Полезное для бухгалтера в декабре:
Товар белгиси қандай рўйхатдан ўтказилади
Ҳаммага маълум товарнинг савдоси чаққон бўлиши тайин. Айнан шу боис товар белгилари муҳофаза қилинади. У лозим даражада ҳимояланишини таъминлаш учун маҳсулотингиз рамзини рўйхатдан ўтказишингиз зарур. Буни қандай амалга ошириш кераклигини кўриб чиқамиз.
«Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги Қонунга ҳамда Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидаларига (АВ томонидан 29.07.2009 йилда 1988-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – Қоидалар) мувофиқ ҳаракат қилиш зарур.
Товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгисининг ўзи нима
Аввал товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) деганда нималар тушунилишини аниқлаб оламиз, у бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг шу турдаги товарлари ва хизматларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгидир.
Қуйидаги белгилар бўлиши мумкин:
- якка тартибдаги – алоҳида юридик ёки жисмоний шахсга тегишли белги;
- жамоавий – юридик ва (ёки) жисмоний шахслар бирлашмасининг улар томонидан ишлаб чиқариладиган ва (ёки) реализация қилинадиган, бир хил сифатга ёки бошқа умумий тавсифларга эга бўлган товарларини белгилаш учун мўлжалланган белги.
Эслатиб ўтамиз, қуйидагилар товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин:
- сўзли белгилар – сўзлар, сўз кўринишига эга бўлган ҳарфий бирикмалар (хусусан, ҳар қандай кетма-кетликдаги унлилар ва ундош товушларнинг бўғин ҳосил қилувчи бирикмалари), сўз бирикмалари, гаплар, шунингдек уларнинг бирикмалари;
- тасвирий белгилар – жонли мавжудотлар, предметлар, табиий ва бошқа объектлар тасвирлари, шунингдек чизиқлар, доғлар, ҳар қандай фигураларнинг текисликдаги композициялари (ҳажмлиларидан ташқари);
- ҳажмли белгилар – фазовий жойлашган уч ўлчамли объектлар, фигуралар ва чизиқлар ва фигураларнинг комбинациялари;
- жамлама белгилар – турли характердаги: тасвирий, сўзли, муайян шаклдаги ҳажмли ва бошқа элементлар комбинацияси;
- бошқа белгилар, шу жумладан товушли, ёруғликдан иборат бўлган, голографик, ҳидли каби белгилар.
Қонун ҳужжатларида товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин бўлмаган объектлар рўйхати белгиланган. Қоидаларнинг 4-бандида улар билан яқиндан танишишингиз мумкин.
Белгини рўйхатдан ўтказиш учун қаерга мурожаат қилиш лозим
Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний ва юридик шахслар белгини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома беришлари мумкин.
Талабномани Интеллектуал мулк агентлигига (ИМА) бериш лозим. Буни қуйидагича амалга ошириш мумкин:
- шахсан ташриф буюрган (Тошкент ш., Мустақиллик шоҳкўчаси, 59, ИМА манзилига бориш зарур);
- почта хизматларидан фойдаланган (қуйидаги манзилга ҳужжатларни юбориш лозим: 100000, Тошкент ш., Мустақиллик шоҳкўчаси, 59, ИМА);
- ИМА расмий сайтида талабнома расмийлаштирган ҳолда.
ИМАга мустақил равишда талабнома тақдим этиб, у билан ёзишмалар олиб бориш ёхуд мутахассисларга ёрдам сўраб мурожаат қилиш мумкин. ИМА расмий сайтидаги ҳавола орқали ўтиб, ҳақиқий патент вакиллари рўйхати билан танишиб чиқишингиз мумкин.
Патент вакилига ёрдам сўраб мурожаат қилганда ишончнома расмийлаштиришингиз лозим. У оддий ёзма шаклда расмийлаштирилади. Нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди. Талабномага ишончномани албатта илова қилиш керак. Талабнома тақдим этилганидан кейин, уни кўриб чиқиш жараёнида ҳам патент вакили худди шу шартларда ишга жалб этилиши мумкин.
Талабнома қандай ёзилади
Ҳавола орқали юклаб олинадиган бланкани тўлдиринг. Шу ернинг ўзида унинг тўлдирилган намунаси келтирилган. Қоидаларнинг II бобида бланкани тўлдиришга доир батафсил йўриқнома ва тушунтиришлар берилган. Унинг мазмунига доир қуйидаги талаблар белгиланган, у қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
- товар белгиси сифатида белгини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома берувчининг жойлашган жойи ёки яшаш манзили кўрсатилган аризаси;
- талабномада кўрсатилган белгининг тасвири;
- белгиларни рўйхатдан ўтказиш учун товарлар ва (ёки) хизматларнинг халқаро таснифига мувофиқ гуруҳланган, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш сўралаётган товарлар ва (ёки) хизматларнинг рўйхати.
Айрим ҳолларда талабномага қўшимча ҳужжатлар илова қилиниши керак бўлади. Жамоавий белгини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома тақдим этилса, унга юридик ва (ёки) жисмоний шахслар бирлашмаси қатнашчиларининг жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишуви илова қилинади.
Келишувда қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:
- жамоавий белгини ўзининг номига рўйхатдан ўтказишга ваколат берилган шахснинг номи;
- ушбу белгидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати (тўлиқ расмий номи ва жойлашган жойини кўрсатган ҳолда);
- жамоавий белгини рўйхатдан ўтказиш мақсади;
- жамоавий белги билан белгиланадиган товарларнинг рўйхати ва ягона сифат ёки бошқа умумий кўрсаткичлари;
- жамоавий белгидан фойдаланиш шартлари;
- жамоавий белгидан фойдаланишни назорат қилиш тартиби ҳақидаги низом;
- келишувни бузганлик учун жавобгарлик ҳақидаги низом.
Бу – муҳим! Барча ҳужжатлар улардан нусха олиш қулай бўлишини мўлжаллаб расмийлаштирилиши лозим.
Талабнома ўзбек ёки рус тилида ёзилган бўлиши керак. Илова қилинадиган ҳужжатлар ўзбек, рус ёки бошқа тилда бўлиши мумкин. Агар талабнома ҳужжатлари бошқа тилда топширилган бўлса, талабномага уларнинг ўзбек ёки рус тилидаги талабнома берувчи ёки патент вакилининг имзоси билан тасдиқланган таржимаси илова қилинади.
Талабномага талабномани топшириш учун белгиланган тартибда патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши лозим.
Тақдим этилган талабномага ўзгартиришларни қандай киритиш мумкин
Талабнома материалларига тузатиш, аниқлаштириш ва қўшимчалар киритиш учун ИМАга ўз хоҳишингиз баён этилган аризани йўллашингиз зарур. Бунда у талабнома моҳиятини ўзгартириши мумкин эмаслигини ёдда тутинг. Ариза ёзишда ҳавола орқали олинадиган керакли бланкадан фойдаланинг. Қоидаларнинг III бобида тегишли талабномаларни ёзишга доир батафсил йўриқномалар берилган.
Талабномага қуйидаги ўзгартиришлар киритилиши мумкин:
- талабнома берувчининг, патент вакилининг номини, номланишини ўзгартириш;
- талабнома берувчининг, патент вакилининг манзилини, ёзишмалар олиб бориладиган манзилини ўзгартириш;
- талабнома берувчини ўзгартириш;
- келишувга ўзгартириш киритиш;
- хатоларни тузатиш;
- товарлар рўйхатини қисқартириш.
Аризага талабнома материалларига ўзгартиришлар киритиш учун патент божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатни албатта илова қилиш зарур.
Талабномани кўриб чиқиш
Талабномани кўриб чиқишга узоқ вақт кетади. Тақдим этилган маълумотлар расмий экспертизадан ва талабномада кўрсатилган белги экспертизасидан ўтказилади. Расмий экспертизадан ўтказишнинг ўзига 30 кун ажратилади, унинг давомида талабнома материаллари таркиби, зарур ҳужжатлар мавжудлиги ва уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилади. Бироқ тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланса, ушбу муддат узайтирилади. Талабнома берувчига сўровнома юборилади, унга уч ой ичида жавоб бериш зарур. Бироқ талабнома берувчининг илтимосномасига кўра ушбу муддат ҳам узайтирилиши ёки ўтказиб юборилган тақдирда тикланиши мумкин.
Талабнома берувчи муддатни узайтириш тўғрисида ёзма шаклда илтимоснома беради ва патент божини тўлайди. Бундай илтимоснома талабнома берувчига сўровнома юборилган санадан эътиборан уч ой ўтгунча тақдим этилади.
Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома талабнома берувчи томонидан муддат ўтиб кетган кундан бошлаб икки ой ичида муддатни ўтказиб юборишга узрли сабабларни кўрсатган ҳолда тақдим этилади. Илтимоснома талабнома берувчи томонидан экспертиза сўраган қўшимча материаллар билан ёки уларни тақдим этиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома билан биргаликда тақдим этилади. Илтимоснома билан биргаликда белгиланган миқдорда патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади. Шуни ёдда тутиш лозимки, агар шундай ҳужжат тақдим этилмаган бўлса, илтимоснома тақдим этилмаган деб ҳисобланади, бу ҳақда талабнома берувчига билдиришнома юборилади.
Ҳужжатни тақдим этиш муддатини узайтириш ёхуд ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда талабнома берувчи ИМА томонидан хабардор қилинади.
Талабнома берувчидан қўшимча материаллар сўралиши мумкин, шу жумладан бундай материалларсиз талабномада кўрсатилган белгининг экспертизасини ўтказиб бўлмаганда. Тақдим этилган қандайдир ҳужжат ёки маълумотларнинг ҳақиқийлиги (ишончлилиги) юзасидан экспертизада асосли шубҳалар юзага келганда талабнома берувчидан тасдиқловчи маълумотлар сўралиши мумкин. Сўровномада муайян масала бўйича экспертиза билдирган фикр, хусусан, Қонун моддалари, Қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатлардаги қоидаларга ҳаволалар билан асосланган бўлиши керак.
Талабнома, одатда, талабнома берувчининг иштирокисиз кўриб чиқилади. Бироқ баъзи ҳолларда унинг иштирок этиши зарур бўлади. Экспертиза томонидан талабномада кўрсатилган белги, товарлар ва хизматлар рўйхати бўйича қўшимча тушунтиришлар олиш зарурати, талабномада кўрсатилган белгининг рўйхатдан ўтказиш шартларига мувофиқлиги юзасидан экспертизанинг ва талабнома берувчининг позициясини аниқлаш ана шундай ҳолларга киради.
Томонлар бир-бирларига бермоқчи бўлган саволлар билан танишиб чиққандан сўнг учрашув ўтказилади. Экспертизанинг саволлари қўшимча равишда учрашувнинг мақсадга мувофиқлиги хабар қилинган сўровномада, талабнома берувчининг саволлари уни ўтказиш ҳақидаги илтимосномада баён этилиши мумкин.
Учрашув вақти олдиндан келишилади. Юзма-юз учрашув якунларига кўра баённома тузилади. Экспертизанинг сўровномаларига талабнома берувчининг жавоби баённома ўрнини босиши мумкин.
Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарор
Талабномада кўрсатилган рўйхатдаги барча товарлар ва хизматлар ёки қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ келувчи ушбу рўйхатнинг фақат бир қисми юзасидан қарор қабул қилинади.
Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарорда ундаги муҳофаза қилинмайдиган элементлар кўрсатилади.
Рангли тасвирдаги белгини рўйхатдан ўтказиш сўралаётган бўлса, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарорда белгидаги ранг ёки ранглар уйғунлиги кўрсатилади.
Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарор рўйхатдан ўтказиш санасига қадар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида аввалроқ устуворликка эга бўлган айнан ўхшаш ёки аралаштириб юбориш даражасида ўхшаш товар белгисига талабнома келиб тушиши муносабати билан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Халқаро рўйхатдан ўтказиш ва Ўзбекистонда ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш
Қуйидагиларни ёдда тутиш зарур:
- БИМТ ХБнинг хабарномасида келтирилган халқаро рўйхатдан ўтказилган белгилар давлат экспертизасидан ўтказилганда ижобий хулоса чиқарилгандагина Ўзбекистон ҳудудида ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади;
- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига биноан аввал муҳофаза қилинган ва халқаро реестрдан чиқарилган товар белгисини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги талабнома ИМАга аввал ушбу белгини халқаро рўйхатдан ўтказиш эгаси бўлган шахслар томонидангина топширилиши мумкин.
Олег Гаевой.