Полезное для бухгалтера в декабре:
Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга қўшимча солиқ имтиёзлари берилади
Президентнинг 2019 йил 23 майдаги “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Қарор билан:
- 2019-2025 йилларда маҳаллий хомашё геология-қидирув ишларини олиб бориш, қазиб олиш ва қайта ишлаш асосида қурилиш индустриясининг хомашё базасини кенгайтириш прогноз кўрсаткичлари;
- 2019-2025 йилларда диверсификация қилиш ва маҳсулот турларини кенгайтириш ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Мазкур кўрсаткичлар доирасида оҳактошни қайта ишлаш 13,1 млн тоннага, гипс тошини қайта ишлаш – 1,8 млн тоннага, тош-шағал материалларини қайта ишлаш – 5,6 млн метр кубга оширилиши кўзланмоқда.
Шунингдек, обойлар ишлаб чиқариш ҳажмларини 47 баробардан ортиқ ҳажмга, базальтдан тайёрланадиган композит арматура бўйича – 3 баробарга ва цемент бўйича – 2 баробарга ошириш назарда тутилаётир.
2019 йил 1 июлдан бошлаб:
- маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт қилинаётган маҳсулотини сертификатлаштириш бўйича харажатлари Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан қопланади;
- тадбиркорлик субъектларининг солиққа тортиш базаси беш йил давомида тенг улушларда норуда фойдали қазилма бойликлари конларини ўзлаштириш учун зарур бўладиган муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини қуриш харажатлари миқдорига камайтирилади;
- техноген минерал ҳосилаларнинг тури ёки кўринишини тавсифловчи маълумотлар тадбиркорлик субъектларига бепул тақдим этилади.
Қурилиш материаллари саноати соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш учун 2019-2021 йилларда халқаро молиявий институтлар ва хорижий банкларнинг 500 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдордаги узоқ муддатли имтиёзли кредит линиялари жалб қилинади ва фойдаланилади.
Лола Абдуазимова.