Полезное для бухгалтера в декабре:
Фойда солиғи бўйича пеня солинмаслиги учун нима қилиш керак
9 апрель – фойда солиғини тўловчилар учун ҳисоб-китоб қилиш ва жорий йилнинг II чораги учун Жорий тўловлар бўйича маълумотномани тақдим этишнинг сўнгги куни.
Чоракда тахмин қилинаётган солиқ солинадиган фойда 200 ЭКИҲдан (40 546 000 сўм) кўп ёки унга тенг бўлса, прогноз қилинаётган фойда солиғи суммасининг 1/3 қисми миқдорида тенг улушларда тўлаш зарур. Буни 10 апрель, 10 май, 10 июндан кечиктирмай амалга ошириш лозим.
Жорий йилнинг II чорагида тахмин қилинаётган фойда солиғи суммасини шундай аниқлаш зарурки, унинг ҳақиқий миқдори Маълумотномада кўрсатилганидан 10%дан кўп чиқмасин. Акс ҳолда пеня тўлашга тўғри келади.
Бухгалтернинг «прогноз қилинаётган» фаолияти учта сценарийсини кўриб чиқамиз.
Биринчи сценарий. Фойда солиғининг ҳақиқий суммаси прогноз қилинганидан кам бўлиб чиқди. Ижобий томони – солиқ ортиқча тўланган, солиқчилар билан муаммолар ҳам, пеня ҳам юзага келмайди. Салбий томони – кўпроқ прогноз қилдингизми, тегишинча, кўпроқ тўлайсиз, бу директорга хуш келмаслиги тайин. Бироқ бу сценарий бухгалтерга қўл келади. У «инсофсиз» солиқ тўловчилар рўйхатига тушиб қолиш хавфини камайтиради. Далилга кўра II чорак якунлари бўйича (25 июлдан кечиктирмай) Ҳисоб-китобни топшириш керак бўлганда корхонада фойда солиғи ортиқча тўланган бўлиб чиқади. У III чоракка ўтади, пул беиз йўқолмайди.
Иккинчи сценарий. Бухгалтер – «экстрасенс». Бизнеснинг рентабеллик даражасини, қанча тушум олиш тахмин қилинаётганлигини шунчалик яхши биладики, уч ой олдин фойда солиғи суммасини аниқ ҳисоблаб чиқаради. Бу сумма шунчалик аниқ бўладики, ҳақиқий фойданинг 10%идан ошмайди. Бу ҳолда у II чорак учун бирмунча фарқланувчи ҳақиқий ҳисоботни топширади. Ушбу фарқ қўшимча ҳисобга олинади, бироқ пеня ундирилмайди. Солиқчиларнинг дастури шундай созланганки, у ушбу 10%лик чегарани кўради. Хато 10%дан ошмаса, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди.
Учинчи сценарий. Бухгалтер хато қилди. Ёки II чоракда режалаштирилмаган катта битимлар тузилди. Маълумотномада муайян фойда миқдори акс эттирилган, унинг асосида жорий тўловлар тўланади. Бироқ далилга кўра у кўпаяди, кўпайганда ҳам 10%дан ортиқ бўлиб чиқади. Ҳисоб-китоб қилинган фойда камайтириб кўрсатилганлиги Ҳисоб-китоб топширилганидан кейин маълум бўлади. Фарқ шахсий счёт карточкасида 10 апрелда, 10 майда ва 10 июнда тенг улушларда акс эттирилади, пеня юзага келади.
Бу энг номақбул сценарий, сабаби жорий тўловларни тўлиқ тўламаган корхона:
- пеня тўлайди. Бу йил у кунига 0,045%гача, ёки йиллик 16,4%гача ошди;
- солиқларни ўз вақтида тўламайдиган инсофсиз солиқ тўловчига айланади. Бу кейинчалик солиқ органи субъектни таваккалчиликни таҳлил этиш натижалари бўйича мавзули экспресс-ўрганишлар тайинланадиган ёки солиқ текширувлари ўтказиладиган корхоналар рўйхатига киритиш ҳақида қарор қабул қилишига олиб келиши мумкин.
Бироқ бунда ҳам, учинчи сценарий доирасида, суғурталанишни кўзлаб, Маълумотномада акс эттирилганидан кўпроқ солиқни аванс тариқасида тўлаш мумкин. Бу ҳолда пеня ундирилмайди.
Қайси сценарий афзал? Иккинчиси, албатта.
Тахмин қилинаётган фойдани аниқроқ ҳисоблаб чиқиш учун бухгалтер режалаштирувчи ва таҳлилчи ҳам бўлишига тўғри келади, хусусан:
- I чоракдаги ёки ўтган йиллардаги фойда миқдорини асос сифатида олиши;
- корхонанинг ҳамда шунга ўхшаш соҳа корхоналарининг рентабеллик даражасини ўрганиши;
- бизнеснинг мавсумийлиги, тузилган шартномалар сони, сотиш прогнозлари ва бошқалардан келиб чиққан ҳолда II чоракдаги тушумнинг (фойданинг) эҳтимолий динамикасини прогнозлаштириши мумкин.
Билимдон бухгалтер ушбу ҳисоб-китоблар қанчалик муҳим эканлигини директорга уқтира олади ва корхонанинг бошқа хизматларидан зарур маълумотларни олади.
Гулнора Эргашева, солиқ маслаҳатчиси, «Imperial School» НТМ ўқитувчиси.