Солиқ тўловчи хато қилишга ҳақли

preview

Солиқ маслаҳатчилари палатаси 2019 йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгартиришлар ва солиқ назорати билан боғлиқ муаммоли масалалар бўйича семинар ўтказди. Солиқ маслаҳатчиларидан ташқари корхоналар бухгалтерлари ва раҳбарлари ҳам бўлган тингловчиларнинг саволларига Давлат солиқ қўмитаси вакиллари ва Палатанинг етакчи мутахассислари жавоб бердилар. 

 

ДСҚ услубият бошқармаси бошлиғи Азиз Ҳошимов Солиқ кодексининг умумий қисмига киритилган асосий ўзгартиришлар ҳақида гапириб берди. Ушбу ўзгартиришлар асосан хўжалик юритувчи субъектларда текшириш ўтказилишига тааллуқли. Унинг таъкидлашича, энди текширувлар якунларига кўра солиқларни қўшимча ҳисоблашга эмас, балки солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасига кўпроқ эътибор қаратилади. Солиқлар қўшимча ҳисоблангунига ва маъмурий жазо чоралари қўлланилгунига қадар солиқ тўловчи хатони тузатиш ҳуқуқига эга бўлади. Масалан, хронометраж ўтказилганда учта босқичда: хронометраж якунларига кўра, Талабномага жавобан ва, ниҳоят, иш шунгача етиб борса, судда вазиятни ўнглаш мумкин бўлади.

 

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора Эргашева солиқ солишдаги асосий ўзгартиришлар ва хўжалик юритувчи субъектларда юзага келган саволлар ҳақида гапириб берди. Унинг ҳамкасби Ирина Подольская эса 2018 йилда қабул қилинган, бироқ аксарият солиқ тўловчилар амалиётда эътибордан четда қолдирган норматив ҳужжатлар – Президент қарорлари ва фармонлари ҳақида эслатди. Хусусан, ички туризм бўйича имтиёзлар ва ёш ходимларга берилган имтиёзларнинг бекор қилиниши улар сирасига киради.

 

Мунозара давомида УФда давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ташкил этилган корхоналарнинг ЯИТ ставкасини қўллаши масаласи кўтарилди. Ирина Подольская қайд этганидек, нормани тўғридан-тўғри тушуниш керак: 1) бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари; 2) шуъба корхоналар; 3) УФнинг 50%и ва ундан кўпроқ қисми давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар учун норма амал қилади. Учинчи ўринда саналган юридик шахслар томонидан таъсис этилган юридик шахсларга эса татбиқ этилмайди. 

 

Шунингдек семинар иштирокчилари лизинг компаниялари муаммоларига, бошқа даромадлар бўйича соддалаштирилган ҚҚС ставкасини қўллашдаги ноаниқликларга, Солиқ кодексида кўчмас мулкка таъриф берилмаганлигига ҳамда бошқа муҳим масалаларга эътибор қаратдилар.

 

Семинарда ДСҚнинг бир гуруҳ мутахассислари ҳозир бўлиб, камчиликларни бартараф этиш ва солиқ қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан солиқ маслаҳатчилари берган саволлар ва таклифларни ёзиб олдилар. 

 

Ольга Бусарова.

 


Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text147877_soliq_tulovchi_hato_qilishga_haqli