Кимлар фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлайди

preview

2018 йилда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бекор қилинди. Фойда солиғи ёки ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш кўринишидаги вақтинчалик имтиёзларга эга бўлган корхоналар фойда солиғини имтиёзлар амал қилиш муддати тугагунча икки баравар пасайтирилган ставкада тўлайдилар (29.12.2017 йилдаги ПҚ–3454-сон қарорга 7-иловага изоҳ). Ушбу тартиб 2019 йилда ҳам сақланиб қолди (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорнинг 4-банди).

 

Унинг қўлланилиши бир қатор саволларни юзага келтирди:

1. Иккала солиқдан (фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи) тўлиқ озод қилиш кўринишидаги имтиёзлар берилган корхоналар фойда солиғини икки баравар пасайтирилган ставкада тўлашлари керакми? 

Йўқ, керак эмас.

Фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлаш тартиби иккала солиқдан бири: фойда солиғи ёки ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича имтиёз берилган корхоналаргагина татбиқ этилади.

Мисол

Мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда барча турдаги солиқларни тўлашдан озод қилинган (15.09.2017 йилдаги ПҚ–3276-сон қарорнинг 8-банди). Шу жумладан улар фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғидан озод қилинган.

Имтиёз, бошқалари қатори, иккала солиққа татбиқ этилиши сабабли мазкур юридик шахслар 2021 йил 1 январгача фойда солиғини тўламайдилар.

2. 2018 йилда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бекор қилинганлиги муносабати билан у солиқ имтиёзлари берган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнидан чиқариб ташланган. Бу иккала солиқ бўйича имтиёз олган корхоналар фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўлашлари кераклигини англатадими?  

Йўқ, керак эмас.

Имтиёзлар берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бундай ўзгартиришлар айнан 2018 йилдан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бекор қилинганлиги муносабати билан киритилган. 

2018 йилда ўзгартиришлар киритилган ҳуқуқий ҳужжатлар асосида иккала солиқ бўйича имтиёзни 2018 йилгача қўллай бошлаган корхоналар имтиёзлар амал қилиш муддати тугагунча фойда солиғини тўламайдилар. 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиришлар киритилгандан кейин имтиёзни қўллаган корхоналар ҳам фойда солиғини тўламайдилар.

Мисол

Президентнинг 26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармонига мувофиқ эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бўлган корхоналар бир неча турдаги солиқлар ва тўловларни тўлашдан озод қилинган эди. Фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳам улар жумласига киради. Имтиёзлар  киритилган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йил муддатгача берилади.  

Президентнинг 04.04.2018 йилдаги ПФ–5398-сон Фармонига мувофиқ ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бекор қилинганлиги муносабати билан ПФ–4853-сон Фармондаги солиқларнинг имтиёзли рўйхатидан чиқариб ташланди. Шунга қарамай, ЭИЗ корхоналари фойда солиғи бўйича имтиёзни қачон – 2018 йилгача ёки ундан кейин қўллай бошлаганларидан қатъи назар, унга доир имтиёзни қўллашга ҳақлидирлар. Фойда солиғидан тўлиқ озод қилиш кўринишидаги имтиёз унинг амал қилиш муддати тугагунча қўлланади. 

ЭИЗни ривожлантиришга камида 10 млн долларлик ҳажмдаги инвестицияларга эга бўлган корхоналар сўнгги 5 йил давомида 50%га камайтирилган фойда солиғи ставкасини қўллаган ҳолда 10 йил давомида имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин. Масалан, 10 йил муддатга берилган имтиёзларга эга бўлган корхона улардан 2017 йилдан бошлаб фойдалана бошлади. Корхона 2027 йилгача фойда солиғини тўламайди. 2027 йилдан 2031 йилгача корхона фойда солиғини икки баравар пасайтирилган ставкада тўлаш ҳуқуқига эга.      

Бироқ фойда солиғи ставкасининг бундай пасайтирилиши ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бекор қилиниши билан боғлиқ эмас, сабаби бошқа ҳужжат – 26.10.2016 йилдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–4853-сон Фармон билан белгиланган.

3. Фойда солиғидан тўлиқ озод қилиш кўринишидаги имтиёзларга эга бўлган норезидент корхоналар солиқни пасайтирилган ставкада тўлашлари керакми?

Йўқ, керак эмас.

Норезидент корхоналар ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи мавжуд бўлган даврда унинг тўловчиси ҳисобланмаган. Шу сабабли фойда солиғи бўйича муайян муддатга имтиёз олгач, улар имтиёзнинг амал қилиш муддати тугагунча уни тўламасликлари мумкин.

Мисол

Қурилиш даврида, шунингдек енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича объектни фойдаланишга топшириш санасидан бошлаб 10 йил мобайнида «UzPCA» МЧЖга хизмат кўрсатаётган Ўзбекистон норезидентлари бўлган юридик шахслар кўрсатаётган хизматлар бўйича даромад солиғидан озод этилган (13.06.2017 йилдаги ПҚ–3053-сон қарорнинг 12-банди). 

Улар фойда солиғини пасайтирилган ставкада тўламайдилар, сабаби 2018 йилгача ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг тўловчилари ҳисобланмаганлар.

 

Наталья Меметова.

Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /ru/publish/doc/text150028_kimlar_foyda_soligini_pasaytirilgan_stavkada_tulaydi