Таъсисчилар алмашганда ва қайта ташкил этишда солиқчилар қандай қўшимча солиқ ҳисоблайдилар

preview

ҚҚС 15%гача пасайтирилгандан кейин солиқ органлари бюджетни тўлдириш учун бутун кучларини ишга солмоқдалар.  Хусусан, солиқ мажбурияти вужудга келган санадан бошлаб 5 йил мобайнида солиқларни ундириш ҳуқуқидан фойдаланишмоқда, улар таъсисчилар алмашиши ва юридик шахсларни қайта ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатларни таҳлил қилишни бошлашди. Ҳозир фаол қўлланилаётган бюджетни тўлдиришнинг учта усулини кўриб чиқамиз.

1. Норезидент томонидан Ўзбекистоннинг юридик шахсидаги ўз улушини сотишдан даромад олишда қўшимча фойда солиғини ҳисоблаб ёзиш.

Норезидентлар юридик шахс-Ўзбекистон резиденти устав фондидаги  улушини сотишдан даромад олганда фойда солиғини тўлашлари шарт.

Солиқни солиқ агенти деб эътироф этиладиган, даромадни тўлаш манбаи – улушни сотиб олувчи тўлаши даркор. У:

  • юридик шахс – норезидент;
  • жисмоний шахс – резидент;
  • жисмоний шахс – норезидент бўлиши мумкин.

Солиқ агенти олинаётган улушга бўлган мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилгунига  қадар:

  • норезидентнинг олган даромадлари бўйича фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиши;
  • бюджетга солиқ тўлаши;
  • солиқ тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиши шарт.

«Бир дарча» фақат солиқ тўланганлиги тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилган тақдирда устав капиталидаги улушнинг бошқа шахсга ўтишини рўйхатдан ўтказиши даркор.

Бироқ “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом”да маълумотнома тақдим этилиши хусусида ҳеч нима дейилмаган. Шу боис «Бир дарча»  солиқ тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномани талаб қилмаган ҳолда, устав ҳужжатларини бюджет олдидаги мажбуриятлар бажарилганлигини тасдиқламасдан рўйхатдан ўтказадилар.

Солиқ органлари норезидентлар томонидан улушларни сотиш далилини аниқлайдилар. Фойда солиғи тўланмаган тақдирда улар улушни олиш-сотиш ҳақида маълумотларни  ва солиқни тўлаш тўғрисидаги  талабномаларни тақдим этишади.

Агент нима қилиши лозим?

  1. Норезидент томонидан устав капиталидаги улушнинг олди-сотди шартномаси бўйича барча ҳужжатларни топиши;
  2. Норезидентда битим бўйича даромад мавжудлигини аниқлаши;
  3. Агар даромад мавжуд бўлмаса, зарур ҳужжатлар ва ҳисоб-китоблар илова қилинган Талабномага жавобда бу ҳақда хабар қилиши;
  4. Агар даромадлар мавжуд бўлса, ҳисоб-китобни (137-код бўйича) топшириши ҳамда фойда солиғи ва пеняни тўлаши лозим.

2. Устав капиталидаги улуш битта жисмоний шахсдан бошқасига ўтганда қўшимча ЖШДС ҳисоблаб ёзиш

Улушни битта жисмоний шахсдан бошқасига ўтказиш олиш-сотиш ёки текин ўтказиш натижасида рўй бериши мумкин.

Олиш-сотишда агар улушни сотиш қиймати ҳисса суммаси (ёки улушни олиш қийматидан) ошса, сотувчида мулкий даромад вужудга келади. Улушни уни олиш ёки ҳисса қийматида сотишда даромад мавжуд бўлмайди, демак, ЖШДС ҳисоблаб ёзиш учун солиқ солинадиган база мавжуд эмас.

Текин ўтказишда  сотувчида даромад вужудга келади. Агар харидор ва сотувчи яқин қариндош бўлса, бундай даромадга ЖШДС солинмайди. Яқин қариндошлар – бу эр, хотин, ота-она, болалар, туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, боболар, бувилар, неваралар.

Улушни ўтказишда вужудга келган даромадлар ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай ДСИга тақдим этиладиган даромадлар тўғрисидаги декларация асосида тасдиқланади. ЖШДС ҳисобот давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўланади.

Агар олиш-сотишда даромад мавжуд бўлмаса, декларация ҳам тақдим этилмайди. Текин ўтказишда эса декларацияни албатта тақдим этиш шарт, сабаби ҳар қандай ҳолатда даромад вужудга келади. Бироқ агар имтиёз бўлса, уни декларацияда акс эттиринг.

Кўпинча улушни ўтказиш тўғрисидаги шартномаларда “улушдан воз кечиш” ифодасидан фойдаланадилар, бу ҳам олиш-сотиш, ҳам текин ўтказишни назарда тутади.

Солиқ органлари улушларни жисмоний шахслар томонидан сотиб олиниши далилларини аниқлайдилар. Агар бунда ЖШДС тўланмаган бўлса,  улушни олиш-сотиш ҳақида маълумотлар тақдим этиш ва солиқни тўлаш тўғрисида талабнома тақдим этадилар.   

Жисмоний шахслар-битим тарафлари қандай йўл тутишлари лозим?

Улушдан воз кечиш шартномасини тайёрлашда:

  • Шартнома предмети – олиш-сотиш ёки текин ўтказиш эканлигини аниқ белгиланг;
  • Улушни олиш-сотишда сотувчида даромад вужудга келиш-келмаслиги шартнома предметидан тушунарли бўлиши учун улушни сотиш қиймати ва унинг номинал қийматини акс эттиринг;
  • Текин ўтказишда, башарти мавжуд бўлса, қариндошлик алоқаларини кўрсатинг.

Бу сизни келгусида ушбу битим бўйича тушунтиришлар беришдан халос этади.

Агар сиз солиқ органларидан хат олган бўлсангиз:

  • Улушни сотишдан даромад олинмаган бўлса, бу ҳақда тасдиқнома – улушни сотиш шартномасини, таъсис ҳужжатларини, улушни сотиб олиш шартномасини тақдим этинг;
  • Улушни яқин қариндошдан текин олишда декларация ва улушни ўтказган шахс билан қариндошлик алоқалари тасдиқномасини тақдим этинг;
  • Бошқа ҳолларда даромадлар тўғрисидаги декларацияни тақдим этинг, ЖШДС ва пеняни тўланг.
Эътибор беринг
Даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, уни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

3. МЧЖни ХКга ўзгартиришда дивидендлар кўринишидаги даромадларга қўшимча солиқ ҳисоблаб

ёзиш

МЧЖни ХКга ўзгартиришда МЧЖнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари ХКга ўтади. Шу жумладан – қайта ташкил этилган МЧЖнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятлари.

Якуний молиявий ҳисоботни тузиш чоғида МЧЖ даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳисобварағини ёпади ва ўзгартирилаётган корхонанинг соф фойдаси суммасини таъсисчиларнинг ўзгартириш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарори (шартномаси)да белгиланган мақсадларга йўналтиради (тақсимлайди).

Шу тариқа, жамият иштирокчилари ўртасида фойдани тақсимлаш тўғрисидаги масала уни қайта ташкил этишнинг якуний босқичида ҳал қилиниши керак. Дивидендлар тўлашда улар жамиятни қайта ташкил этишдан олдин ёки кейин тўланишидан қатъи назар солиқ бюджетга тўланиши даркор.

Эътибор беринг
Агар дивидендлар қайта ташкил этилгунга қадар тўланмаган бўлса, ХКнинг дастлабки молиявий ҳисоботида таъсисчилар олдида қарздорлик ва дивиденддан олинадиган солиқ бўйича бюджет олдидаги қарздорлик акс эттирилган бўлиши керак.

Солиқ:

  • Дивидендлар тўлаш билан бир вақтда, бироқ  ЖШДС бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай  – жисмоний шахслар дивидендлари бўйича тўланади;
  • Дивидендлар тўлаш санасидан кечиктирмай  – юридик шахслар дивидендлари бўйича тўланади.

Дивидендларни тўлов амалга оширилган ҳисобот даври тугагандан кейин 25 кундан кечиктирмай тақдим этиладиган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича ҳисоботларда  акс эттиринг.

Солиқ органларидан дивидендлардан олинадиган солиқни қўшимча ҳисоблаб ёзиш тўғрисида талабнома олинганда:

  • Агар сиз МЧЖда ишланган соф фойдани тўлаган бўлсангиз, дивидендлар кўринишидаги даромадлардан солиқ тўланганлигини текширинг;
  • Тўланмаган тақдирда, солиқни ушлаб қолинг ҳамда уни ва пеняни бюджетга тўланг;
  • Дивидендлар бўйича ҳисобот тақдим этинг.
Эътибор беринг
Фойдани атайлаб яшириш (камайтириб кўрсатиш) ёхуд солиқлар тўлашдан бошқача тарзда қасддан бўйин товлаш мансабдор шахсларга - БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Солиқ ҳисоботларини тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Солиқни бюджетга тўламаслик ёки ўз вақтида тўламаслик БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

 Гульнора ЭРГАШЕВА,
солиқ маслаҳатчиси