ДСҚнинг ҚҚСни ҳисобга олиш тўғрисида кўрсатма берилган хатига қандай жавоб бериш лозим

preview

Бухгалтерлар камерал назорат якунларига кўра нафақат солиқ органлари жўнатган талабномаларга, балки ДСИ кўрсатма берган хатларга ҳам жавоб беришларига тўғри келади. Buxgalter.uz намунавий жавобларни чоп этиб, бухгалтерларга ёрдам бермоқда. Улар тажрибаси билан ўртоқлашмоқчи бўлган бош бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, бошқа мутахассислар томонидан тайёрланган. Сиз ҳам шундай қилишингиз мумкин – вазият тавсифи ва жавобларни talabnoma@buxgalter.uz почтасига йўлланг. Бир-биримизга ёрдам берайлик!

Вазият: Ташкилот ДСҚнинг 15.04.2019 йилдаги 20-11334-сон кўрсатмасига мувофиқ фақат 2018 йил мобайнида келиб тушган товар-моддий бойликлар бўйича 01.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра ТМБ қолдиқларига доир ҚҚСни ҳисобга олиши кераклиги ҳақида ДСИдан билдиришнома хат олди.    

Ташкилотнинг позицияси:  

Корхона илгари тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланди. У Солиқ кодексининг 222-моддасига мувофиқ тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа ҳужжатлар асосида умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиш санасида корхона балансида қайд этилган қуйидагиларнинг қолдиқлари бўйича ҚҚСни ҳисобга олган:

  • товар-моддий захиралар;
  • узоқ муддатли активлар (2019 йил 1 январгача харид қилинган асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлардан ташқари).

Корхона умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган пайтдан бошлаб юқорида санаб ўтилган товар-моддий захиралар ва узоқ муддатли активлар қолдиқлари бўйича, шунингдек тайёр маҳсулотлар қолдиқлари бўйича ҚҚС тўғри ҳисобга олинган деб ҳисоблайди.  

ДСИнинг кўрсатма берувчи хатига жавоб хати намунаси

«___» ________ 2019 йилдаги ___-сон билдиришномага жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Солиқ кодексининг 218-моддасига (бундан кейин – Солиқ кодекси) мувофиқ корхонамиз умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиш чоғида товар-моддий захиралар, узоқ муддатли активларнинг қолдиқлари бўйича (2019 йил 1 январгача харид қилинган асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлардан ташқари) ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланган.  

Шунингдек ҳисобга олиш (солиқ солинадиган оборот юзасидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммасини камайтириш) ҳуқуқини амалга ошириш чоғида ҳуқуқимизни чекловчи мезон – Солиқ кодексининг 38-моддасида кўрсатилган солиқ мажбуриятлари бўйича даъво қилиш муддатига амал қилдик. Ушбу моддада кўрсатилишича, «солиқ тўловчи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олишни ёки қайтаришни талаб қилишга ҳақли».  

Умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиш чоғида солиқ тўловчининг ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини амалга ошириш учун товар-моддий захиралар, узоқ муддатли активларни (2019 йил 1 январгача харид қилинган асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлардан ташқари) етказиб бериш (тайёрлаш) муддатини белгилаш юзасидан Солиқ кодексида бошқа чекловлар назарда тутилмаган.

Солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ бўлиши кераклиги кўрсатилган Солиқ кодексининг 2-моддасига амал қилиб, бизга йўлланган ДСҚнинг 2019 йил 15 апрелдаги 20-11334-сон кўрсатмаси Солиқ кодексининг 218-моддаси талабларига мувофиқ келмайди деб ҳисоблаймиз.    

Бинобарин, умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган пайтдан бошлаб  ва Солиқ кодексининг 38 ва 218-моддалари талабларини ҳисобга олган ҳолда товар-моддий захиралар, узоқ муддатли активлар қолдиқларини (2019 йил 1 январгача харид қилинган асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлардан ташқари) ҳисобга олиб, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ иш тутганмиз деб ҳисоблаймиз.

Ҳурмат билан,

корхона директори                                                  _______________________ (Ф.И.О.)

 

Хат намунасини «ElectEx» консалтинг компанияси директори

Татьяна Назарова тайёрлади.