Маслаҳатлар

НКМ қандай рўйхатдан ўтказилади

13.06.2019

Тадбиркорларда нақд пул воситасида чакана савдо қилиш учун НКМ қандай рўйхатдан ўтказилади, деган савол юзага келмоқда. Онлайн НКМни жорий этиш бўйича тегишли тажриба лойиҳасида иштирок этмоқчи бўлганлар учун фискал модулни рўйхатдан ўтказиш ва онлайн НКМни қўллашга доир йўриқнома оммалашгани сайин бу масала долзарб тус олмоқда.

Тажриба лойиҳасида ихтиёрий равишда иштирок этиш мумкин, бу НКМни қўллашнинг қонунчиликда белгиланган тартибига риоя этиш мажбуриятидан озод қилмайди (ВМнинг 21.02.2019 йилдаги 150-сон қарори).

Яъни тажриба лойиҳаси иштирокчилари бир вақтнинг ўзида иккита НКМ ёрдамида ҳисоб юритадилар. Улардан бири барча учун белгиланган тартибга (ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарори) мувофиқ, экспериментда қатнашаётган бошқаси эса ВМнинг 21.02.2019 йилдаги 150-сон қарори қоидаларига мувофиқ ишлайди.

Тажриба лойиҳаси иштирокчилари учун белгиланган қоидалар, шунингдек улар сафига қўшилмоқчи бўлганлар ҳақида батафсил бу ерда танишиш мумкин.

Ушбу материалда нақд пулга товарларни реализация қилмоқчи, ишларни бажармоқчи, хизматларни кўрсатмоқчи бўлган барча хўжалик юритувчи субъектлар учун мажбурий саналган ўрнатиш ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларига (ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарори) мурожаат қиламиз.

Аввало НКМни харид қилаётганда аккредитация қилинган сертификатлаш органи томонидан берилган мувофиқлик сертификати мавжудлигини албатта текширинг.

НКМдан фойдаланишдан аввал фаолият амалга ошириладиган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига (ДСХО) уни рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш карточкасини олиш учун мурожаат қилиш лозим.

Эслатиб ўтамиз, рўйхатдан ўтказиш карточкаси аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китоб қилиб товарларни сотиш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳужжат ҳисобланади.

НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкасини олиш учун ДСХОга мурожаат қилганда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш карточкасини бериш ҳақидаги ариза:

  • юридик шахслар учун – номи, жойлашган жойи (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакли, СТИР, банк реквизитлари, алоқа боғлаш учун телефонлар, раҳбарнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда турғун шохобча жойлашган жойнинг ёки кўчма савдо қилиш режалаштирилаётган жойнинг манзили, зарурат бўлганда электрон манзили;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар учун – фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт маълумотлари, почта манзили, турғун шохобча жойлашган жойнинг манзили, СТИР, банк реквизитлари, алоқа боғлаш учун телефонлар, зарурат бўлганда электрон манзили;

2) сертификатлаш бўйича аккредитация қилинган органлар томонидан берилган НКМнинг мувофиқлик сертификати нусхаси;

3) турғун шохобча мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари (бинонинг ижара шартномаси, ордер, далолатнома ва ҳ.к.) ёки кўчма савдо қилиш режалаштирилаётган жой схемаси;

4) нақд пул тушумини инкассация қилиш тўғрисида хизмат кўрсатувчи банк билан тузилган шартноманинг нусхаси ёхуд ҳисоб-китоб рақами мавжудлиги тўғрисидаги шартноманинг нусхаси;

5) НКМга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш учун тузилган шартноманинг нусхаси;

6) НКМнинг хизмат кўрсатиш дастурлари ва НКМнинг фискал хотираси дастурлари ҳолати, шунингдек бегона техник ўзгаришлар йўқлиги (бирор-бир ташқи ўзгаришлар йўқлиги ва эталон версияларга мувофиқлиги) юзасидан хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг хулосаси нусхаси;

7) тартиб рақами қўйилган ва ип ўтказиб тикилган, хўжалик юритувчи субъектнинг муҳри билан тасдиқланган НКМ дафтари (НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкаси берилаётганда ариза берувчига қайтарилади);

8) ҳисобдан чиқариш тўғрисида белги қўйилган ҳолда НКМнинг олдинги рўйхатдан ўтказилишини ва рўйхатдан ўтказиш карточкасини ҳисобдан чиқаришда – НКМнинг фискал хотираси ҳисоблагичининг кўрсаткичларини қайд этиш далолатномасининг нусхаси (агар НКМ олдин рўйхатдан ўтказилган ва рўйхатдан ўтказишдан чиқарилган бўлса).

Хўжалик юритувчи субъектдан бошқа ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Ҳужжатларни почта алоқаси воситалари орқали ёки my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетнинг тегишли сервиси орқали электрон шаклда тақдим этиш мумкин.

Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар хўжалик юритувчи субъектнинг ЭРИ билан тасдиқланади. НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкасини олиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққанлик ва НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкасини берганлик учун йиғим ундирилмайди.

Эътибор беринг! Рўйхатдан ўтказиш карточкасини бериш ҳақидаги аризада хўжалик юритувчи субъект электрон манзилининг кўрсатилиши унинг аризаси юзасидан қабул қилинган қарор тўғрисида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилиги ҳисобланади.

ДСХО ходимлари томонидан ҳужжатларнинг рўйхати тузилади, бир нусхаси қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда хўжалик юритувчи субъектга берилади (юборилади). Рўйхат ва ёзма ёки электрон шаклдаги билдиришнома НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкаси олингунга қадар НКМни қўллаган ҳолда аҳоли билан нақд пулли ҳисоб-китоб қилиб товарларни сотиш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш учун асос бўлади.

ДСХО тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғрилигини текширгандан кейин НКМнинг фискал хотирасидан фойдаланишни кодлаштиради. Шундан кейин хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг мутахассиси томонидан ишга тушириш-созлаш ишлари амалга оширилади, бу ҳақда назорат чеки илова қилинган ҳолда белгиланган шакл бўйича 3 нусхада НКМнинг фискал хотираси ҳисоблагичи кўрсаткичларини қайд этиш далолатномаси тузилади. НКМнинг фискал хотираси ҳисоблагичи кўрсаткичларини қайд этиш далолатномасини тузиш тугаллангандан кейин ДСХО тамға ўрнатади.

Сўнг НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкаси берилади. У ариза тақдим этилган пайтдан бошлаб 5 иш кунидан кеч бўлмаган муддатда берилиши лозим. Ҳар бир рўйхатдан ўтказилган НКМга алоҳида НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкаси берилади.

ДСХО рўйхатдан ўтказиш карточкасини беришни рад этиши ҳам мумкин. Бу ҳолда хўжалик юритувчи субъект ёзма ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда рад этиш сабаблари кўрсатилган хабарномани олади. Хабарномада кўрсатилган муддатда камчиликларни бартараф этиш ва такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиш лозим. Бу ҳолда уларни кўриб чиқиш муддати 3 иш кунидан кўп вақт олмайди.

Қуйидагиларни ёддан чиқармаслик муҳим:

  • сертификатга эга бўлмаган ва (ёки) белгиланган ягона техник талабларга жавоб бермайдиган ёхуд ДСХОда рўйхатдан ўтказилмаган НКМдан фойдаланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ айбдор шахслар ва хўжалик юритувчи субъектлар жавобгарликка тортилган ҳолда НКМни қўлламасдан амалга оширилган фаолият сифатида қаралади;
  •  НКМ носозлиги муносабати билан уларни таъмирлаш зарур бўлганда хўжалик юритувчи субъект бу ҳақда дарҳол НКМ рўйхатдан ўтказилган жой бўйича ДСХОни НКМнинг моделини, завод рақамини ва рўйхатдан ўтказилган рақамини кўрсатган ҳолда эркин шаклда хабардор қилиши ва хизмат кўрсатувчи ташкилотдан мутахассисни чақириши шарт. НКМни таъмирлаш вақтида, худди шунингдек электр энергияси бўлмаган вақтда истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоблар белгиланган намунадаги квитанцияни берган ҳолда амалга оширилиши керак;
  • хўжалик юритувчи субъект қайта тузилган, унинг номи (якка тартибдаги тадбиркор учун – фамилияси, исми, отасининг исми) ва (ёки) туман (шаҳар) доирасида турғун шохобча ёхуд кўчма савдо объекти жойлашган жой ўзгарган тақдирда хўжалик юритувчи субъект ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин 7 иш куни мобайнида НКМнинг рўйхатдан ўтказиш карточкасига тегишли ўзгаришларни киритиш учун ДСХОга ҳужжатларни тақдим этиши керак;
  • хўжалик юритувчи субъект тугатилган, қайта ташкил этилган, НКМ турган жой ўзгарган тақдирда, шунингдек НКМ ушбу хўжалик юритувчи субъектдан фойдаланишдан чиққан тақдирда, хўжалик юритувчи субъект ДСХОда НКМни рўйхатдан ўтказишдан чиқариши шарт. Хўжалик юритувчи субъект тугатилганда НКМни ДСХОда рўйхатдан ўтказишдан чиқариш юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига уни тугатиш тўғрисидаги ёзув киритилгандан кейин амалга оширилади.

 

Олег Гаевой.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал