Полезное для бухгалтера в ноябре:
Шахсий кабинетдаги тугмалар қаерга “ғойиб” бўлади
Сўнгги вақтларда бухгалтерлар ўзларининг солиқ тўловчининг шахсий кабинетида ўзгаришларни кузатишмоқда. У ерда ҳадеб янги тугмалар ва янги функциялар пайдо бўлади, одатий тугмалар қайта гуруҳланади. Баъзан бу зарур сервисни излашни қийинлаштиради. Хўш, солиқ тўловчининг кабинетида нима рўй бермоқда?
Ҳозир нималар бор?
Давлат солиқ қўмитасининг бош давлат солиқ инспектори Зулфия ХУДОЙБЕРГЕНОВАнинг сўзларига кўра, қўмита ҳозир солиқ тўловчилар учун интерактив хизматлар бўйича тушунарли ва қулай навигацияни барпо этишга ҳаракат қилмоқда.
“ЮШ таққослаш далолатномалари” ва “ЮШ шахсий карточкасидан кўчирма” тугмалари фойдаланувчиларга 2008 йилдан буён маълум. Бу шахсий кабинетнинг энг талаб этилган сервисларидан. Фақатгина жорий йилнинг бошидан буён улардан деярли 19 млн марта фойдаланишган. Яқиндан бошлаб ушбу иккала сервис “ЮШ таққослаш далолатномалари” битта тугма билан бирлаштирилди, сабаби - улар ўзаро боғланган ва бир-бирини тўлдиради. Шу боис илгари мустақил бўлган “ЮШ шахсий карточкасидан кўчирма” тугмаларнинг умумий рўйхатидан олиб ташланди.
Энди шахсий кабинет орқали солиқ тўловчи илгари унга буюртма хат билан етказиб берилган ҳужжатларни олади. Улар орасида – солиқ қарздорлигини сўндириш тўғрисидаги талабнома бўлиши мумкин. “Солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича қарздорлар” тугмаси ёрдамида фойдаланувчи ўзи вазиятни ойдинлаштириб олиши мумкин.
Хориждаги ҳисобварақлардаги пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ахборотни ДСХОга жўнатиш имконияти пайдо бўлди. Бу хизматдан шундай ҳисобварақларга эга ва ДСХОга ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар улар бўйича ахборот тақдим этадиган юридик шахслар фойдаланадилар.
Янги тугма - “Жамоатчилик назорати” пайдо бўлди. У солиқ органларига сизга маълум қуйидаги фактлар ҳақида хабар бериш имконини беради:
- этил спиртини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш;
- ноқонуний тадбиркорлик фаолияти;
- товарларни мувофиқлик сертификати ёки бошқа ҳужжатларсиз сотиш;
- кирим қилинмаган товарларни сақлаш ёки тушумни яшириш;
- ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартибини бузиш;
- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ва ҳоказо.
Бунинг учун тегишли опцияни танлаб, шаклни тўлдириш лозим. Унда – ҳуқуқбузарнинг жойлашган жойи, СТИР ёки расмий номи кўрсатилади.
Шунингдек, солиқ тўловчининг кабинетида солиқ сирига кирмайдиган ҳамкорлар тўғрисидаги ахборотни топиш мумкин. Бу айниқса янги СК билан киритилаётган “лозим даражада эҳтиёткорлик” талабларини инобатга олганда долзарбдир. “Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилган корхоналар” тугмаси аудитдан ўтказилган ва ундан бўйин товлаганлар рўйхатини чиқаради. Шу ернинг ўзида аудиторлик хулосаси нусхасини кўриб чиқиш мумкин. Шунингдек, “Солиқлар ва тўловлар бўйича қарздорлар” тугмаси юридик шахслар, жисмоний шахслар ва ЯТТ ишончлилигини аниқлашга ёрдам беради.
Яна нима ўзгаради?
Тахминан 2020 йилнинг ўртасидан янгиланган шахсий кабинет ишга туширилади. Дизайни ўзгаради ва тақдим этиладиган хизматлар рўйхати қайта кўриб чиқилади. Бу ерда ортиқча ҳеч нарса бўлмайди, фақат солиқ тўловчига унинг шахсга доир маълумотлари билан ишлаш имконини берадиган сервислар.
Ҳисобот жўнатиш, шахсий карточка, таққослаш далолатномасини кўриб чиқиш, солиқларни тўлаш, электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш мумкин бўлади. Шунингдек, солиқ органларига бизнесингиз билан боғлиқ аризаларни ҳам бериш мумкин бўлади. Масалан, ортиқча тўланган солиқларни қайтариш ёки ҳисобга олиш бўйича аризаларни, назорат-касса машинасини ҳисобга қўйиш тўғрисида аризаларни ва ҳоказони жўнатиш имконияти киритилмоқда.
Шахсий кабинетлардан қуйидагиларни чиқариб ташлаш режалаштирилмоқда:
- бошқа интернет ресурслар ёрдамида ҳамма фойдаланиши учун тақдим этиладиган ахборот тусидаги электрон сервисларга ҳавола-тугма,
- солиқ тўловчининг солиқ органлари билан ўзаро ҳамкорлигига тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаган сервислар.
Олег ГАЕВОЙ