Полезное для бухгалтера в ноябре:
Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларни жорий этишни нима қийинлаштириши мумкин
ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинаётган Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси қайта ишланишга муҳтож. Акс ҳолда онлайн-НКМ ва виртуал кассаларни жорий этиш нафақат тадбиркорлар ва бухгалтерлар учун, балки ДСҚнинг ваколатли ташкилотлари учун ҳам бош оғриғига айланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ҚҲТБТ порталида Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳаси эълон қилинган. Унинг қабул қилиниши билан қуйидагиларни ўз ичига оладиган ҳужжатлар тўплами тасдиқланади:
- Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом (кейинги ўринларда – Низом);
- ЎзР ҳудудида қўлланилиши рухсат этилган онлайн-НКМ, виртуал касса ва фискал модулга қўйиладиган техник талаблар (кейинги ўринларда – Техник талаблар);
- Онлайн-НКМ, виртуал касса ва фискал модулга техник хизмат кўрсатиш марказларининг Давлат реестрини юритиш ҳамда уларга қўйиладиган алоҳида талаблар (кейинги ўринларда – ТХКМ Давлат реестри);
- Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг Давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом (кейинги ўринларда – Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар Давлат реестри тўғрисидаги Низом).
Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси чоғида мутахассислар аниқлаштиришни ва қайта ишлашни талаб қиладиган алоҳида жиҳатларга эътибор қаратдилар.
Энг муҳим фикр-мулоҳаза ва таклифларга тўхталиб ўтамиз.
Таксичилар эътибордан четда қолишди
Муҳокама қилинаётган Низомнинг 13-бандига эътибор берамиз. Унда айтилишича, онлайн-НКМ ёки виртуал кассани давлат рўйхатидан ўтказиш учун тадбиркорлик субъекти товарлар ва хизматларни сотиш бўйича ўз фаолиятини амалга ошираётган бино-иншоотнинг ёки унинг қисмининг ижара шартномаси ёки кадастр ҳужжатларини тақдим этиш лозим. Машинасида НКМ бўлиши керак бўлган таксичилар қандай йўл тутишлари керак? Улар онлайн-НКМ ва виртуал касса қўллашдан озод этиладиган тадбиркорлик субъектлари рўйхати тасдиқланадиган ушбу ҳужжатга иловада ҳам йўқ. Улар ҳам ушбу ҳужжатлар бўйича онлайн-НКМдан фодаланишадими ёки улар учун махсус ишлаб чиқиладими?
Оширилган талаблар тадбиркорларнинг қўшимча чиқим қилишига олиб келади
- Техник талабларнинг 5 ва 7-бандларига асосан онлайн-НКМ ва виртуал кассалар сертификатланиши керак. Бироқ қайси O‘zDSt ёки стандартларга мувофиқ сертификатланиши кўрсатилмаган.
- Бунга эътибор бериш муҳим, сабаби мамлакатимизда онлайн-НКМ, жорий этиладиган технологиялар ва виртуал кассалар учун махсус стандартлар мавжуд эмас. Агар сертификатлаш талаби қолса, бу стандартларни ишлаб чиқиш ёки ускунанинг қайси аниқ хусусиятлари ва қандай амалдаги стандартларга мувофиқ сертификатланиши кўрсатилиши лозим.
- Техник талабларнинг 5-бандида онлайн-НКМ Интернетга 3G, 4G стандартлари асосида, шунингдек, Wi-Fi стандарти орқали боғланиш имкониятига эга бўлиши лозимлиги назарда тутилган. Боғланиш стандартларига талаблар чиқариб ташланиши ёки тўлдирилиши керак.
Мамлакатимизда CDMA ва Ethernet стандартлари кенг қўлланилмоқда, энг замонавий, тезкор ва сифатли маълумотлар узатиш стандартларини жорий этиш бошланди. Лойиҳа онлайн-НКМ бугуннинг ўзида қўлланилиши мумкин бўлган ҳудудни сунъий равишда торайтирмоқда. CDM GSM дан яхшироқ ишлайдиган ёки GSM умуман бўлмаган ҳудудлар мавжуд. Бунинг устига, лойиҳанинг бундай талаблари ўз бизнеси учун энг яхши ечимларни танлашда тадбиркорни чеклайди.
- Техник талабларнинг ўша 5-бандида НКМ камида TFT LCD 800*480 сиғимли экранга эга бўлиши айтилади. Ишлаб чиқарувчиларнинг қайд этишича, бу юқори аниқликдаги мониторлар бўлиб, НКМнинг барча моделларини улар билан жиҳозлаш бюджет моделларини ҳозирги қийматига нисбатан деярли 50%га қимматлашишига олиб келиши мумкин.
Бу – муносиб қадам эмас, чунки қўйилган вазифаларни анча паст аниқликдаги мониторлар ҳам уддалай олади. Монитор танланган ҳаракатларни ва чекда чоп этиладиган маълумотларни текшириш учун зарур. Онлайн-кассаларнинг жорий этилаётган технологияларининг асосий функцияларига таъсир кўрсатмайдиган бутловчи қисмларни танлаш ҳуқуқини яхшиси ишлаб чиқарувчида қолдирган маъқул.
- Техник талабларнинг 5 ва 7-бандларига асосан онлайн-НКМ ва виртуал кассалар вақт ва санани интернет орқали UTC +05:00 вақт зонасига мослашни таъминлаши керак. Бу ўзини оқламаган ва оширилган талабдир. Онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг нормал ишлаши учун фискал маълумотлар оператори серверларидаги вақтга мослаш муҳимроқдир. Бундай мослаш касса ва сервердаги вақтдаги тафовут боис содир бўлиши мумкин бўлган хато ва ишдан чиқишлар сонини камайтиришга кўмаклашади. Бундан ташқари, Интернет-провайдерларда TAS-IX да трафик текин бўлган таклифлар мавжуд. Вақт маконига мослашиш эса жаҳонга чиқиш ва табиийки, қўшимча харажатларни талаб этади.
Чек қандай бўлиши керак: чоп этиладиганми ёки электрон?
Виртуал кассаларнинг чеки билан ҳам ҳаммаси тушунарли эмас. Низомнинг 2-бандига асосан касса чекларни қоғозда чоп этиш ёки уларни электрон шаклда узатиш имкониятини қўллаб-қувватлаши лозим. Бу ўша Низомнинг 8-бандига зид, унда чеклар қоғозда чоп этилиши кераклиги назарда тутилган.
Қайси биридадир тўхташ ва ҳужжатларга тегишли аниқлаштиришлар киритилиши зарур. Агар электрон чеклар қолса, улар берилиши лозим бўлган ҳолларни аниқ ифодалаш керак. Ёки – ҳар бир аниқ ҳолатда чек қандай форматда берилишини ким ва қандай босқичда белгилашини аниқлаштириш лозим.
Низомнинг 7-бандида кўрсатилган чекга қўйиладиган талаблардан товарнинг нархи ва қиймати тўғрисидаги ахборотнинг мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб тушиб қолган. Президентнинг ПФ-5813-сон Фармонига асосан ахборот у ерда бўлиши керак.
Маркировка қилинадиган товарнинг коди мавжуд бўлиши тўғрисидаги талаб пайдо бўлди. Биз товарларни маркировка қилиш ва кузатиш тизимини жорий этишда ҳужжат аниқ товар ўрамини харид қилишда берилганлигини тушуниш имконини берадиган чеклар ва ҳисобварақ-фактуралар таркибига қўйиладиган талабларни ўзгартиришни талаб этишини ёзгандик. Бироқ, рақамлар ва белгиларнинг ушбу комбинацияси оддий харидор учун тушунарсиз бўлади. Шу боис товар қалбаки эмаслиги ва харид қилинаётган бирлик учун берилганлигини тушунишга ёрдам берадиган код ахборотининг ҳеч бўлмаганда бир қисмини расшифровка қилишни назарда тутиш мантиқан тўғри бўларди.
Бундан ташқари, Низомнинг 36-бандига асосан онлайн-НКМ ёки виртуал касса доимий ишчи ҳолатда бўлиши, шунингдек интернет алоқаси билан таъминлаш учун жавобгарлик тадбиркорлик субъектига юкланади. Бироқ бунда ҳужжатда тадбиркорга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра 24 соатдан ортиқ муддат электр энергияси ёки интернет-алоқаси бўлмаса нима қилиш кераклиги юзасидан саволга жавоб йўқ. Бугунги кунда офлайн НКМлари учун бундай ҳолларда квитанция расмийлаштириш имконияти назарда тутилган. Шубҳасиз, бу борада аниқлаштиришлар ва тўлдиришлар талаб этилади.
ТХКМ қандай ишлайди?
Кўрсатиб ўтилган ҳужжатларинг қабул қилиниши билан Техник хизмат кўрсатиш марказларининг (ТХКМ) роли ошади. Фискал маълумотлар операторига боғланиш ва ҳисобга қўйишдан бошлаб ҳисобдан чиқаришгача – онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча масалалар улар орқали ҳал қилинади. Шу билан бирга, уларнинг фаолиятини тартибга солувчи баъзи нормалар аниқлаштириш ва қайта ишлаб чиқишни талаб этади.
ДСҚ ва фискал маълумотлар оператори тадбиркорларга ТХКМ орқали виртуал кассалар учун фискал модул ва дастурий маҳсулотнинг асосий қисмини тақдим этади. Бу Техник талабларнинг 20-бандида назарда тутилган. Дарвоқе, фискал модул ва оператор томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тадбиркорлар ҳар йили бир марта БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўловни амалга оширади.
Бироқ, онлайн-НКМ ва виртуал кассалар учун дастурий таъминотни қаердан ва қандай сотиб олиш мумкинлиги ҳужжатда тушунарсиз. ТХКМ Давлат реестри тўғрисидаги Низомнинг 10-бандига асосан техник хизмат кўрсатиш марказларининг расмий сайтида онлайн-НКМ ва виртуал касса ДТ моделлари (версиялари) бўйича сотув нархлари тўғрисидаги ахборот жойлаштирилиши керак. Бундан онлайн-НКМ ва виртуал кассаларни фақат ТХКМ орқали сотиб олиш мумкин деган хулоса чиқариш мумкин. Бу нархларнинг сунъий равишда оширилишига олиб келмайдими? Умуман олганда, бу жиҳат соғлом бозор рақобати борасидаги йўналишимизга зиддир.
Низомнинг 12-бандига асосан ТХКМ ходимлари онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланиш тартиби бўйича тадбиркорлик субъекти раҳбари ёки унинг вакилига техник хизмат кўрсатиш китобини тақдим этиши ва зарур тушунтиришлар бериши шарт. Ушбу ҳужжатнинг шаклини аниқлаштириш зарур.
ТХКМ Давлат реестри тўғрисидаги Низом марказлар мутахассисларига онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга хизмат кўрсатиш бўйича малака сертификатига эга бўлиш талабини қўяди. Уларни ким тайёрлаши ва аттестациядан ўтказиш тартиби тушунарсиз.
Рўйхатга олишга қўйиладиган талаблар
НКМни рўйхатга олишга қўйиладиган талаблар ҳам қайта ишланишга муҳтож. Низомнинг 17-бандидан ДСҚ тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиққандан кейин рўйхатга олиш карточкасини расмийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиши келиб чиқади. Агар ҳужжатлар Низомнинг 15-бандига асосан тадбиркор НКМга боғланиш учун мурожаат қилган ташкилот – ТХКМда қолган бўлса, ДСҚ қандай қилиб улар билан шуғулланади? ТХКМ рўйхатга олиш учун ДСҚ фақат тўлдирилган электрон шаклни юборади.
Низомнинг 18-банди ҳам қайта ишлашни талаб этади. Унда ДСҚ тадбиркорга НКМ ёки виртуал кассаларни рўйхатга олишни рад этиши мумкин бўлган ҳоллар келтирилган. “Тадбиркорлик субъекти рухсат бериш талаблари ва шартларига жавоб бермайди” формулировкаси изоҳ талаб қилади.
Онлайн-НКМ ёки виртуал кассани нима қилишади?
Аввалги материалимизда ДСҚ онлайн-НКМ ва виртуал кассаларни қўллаш қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиши ҳақида ёзгандик. Тадбиркорнинг ускунаси носозлигига шубҳа бўлганда олиб қўйилиши мумкин. Шу муносабат билан саволлар туғилади, уларга ҳужжатда жавоб йўқ.
Биринчидан, фискал модул олиб қўйилган тақдирда ТХКМдан тадбиркорга бошқасини беришни талаб қиладилар. Бироқ муҳокама даврида уни рўйхатга олиш механизми баён этилмаган.
Иккинчи савол олиб қўйилган қурилмани экспертизадан ўтказиш муддатларига тегишли. Низомнинг 44-бандига асосан ТХКМ уни аппарат олинган кундан бошлаб 3 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда ўтказиши шарт. НКМ ТХКМга, мисол учун фақат олиб қўйилгандан кейин 5 ва ундан ортиқ кундан сўнг етказиб берилган ҳолларда қандай йўл тутилади?
Учинчидан, ускуна носоз деб топилган ҳолда уни нима қилишлари тушунарсиз.
Ишонамизки, ҳужжатни тасдиқлашга тайёрлашда ДСҚ бизнинг тавсияларимизни ва мутахассислар томонидан билдирилган бошқа фикр-мулоҳазаларни инобатга олади. Бу янги тизимни жорий этишда талай муаммоларни олдини олишга ёрдам беради.
Олег Гаевой.