Маркетплейс тўловни бошқа маркетплейс орқали қабул қилса, ким чек бериши керак?

preview

2022 йил 13 июндан бошлаб “Cолиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши таъминланмаганлиги” учун реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жаримани назарда тутувчи СКнинг 2271-моддаси кучга кирди. Ушбу норма буюртмаларни сайтлар ва мобиль иловалари орқали қабул қиладиган тадбиркорлик субъектларига дахл қилади. Бунда саволлар туғилади: агар савдо майдонининг ўзи ва у орқали тўлов қабул қилинадиган тўлов тизими маркетплейс сифатида интеграция қилинган бўлса, айнан ким фискал чекни бериши керак.

Вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:

 

- Кўп компанияларда Интернетда ўз  сайтлари ва улар ўз маҳсулотлари ёки хизматларига у орқали тўловни қабул қиладиган мобиль иловалари мавжуд. Мижозлар товарлар (хизматлар)ни олишда буюртмага нақд пул тўлашлари ёки Click, PayMe ва ҳоказо тўлов тизимлари орқали - олдиндан тўлов билан ҳақ тўлашлари мумкин.

Агар компания ўз сайти ва мобиль иловасини интеграция қилмаган бўлса, солиқ текшируви натижалари бўйича унга СКнинг 2271-моддасига биноан жарима солишлари мумкин. Бунда солиқчилар интеграция 04.10.2021 йилдаги ПҚ-5252-сон қарорнинг 5-бандига мувофиқ ўтказилган бўлиши кераклигини таъкидлашади.

ПҚ-5252-сон қарорнинг 5-бандига асосан 2022 йил 1 февралдан бошлаб электрон тўлов хизматлари (шу жумладан мобиль иловалар орқали) ёрдамида масофадан туриб амалга оширилган савдо ва пуллик хизматлар бўйича транзакцияларнинг ("P2P", кредит тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида солиқ органлари ахборотлар тизимларига интеграциялашган ва автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби маркетплейсга ҳам татбиқ этилади.

Маркетплейс - бу оператор тизимига боғланиш имкониятига эга бўлган, операторга тақдим қилган чек маълумотлари асосида онлайн режимда фискал белгиларни қабул қилувчи, чекларни электрон шаклда харидорларга юбориш функциясига эга бўлган техника воситаларидан, ахборот технологияларидан ва ахборот тизимлари хизматларидан фойдаланган ҳолда электрон тўлов ҳужжатлари воситасида нақд ёки нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш тизими .

Харидор ишлаб чиқарувчининг сайтида хизмат ёки товарни буюртма қилди деб фараз қилайлик. Унга фискал чекни учта турли усулда бериш мумкин:

1) онлайн-НКМ ёки виртуал касса ёрдамида (товарни етказиб беришда, хизматлар кўрсатишда);

2) агар мижоз у орқали ҳисоблашса, тўлов тизимларидан (Click, PayME ва ҳоказо);

3) чек сайтнинг ўзи ёки мобиль илова билан шакллантирилиши мумкин, агар улар солиқ органларининг ахборот тизимларига интеграция қилинган бўлса.

Шубҳасиз - битта харид учун фақат битта фискал чек берилиши мумкин. Иккита ва ундан ортиқ чеклар солиқ ҳисоботларига тушганда ушбу сотиш бўйича маълумотларни бузиб кўрсатади.

Бироқ ушбу чек қай тарзда берилишини ким белгилайди? Агар - ишлаб чиқарувчининг ўзи белгиласа, у солиқ органлари ва харидорни у томондан қўлланилаётган фискал чекни шакллантириш ва фискал чек бериш тизими ҳақида қандай хабардор қилиши керак?

Мен ўз мижозларимга вазият ойдинлашгунга қадар - тўлов тизимлари орқали сотишни вақтинча тўхтатиб туришни тавсия қиламан. Шунингдек:

1) “Yangi texnologiyalar” ИАМга ресурсларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилишни сўраб ариза бериш (агар ҳали бу амалга оширилмаган бўлса). “Yangi texnologiyalar” ИАМ мутахассисларининг тушунтиришича, агар маркетплейс техник жиҳатдан фискал маълумотлар операторининг талабларига жавоб берса, интеграция қилиш тез кечади. Агарда сизга ресурсингиз маркетплейс ҳисобланмайди дейишса, сизга ёзма жавоб беришларини ва интеграция қилишни рад этиш сабабини кўрсатишларини сўранг.

2) Ҳар қандай ҳолатда харидорларга ҳар бир харид учун фискал чек беринг.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади