Полезное для бухгалтера в декабре:
Судгача солиқ низолари қандай кўриб чиқилади
Молия вазирлиги ва ДСҚнинг қўшма қарори (12.04.2019 йилда 3150-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши (бундан кейин – Кенгаш) томонидан солиқ низоларини кўриб чиқиш регламенти тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Кенгаш солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасида юзага келадиган низоларни кўриб чиқиш ҳамда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашда низоли масалалар юзасидан хулосалар чиқариш учун ташкил этилган. Бунда ДСҚнинг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси томонидан аввал кўриб чиқилган, у аризачини қониқтирмаган ёки қисман қониқтирган низоларгина қабул қилинади (26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон қарорга қаранг).
Кенгаш солиқ солиш объектларини аниқлаш, солиқ солинадиган базани ҳисоблаш, солиқ ставкалари ва солиқ имтиёзларини қўллаш билан боғлиқ келишмовчиликларни кўриб чиқиши мумкин. Бошқа жиҳатлар, шунингдек Кенгаш ваколатига кирмайдиган низоларнинг турлари ҳақида – бу ерда.
ҚҲТБТ порталида Солиқ низоларини судгача кўриб чиқиш механизмини белгиловчи регламент лойиҳаси муҳокама қилинган эди. Унинг шарҳида асосий жиҳатлар: Кенгашга мурожаат қилиш тартиби, тақдим этиладиган ҳужжатлар пакети, уларнинг кўриб чиқилиши ва бошқа жиҳатларни ёритганмиз.
Ҳужжатнинг тасдиқланган таҳририда аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати сезиларли даражада: 6 тадан 2 тагача қисқарган. Шу тариқа, тасдиқланган шаклдаги ариза билан бирга Кенгашга қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиш зарур:
- солиқ тўловчини қониқтирмаган ёки қисман қониқтирган Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси хулосаси;
- ариза солиқ агенти ёки вакил томонидан тақдим этилганда уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.
Аризачи ўз хоҳишига кўра солиқ низоси масаласига алоқадор бўлган бошқа ҳужжатларнинг нусхаларини ҳам илова қилиши мумкин.
Ҳужжатларни ўрганиш, солиқ низосининг ўзини кўриб чиқиш тартиб-таомили, унинг муддатлари ўзгартиришларсиз тасдиқланган.
Шу билан бирга, қабул қилинган ҳужжат билан Кенгаш мажлисларини ўтказиш даврийлиги бир ойда камида 1 маротаба ўрнига 2 маротаба этиб белгиланган, кўриб чиқилган низо бўйича Кенгашнинг хулосасини тарафларга юбориш муддати эса тасдиқланган пайтдан бошлаб 1 иш кунигача қисқартирилган (лойиҳага кўра – 2 иш куни мобайнида).
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.04.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.