қўлланг. Масалан: «инспектор бажаради», «бўлим раҳбари ташкил этади», «референт тузади» ва ҳ.к.

Лавозим йўриқномаларини ким ёзиши керак

Йўриқномаларни тайёрлашни қуйидагиларга топширинг:

1) таркибий бўлинмалар раҳбарларига (лавозим мажбуриятларини шакллантирадилар, ўзаро алоқа қилиш ва жавобгарлик зонасини белгилайдилар);

2) кадрлар хизматига (бўлинмалар раҳбарларидан олинган ахборотни бир тизимга солади, лавозим йўриқномаси лойиҳасини расмийлаштиради).

Сўнг тайёр лойиҳаларни юридик хизмат (мавжуд бўлса) ва компания фаолиятининг тегишли йўналишларини бошқарувчи мансабдор шахслар билан келишиш мақсадга мувофиқ. Кейин уларни бўлинмалар раҳбарлари имзолашлари, директор ёки унинг ўринбосари тасдиқлаши керак. Ва ниҳоят, охирги чизги: муҳрингиз бўлса, тайёр ҳужжатни унинг ёрдамида тасдиқланг.

Буйруқ чиқариш керакми

Лавозим йўриқномаларини тасдиқлаш тўғрисида буйруқ чиқариш шарт эмас. Йўриқноманинг ўзида директор ёки бошқа ваколатли мансабдор шахс имзолаган санани кўрсатган ҳолда тасдиқлаш белгиси бўлишининг ўзи кифоя.

Зарурат бўлганда лавозим йўриқномаларини тикиб қўйиб, орқасига директор имзоси (бошқа мансабдор шахс) ва ташкилот муҳрини (мавжуд бўлганда) қўйинг.

Қуйидагилар ўзгарганда йўриқномаларга тузатиш киритинг:

  • меҳнат функциялари;
  • лавозим номи;
  • ташкилот номи;
  • таркибий бўлинма номи ва ҳ.к.

Барча ўзгартиришлар ҳужжатнинг ўзини қабул қилганда бўлганидек тартибда киритилади.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал