Янгиликлар

Солиқ имтиёзлари сайёҳлар оқимининг ўсишига замин яратади

22.05.2019

Туризм халқаро хизматлар тармоғининг йирик ва жадал тармоғи сифатида иқтисодиётнинг барқарор ривожланаётган секторига айланди. 2018 йилда жаҳон сайёҳлик ва туризм сектори дунё ЯИМнинг 10,4%ини ташкил қилди. Бутунжаҳон туризм ва саёҳатлар бўйича кенгаш (WТТС) ўтказган тадқиқотларга кўра, ўтган йили сайёҳлик бозори ҳажми 8,8 трлн долларга етган.

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Очиқ осмон остидаги музей шаҳарлар – Самарқанд, Бухоро, Хивадаги тарихий обидалар, асрлар оша сайқал топиб келаётган анъана ва урф-одатларимиз сайёҳларни ўзига оҳанрабодек жалб қилиб келмоқда.

Туристик фаолият учун қандай имтиёзлар кўзда тутилган?

Юридик шахслар белгиланган тартибда сертификатланган, камида 4 юлдузли даражадаги меҳмонхона ва мотелларни фойдаланишга топширган санадан бошлаб фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек ЯСТдан 5 йил муддатга озод этилган (Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони).

Бундан ташқари, асосий фаолият тури тематик хиёбонлар хизматларини ташкил қилиш бўлган юридик шахслар тематик хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек ЯСТни тўлашдан озод қилинган (Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони).

2018 йил 1 январдан эътиборан туризм маҳсулотларини сотиш ва/ёки туризм хизматларини онлайн брон (банд) қилиш бўйича хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субектларнинг солиқ солинадиган базаси электрон хизматларни, шу жумладан электрон тўловлар, брон (банд) қилиш, эквайринг ва бошқа хизматларни, шунингдек туризм хизматларининг замонавий турларини таклиф қилувчи ихтисослаштирилган интернет-сайтлар ва порталларни йўлга қўйишга йўналтирилган харажатлар миқдорига камайтирилади.

Фаолият кенгаяди, хизматлар сифати ошади

Самарқанд шаҳридаги «KARAVAN TRAVEL» МЧЖ солиқ имтиёзларидан унумли фойдаланиб, мамлакат туризм бозорида тутган ўрнини мустаҳкамлашга интилмоқда.

– Ўн йилдан буён туризм бозорида фаолият олиб бораяпмиз, – дейди «KARAVAN TRAVEL» МЧЖ раҳбари Жанонбек Санақулов. – Фаолиятимизнинг асосий йўналиши – туристик хизматлар кўрсатиш. Жорий йилнинг I чорагида Франция, Испания, Италия ва Германиядан ташриф буюрган 77 нафар сайёҳга хизмат кўрсатдик. Шу ўринда хизмат кўрсатилган сайёҳлар сони кам эмасми, деган ўринли савол туғилиши мумкин. Йилнинг дастлабки уч ойи туристик мавсумнинг бошланиши ҳисобланади. II чоракда бу кўрсаткич 250–300 нафарга етиши мумкин.

Туристик хизматлар кўрсатувчи тадбиркорларнинг ҚҚСдан озод қилингани (Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-банди) сайёҳлик бозорида нарх-наво ошишининг олдини олди. Бу эса ўз навбатида сайёҳлар оқимининг ўсишига замин ҳозирлайди.

Фойда солиғидан озод қилинганимиз ҳам биз учун улкан имкониятлар эшигини очади. Имтиёзлар натижасида ихтиёримизда қоладиган маблағни фаолиятни кенгайтириш, сайёҳлар сонини кўпайтириш, турли халқаро ярмаркаларда фаол иштирок этиш, рекламани кучайтириш, транспорт фаолиятини кенгайтиришга йўналтирамиз. Бу ходимларимиз сонини оширишда ҳам қўл келмоқда. Масалан, 2018 йилда компаниямизда 10 киши фаолият юритар эди. Жорий йилда эса ходимларимиз сони 21 нафарга етди. Ўтган даврда солиқ имтиёзлари туфайли 22 миллион сўмни тежаб қолдик.

Истиқболдаги режалар

– Келгусидаги режаларга тўхталсак, инглиз, араб, рус ва хитой туристик бозорларига кириб боришни мақсад қилганмиз, – дейди Жанонбек Санақулов. – Транспорт инфратузилмасини кенгайтириш – қўшимча транспорт воситаларини (экскурсия автобуслари ва ҳ.к.) харид қилишни ҳам ният қилганмиз.

Бундан ташқари, қишлоқ туризмини ривожлантириш ҳам режаларимиздан ўрин олган. Яъни сайёҳларни ҳақиқий қишлоқ ҳаёти билан таништирмоқчимиз. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда сайёҳларни тарихий обидалар билан бир қаторда ҳақиқий қишлоқ муҳити, қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи ҳам қизиқтирмоқда.

 

ДСҚ Ахборот хизмати материаллари асосида тайёрланди.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь