«НUMO» банк картасини қаерда очтириш мумкин

preview

Савдо ва сервис марказларининг пештахта ва кассаларида «НUMO» карталарини тўлов учун қабул қиламиз» қабилидаги эълонларга кўзингиз тушаётгандир. Бироқ, янги тизимдаги картани қаерда очтириш мумкин? Унинг инфратузилмаси бугунги кун талабларига қанчалик жавоб беради? Мухбиримиз ана шу саволларга жавоб топди.

Тўлов тизимининг расмий сайти ўз ишини бошлади. Бу ерда Миллий банклараро процессинг маркази, «НUMO» тўлов тизими ва банк карталари ҳақида ахборот берилган. Шу жумладан «НUMO» картасини очтириш мумкин бўлган банклар рўйхати ҳам жойлаштирилган. Унга ҳавола орқали кириш мумкин.

«НUMO» картасини қаерда ва қандай очтириш мумкинлиги, бунинг учун банкларда қандай ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги масаласи ҳозирча оммавий тус олмади. Бир нечта банкка ишонч телефонлари орқали шу масала юзасидан мурожаат қилдим. Барча ҳолларда саволимга бир муддат ўтгач жавоб қайтардилар. Операторга фикрини жамлаши ёки маълумотнома тизимидан жавоб топиши учун вақт керак бўлди.  

Натижада карталарни очтириш учун яқин орадаги банк бўлинмаси – «НUMO» тўлов тизими иштирокчисига мурожаат қилиш лозимлигини аниқладим. Айрим банклар расмий сайтларидаги сервис орқали карта очтириш учун буюртманома расмийлаштириш имконини тақдим этмоқдалар. Ташкилот барча ходимлари учун «НUMO» карталарини очтирса, ариза, паспорт нусхалари ва реестр тақдим этиши зарур бўлади. Жисмоний шахслар мурожаат қилганда ёнларида паспорт бўлишининг ўзи кифоя.

«НUMO» картасидан фойдаланувчилар янги тизим ишга тушиши ва унинг инфратузилмаси ривожланиши чоғида узилишлар рўй беришига тайёр бўлишлари лозим. (+998) 71 200-08-88 телефони орқали Миллий банклараро процессинг марказига қўнғироқ қилиб, операторга бир нечта савол бергач, ана шундай хулосага келдим.

Мухбир: UzCard ва «НUMO» тизимларидаги банк карталари ўзаро алоқага эгами? Масалан, UzCard картасидан «НUMO» картасига маблағ ўтказа оламанми? 

Оператор: Ҳозирча йўқ. Бунинг устида ишлаяпмиз, яқин орада ана шундай имконият пайдо бўлади.

Мухбир: «НUMO» картасидаги пулни қаерда нақдлаштирсам бўлади?

Оператор: Ҳозирча фақат банкда.

Мухбир: UzCard тизими карталаридаги пулни нақдлаштирадиган банкоматларда-чи?

Оператор: Бироз вақт ўтгач, ана шундай имконият яратилади.

Мухбир: PayMe ёки Click тўлов тизимлари ёрдамида «НUMO» картасидаги маблағлардан фойдалана оламанми?

Оператор: Ҳозирча Click тизимидан фойдаланувчиларда ана шундай имконият мавжуд.

Мухбир: Уйдан ёки офисдан чиқмай банк омонатини очиш, валютани айирбошлаш, бошқа банк операцияларини бажариш учун банкларда «НUMO» карталари билан ишлайдиган мобил иловалар очилганми?

Оператор: Ҳозирча йўқ, уларни ишлаб чиқиш лозим.

«НUMO» картасини очтириш ҳақида қарор қабул қилиш – сизнинг ихтиёрингизда. Бу ишни ҳозироқ амалга оширишингиз ёки кейинроққа қолдиришингиз мумкин. 

 

Олег Гаевой.