Полезное для бухгалтера в ноябре:
Инвестиция, бошқарув компаниялари ва венчур фондлари қандай ишлайди
Инвестиция ва бошқарув компаниялари фаолияти тўғрисида низом тасдиқланди (ВМнинг 17.05.2019 йилдаги 414-сон қарори).
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январгача янги тузилган инвестиция ва бошқарув компаниялари фаолияти самарадорлигини ўрганиш ва баҳолаш учун тажриба ўтказилади (24.11.2018 йилдаги ПФ–5583-сон Фармонга қаранг). «Инвестиция компанияси», «бошқарув компанияси», «венчур фонди» ва бошқа атамалар нимани англатиши, улар фаолиятининг асосий жиҳатлари нималардан иборат эканлиги ҳақида илгари ёзган эдик.
Низом билан ушбу йўналишда аниқлик киритилди.
Биринчидан, инвестиция компанияларининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари белгиланди:
- фойдани ошириш;
- ташкилотнинг фаолият кўрсатиши ва ривожланиши жараёнида унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш;
- инвестиция стратегиясини амалга оширишнинг энг самарали усулларини таъминлаш;
- жорий ва келгуси даврларда ташкилот мулкдорларининг фаровонлигини ошириш..
Инвестиция компаниясининг вазифалари: бозор ривожланишини таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш; инвестиция фаолиятининг стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш; лойиҳаларни баҳолаш, улар амалга оширилишини жорий режалаштириш ва бошқариш; инвестиция портфелини шакллантириш; лойиҳадан чиқиш бўйича қарорлар тайёрлаш ва капитални қайта инвестициялаш.
Иккинчидан, бошқарув компаниясининг мақоми ушбу номи таъсис ҳужжатларида мажбурий қайд этилиши керак.
Бошқарув компаниялари лойиҳани мустақил молиялаштиришлари ёки бунинг учун бошқа инвестиция компанияларини жалб этишлари мумкин. Молиялаштиришда бир қанча инвестиция компаниялари иштирок этаётган бўлса, улар шартнома асосида мустақил равишда бу жараёнда қайси бири бошқарув компанияси сифатида иш юритишини белгилаб оладилар.
Инвестиция шартномасига кўра тарафлар ўзларининг ҳиссаларини ўтказишлари учун бошқарув компанияси махсус ҳисобрақам очади, малакали инвесторлар ва инвестиция компанияларининг ҳиссаларини унда жамлайди.
Учинчидан, венчур фондлари фаолиятининг асосий турлари:
- юридик ва жисмоний шахсларнинг (ш.ж. хорижий) пул маблағларини кейинчалик инновацион фаолиятга инвестиция қўйишдан фойда кўриш мақсадида жамлаш;
- янгидан ташкил этилган ва мавжуд ташкилотларнинг устав фондида улушли иштирок этиш йўли билан, шунингдек ушбу ташкилотларга гаров билан таъминланмаган қарзлар бериш йўли билан инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни молиялаштириш;
- бўш турган пул маблағларини ички бозорда юқори ликвидли молиявий воситаларга жойлаштириш;
- фонд акциядори (иштирокчиси) бўлган ташкилотларни бошқаришда иштирок этиш.
Иқтисодиётнинг муайян сектори инновацион лойиҳаларини молиялаштирадиган венчур фондлари ихтисослаштирилган, турли тармоқларини молиялаштирадиганлари универсал ҳисобланади. Фонднинг номланишида «венчур фонди» сўзлари бўлиши керак. Фонднинг уставида бир қатор маълумотлар: инвестиция фаолиятига чекловлар; маблағларни жалб қилиш, лойиҳаларга инвестиция киритиш тўғрисида ва инвестиция киритилган корхоналардан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби; дивидендларни тўлаш тартиби ва ҳ.к. мажбурий тартибда акс эттирилиши керак.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.