2021 йил учун фойда солиғи ҳисоботи МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотларига асосан қандай тўлдирилади

preview

Солиқ тўловчилар 2022 йил 1 мартдан кечиктирмай фойда солиғи бўйича ҳисоботларни топширишлари лозим. МҲХС бўйича ҳисоб юритадиган ва ҳисобот топширадиган корхоналар буни қандай амалга ошириши кераклигини МҲХС бўйича экспертлар ҳамда ElectEx компанияси ҳамкорлари Татьяна НАЗАРОВА ва Андрей БАЙРАШЕВ тушунтириб бердилар:

Эътибор беринг
Экспертларнинг МҲХС бўйича «шпаргалка»лари ва бошқа тушунтиришларини «Тавсиялар – Бухгалтерия ҳисоби – МҲХС» бўлимида ўқинг.

 

Қайси солиқ тўловчилар МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотларига кўра 2021 йил учун фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботини (10205_31) тўлдиришлари лозим

Қуйидагилар 2021 йил 1 январдан бошлаб бухгалтерия ҳисобини МҲХС асосида юритишлари шарт :

  • акциядорлик жамиятлари;
  • тижорат банклари;
  • суғурта ташкилотлари;
  • йирик солиқ тўловчилар;
  • МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда тузадиган бошқа тадбиркорлик субъектлари.

 

МҲХСга ўтган солиқ тўловчилар 2021 йил учун фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклини тўлдиришда МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан нималарга асосланиб фойдаланишлари лозим

Солиқ солиш мақсадларида ҳисоб юритилиши бухгалтерия ҳисоби маълумотларига асосланади . 2021 йил 1 январдан бошлаб МҲХС асосида ҳисоб юритиш мажбурияти юклатилган солиқ тўловчилар учун булар МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотларидир, улар бу ерда ва бу ерда ДСҚ жавоблари билан тасдиқланган.

 

Корхона 2021 йил учун МҲХС бўйича бухгалтерия маълумотларини тайёрлаш мақсадида трансформация усулини қўллаган. У 2021 йил учун фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларини тўлдиришда мазкур маълумотлардан фойдаланиши мумкинми

Фойда солиғини ҳисоблаш учун БҲМС бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотларини МҲХС форматига трансформация усулида ўтказиш орқали олинган маълумотлардан фойдаланишда уларда хатоликлар, ноаниқликлар ва қисқартмалар бўлиши мумкинлигини эътиборга олинг. Агар сиз уларни аниқласангиз ва тузатиш киритсангиз, 2021 йил учун аниқлаштирилган фойда солиғи ҳисоб-китобини (қайта ҳисоб-китобни) топширишингиз талаб этилиши мумкин.

Шунингдек жавобгарлик чораларини қўллаш юзасидан қонунчилик мораторийлари мавжуд эмаслигини ҳисобга олинг. ПҚ-4611-сон қарор қабул қилинганига икки йил бўлди – бу муддат эса ҳисоб юритиладиган асосий меҳнат участкалари бўйича (асосий воситалар, курс фарқлари, таътиллар бўйича мажбуриятлар ва ҳ.к.) МҲХСга асосан бухгалтерия ҳисобини ташкил қилиш учун етарлидир.

 

Фойда солиғини ҳисоблаш мақсадларида МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби маълумотларида аввалги бухгалтерия ҳисоби амалиётига нисбатан қандай асосий фарқлар мавжуд

Фарқлар корхона фаолиятининг ўзи хос жиҳатларига (тармоқ омилларига), амалга ошириладиган операцияларга, МҲХС бўйича ҳисоб сиёсатига ва бошқаларга боғлиқ ҳолда турлича бўлиши мумкин. Бунда 2021 йил учун фойда солиғи ҳисоб-китобига ҳамда кейинги йилларга таъсир кўрсатадиган бир нечта асосий фарқларни мисол қилиб келтириш мумкин (рўйхат тўлиқ эмас):

Ҳисобга олиш объекти

Фарқи

Асосий воситалар

МҲХСга ўтишда объектларни баҳолаш, МҲХСга ўтилган санадан кейин импорт қилинган объектлар бўйича курс фарқлари, захиралар моддасидан қайта таснифлаш ва ҳ.к.

Номоддий активлар

МҲХСга ўтишда объектларни баҳолаш, МҲХСга ўтилган санадан кейин импорт қилинган объектлар бўйича курс фарқлари, келгуси давр харажатлари моддасидан қайта таснифлаш ва ҳ.к.

Чет эл валютасида тўланган ва олинган дастлабки  тўловлар бўйича курс фарқи

Импорт қилинган материаллар, товарлар, асосий воситалар, номоддий активлар ва хизматларни баҳолаш, реализация қилинган маҳсулотлар ва товарлар таннархи, чет эл валютасида (шу жумладан экспорт бўйича) тушум, курс фарқлари бўйича даромад ва харажатлар

Ходимларга бериладиган таътилларга оид мажбуриятлар

Харажатлар тан олиниши

Етказиб берувчилар чегирмалари, шу жумладан импорт етказиб беришлар бўйича

Тан олинган даврлар

Узоқ муддатли контрактлар бўйича тушум

Тушум суммалари ва тушум тан олинган даврлар

 

«Жами даромадлар» ҳисобот шакли (Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илова) қандай тўлдирилади 

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 021026-сатрлари бўйича товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар фаолият турлари кесимида, СКнинг 297-моддаси 8-11-қисмларидаги чекловларни ҳисобга олган ҳолда, МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттирилган суммаларда кўрсатилади.

Хусусан, чет эл валютасида (шу жумладан экспортга) реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича даромад 21-сон МҲХС (IAS)-«Валюта курси ўзгаришлари таъсири» ҳамда 22-сон ХМҲТҚ (IFRIC)-«Чет эл валютасидаги операциялар ва дастлабки тўлов»га мувофиқ тан олинган суммаларда акс эттирилади.

Уларга мувофиқ чет эл валютасида амалга оширилган  дастлабки тушум суммасини аниқлашда  тўлов келиб тушган санадаги чет эл валютасини айирбошлаш курсидан фойдаланилади. Агар дастлабки тўлов бир неча босқичда келиб тушган бўлса, ҳар бир операция учун сана ва тегишли айирбошлаш курси ҳисобга олиниши лозим.

Бу Фойда солиғи ҳисоб-китобига 5-«Ноль ставка қўлланиладиган солиқ тўловчилар фойдаси» иловасининг 016-«Товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган даромад» сатрини тўлдиришга ҳам тааллуқлидир.

 

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 050-сатрида асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромад МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттирилган суммаларда, СКнинг 298-моддаси 2-қисмидаги (29.12.2021 йилдаги ЎРҚ-741-сон Қонун таҳририда) талабларни ҳисобга олган ҳолда кўрсатилади.

Хусусан, чиқиб кетаётган асосий воситалар объектларининг қолдиқ қиймати (бошланғич (қайта баҳоланган) қийматидан жамғарилган амортизация ва арзонлашишидан кўрилган зарар суммалари чегирилган ҳолда) 16-сон МҲХС (IAS) «Асосий воситалар»га мувофиқ аниқланиши лозим. Бунда АВнинг чиқиб кетишидан молиявий натижани (фойда ёки зарарни) аниқлашда қуйидагилар даромад таркибига киритилади:

  • илгари қайта баҳоланган асосий воситаларни қўшимча баҳолаш суммаси;
  • АВни аввалги қўшимча баҳолаш суммаларининг ушбу АВнинг аввалги нарх пасайиши (МҲХСга ўтишгача жамғарилган ҳамда МҲХСга ўтишда ва ўтгандан кейин ҳосил бўлган) суммасидан ошиши.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 130-сатрида ижобий курс фарқи 21-сон МҲХС (IAS)-«Валюта курслари ўзгаришлари таъсири» ҳамда 22-сон ХМҲТҚ (IFRIC)-«Чет эл валютасидаги операциялар ва дастлабки тўлов»га мувофиқ бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттирилган суммаларда кўрсатилади.

Хусусан, дастлаб чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг номонетар (нопул) моддалари бўйича курс фарқи юзага келмайди. Масалан, харидорлардан олинган дастлабки тўлов ҳамда етказиб берувчилар томонидан тўланган дастлабки тўловлар.

 

«Харажатлар» ҳисоботи шакли (Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илова) қандай тўлдирилади 

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 020120-сатрларида қуйидагилар акс эттирилади:

  • сотилган товарлар (хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар;
  • сотиш харажатлари;
  • маъмурий харажатлар;
  • молиявий фаолият бўйича харажатлар;
  • бошқа харажатлар (зарарлар). 

Ушбу харажатлар СКнинг 305-моддаси 9, 10, 13 ва 14-бандларидаги чекловларни ҳисобга олган ҳолда, МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттирилган суммаларда кўрсатилади.

Ушбу сатрлар маълумотлари бўйича суммалар кейинчалик Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0101–0134-сатрларидаги харажатлар турлари бўйича расшифровка қилинади.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0101-сатрида сарфланган хом ашё ва материаллар (0102, 0103-сатрлардан ташқари) 2-сон МҲХС (IAS)-«Захиралар» ва бошқа қўлланиладиган МҲХСларга мувофиқ бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттирилган суммаларда, юқорида айтиб ўтилган СКнинг 305-моддасидаги чекловларни ҳисобга олган ҳолда акс эттирилади.

Хусусан, ишлаб чиқаришда ва хизматларни тақдим этишда фойдаланилган импорт хом ашё ва материалларнинг таннархи 21-сон МҲХС (IAS)-«Валюта курслари ўзгаришлари таъсири» ҳамда 22-сон ХМҲТҚ (IFRIC)-«Чет эл валютасидаги операциялар ва дастлабки тўлов»га мувофиқ тан олинган суммаларда акс эттирилиши лозим. Уларга мувофиқ чет эл валютасида дастлабки тўлов тўланган, харид қилинган активларнинг таннархини аниқлашда дастлабки тўлов амалга оширилган санадаги чет эл валютасини айирбошлаш курсидан фойдаланилади. Агар дастлабки тўлов бир неча босқичда келиб тушган бўлса, ҳар бир операция учун сана ва тегишли айирбошлаш курси ҳисобга олиниши лозим.

Шунингдек, 2-сон МҲХС (IAS) 11-бандига мувофиқ савдо чегирмалари, арзон қилиб сотишлар ва шунга ўхшаш моддалар захираларни харид қилиш учун харажатларни аниқлашда чегириб ташланиши лозим.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0107-сатрини тўлдиришда қайта сотиш учун олинган товарларнинг харид қийматини акс эттириш учун ҳам шундай тартиб қўлланилади.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0105-сатрида меҳнатга ҳақ тўлашга оид харажатлар ва ижтимоий солиқ МҲХСга мувофиқ бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттирилган суммаларда, юқорида айтиб ўтилган СКнинг 305-моддасидаги чекловларни ҳисобга олган ҳолда, кўрсатилади.

Хусусан, ходимларнинг таътиллари бўйича мажбуриятларга оид харажатлар 19-сон МҲХС (IAS)-«Ходимларга рағбатлантирувчи тўловлар»га (ижтимоий солиқни ҳисобга олмаган ҳолда) мувофиқ тан олинган суммаларда акс эттирилиши лозим. Бу ҳақда батафсил бу ерда баён этилган.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0106-сатрида асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттирилган асосий воситалар ва номоддий активлар объектларининг бошланғич (қайта баҳоланган) қийматига асосланган суммаларда кўрсатилади. Бунда қуйидагилардан фойдаланилиши лозим:

  • СКнинг 306-моддасига (29.12.2021 йилдаги ЎРҚ-741-сон Қонун таҳририда) мувофиқ асосий воситалар учун чекланган амортизация нормалари;
  • СКнинг 307-моддасига (29.12.2021 йилдаги ЎРҚ-741-сон Қонун таҳририда) мувофиқ номоддий активлар учун фойдали фойдаланиш муддатлари;
  • СКнинг 308-моддасига (29.12.2021 йилдаги ЎРҚ-741-сон Қонун таҳририда) мувофиқ инвестициявий чегирмалар.

Хусусан, асосий воситалар объектларининг бошланғич қиймати сифатида 16-сон МҲХСга (IAS) мувофиқ тан олинган суммалар, 1-сон МҲХС (IFRS)-«Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларининг биринчи қўлланилиши»га мувофиқ МҲХСга ўтилган санадаги баҳолашга танланган ёндашувни ҳисобга олган ҳолда, қўлланилиши лозим. Ушбу масала юзасидан ElectEx  сўровига ДСҚ жавобига  қаранг.

Эътибор беринг
38-сон МҲХС (IAS)-«Номоддий активлар» талаблари тан олиш мезонлари қисмида аввалги бухгалтерия ҳисоби амалиётидан анча фарқ қилади. Хусусан, мутлақ ҳуқуқлар 38-сон МҲХС (IAS) бўйича номоддий активлар объектлари бўлиши мумкин.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0115-сатрида салбий курс фарқи 21-сон МҲХС (IAS)-«Валюта курслари ўзгаришлари таъсири» ҳамда 22-сон ХМҲТҚ (IFRIC)-«Чет эл валютасидаги операциялар ва дастлабки тўлов»га мувофиқ суммаларда акс эттирилади.

Хусусан, дастлаб чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг номонетар (нопул) моддалари бўйича курс фарқи юзага келмайди. Масалан, харидорлардан олинган дастлабки тўлов ҳамда етказиб берувчилар томонидан тўланган дастлабки тўловлар.

Юқорида кўриб чиқилган масалалардан ташқари корхона фаолиятининг ўзига хос жиҳатларига ҳамда амалга ошириладиган операцияларга боғлиқ бўлган бошқа масалалар ҳам мавжуд. Улар фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш мақсадларида МҲХС қўлланилиши ва СК талаблари чуқур таҳлил қилиниши талаб этилади".