Соддалаштирилган ҚҚС – «ўрта» бизнес учун янги солиқ

preview

 

Солиқ кодекси 401-боб билан тўлдирилди, бу билан қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг янги, соддалаштирилган тартиби жорий этилмоқда (24.12.2018 йилдаги ЎРҚ-508 -сон Қонунга қаранг).  

 

2018 йилда ялпи тушуми уч миллиард сўмдан ошмаган юридик шахслар 2019 йилда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини (бундан кейин – соддалаштирилган ҚҚС) танлаш ҳуқуқига эга.

 

Соддалаштирилган ҚҚСни тўлаш учун мазкур юридик шахслар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига 2019 йил 1 февралгача ёзма хабарнома тақдим этишлари шарт. Соддалаштирилган ҚҚСни 1 январдан тўлайдилар.

 

Соддалаштирилган ҚҚС қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг умумий тартибидан нимаси билан фарқланади

 

Соддалаштирилган ҚҚСнинг умумий тартибдан (умумий ҚҚС) асосий фарқи қуйидагиларда акс этади:

 

 

Соддалаштирилган ҚҚС

Умумий ҚҚС

Товарлар, ишлар, хизматларни етказиб берувчиларга тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш имконияти

Бюджет билан ҳисоб-китобларда «кирувчи» ҚҚС ҳисобга олинмайди

Бюджет билан ҳисоб-китобларда «кирувчи» ҚҚС ҳисобга олинади

Солиқ ставкалари

 

Фаолият турларига қараб фарқланган ставкалар – 4%дан 15%гача

Барча соҳалар учун ягона ставка – 20%

 

Шу тариқа, соддалаштирилган ҚҚС – ҳақиқатда илгари ЯСТ тўловчилар тўлаган айланмадан солиқ. Фарқи шундаки, ЯСТ корхона ҳисобидан тўланади, соддалаштирилган ҚҚС эса товарлар, ишлар ва хизматлар қийматига устама сифатида харидорга тақдим этилади.  

 

Соддалаштирилган ҚҚС бир вақтнинг ўзида иккита вазифани ҳал этади:

 

  • бир йилдаги ялпи тушуми 3 млрд сўмдан ошмаган субъектлар уни ҳисоблаб чиқариши ва тўлашини осонлаштиради;
  • бузилишлар билан бўлса-да, мамлакат иқтисодиётида қўшилган қийматни яратувчи занжирлар фаолият юритишига имкон беради.

 

Соддалаштирилган ҚҚС тўловчиси нима қилмоғи керак

 

Соддалаштирилган ҚҚСни қўллаётган солиқ тўловчилар товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи шахсга қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммасини кўрсатган ҳолда ҳисобварақ-фактура тақдим этишлари шарт. Ушбу ҳисобварақ-фактура қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг умумбелгиланган тартибини қўллаётган солиқ тўловчи солиқни ҳисобга олиши учун асос бўлади.

 

Импорт операциялари ва норезидентларнинг солиқ солинадиган оборотлари бўйича соддалаштирилган ҚҚС тўловчилар 20%лик ставкада солиқ тўлайдилар.

 

Соддалаштирилган ҚҚС учун солиқ даври календарь йил, ҳисобот даври бир ой ҳисобланади.

 

Соддалаштирилган ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш тартибининг қолган жиҳатлари қўшилган қиймат солиғининг умумий тизимидагига ўхшаш.

 

Соддалаштирилган ҚҚСнинг фарқланган ставкалари

 

Соддалаштирилган ҚҚС ставкалари фаолият турларига қараб фарқланади:

 

Тўловчилар

Солиқ ставкалари солиқ солинадиган базага нисбатан %да

1

Иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги юридик шахслар, 2 – 6-бандларда назарда тутилганлар бундан мустасно

7

2

Қурилиш ташкилотлари

8

3

Чакана, улгуржи, шунингдек улгуржи-чакана савдони амалга оширадиган савдо корхоналари

6

4

Умумий овқатланиш, меҳмонхона хўжалиги корхоналари

10

5

Касбий хизматлар кўрсатадиган юридик шахслар (аудиторлик хизматлари, солиқ маслаҳати хизматлари, консалтинг хизматлари, брокерлик хизматлари ва бошқалар)

15

6

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қиладиган юридик шахслар, ўзининг ишлаб чиқариш маҳсулотлари бундан мустасно

4

 

Кўп корхоналар бир нечта фаолият тури билан шуғулланадилар. Агар улар бўйича соддалаштирилган ҚҚСнинг турли ставкалари белгиланган бўлса, ушбу корхоналар алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ва солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича солиқ тўлашлари керак.

 

Солиқ ҳисоб-китобларини тақдим этиш ва тўлаш тартиби

 

Соддалаштирилган ҚҚС бўйича ҳисоб-китобни солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тақдим этиш лозим. Йил якунлари бўйича ҳисоб-китоб йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

 

Соддалаштирилган ҚҚС ҳисоб-китоби билан бир вақтда солиқ даври мобайнида реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестрини тақдим этиш зарур. Ҳисобварақ-фактура шакли, уни тўлдириш тартиби, шунингдек ҳисобварақ-фактуралар реестрини юритиш шакли ва тартиби ДСҚ ва Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

 

Соддалаштирилган ҚҚС ҳисоб-китобни тақдим этиш учун белгиланган кундан кечиктирмай тўланиши лозим.

 

Қонун “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ва 1.01.2019 йилдан кучга киради.

 

«Norma» профессионал ривожланиш марказида А. Тошхўжаева ўтказадиган семинарда солиқ қонунчилигидаги ўзгартиришлар билан яқиндан танишишингиз мумкин.