ДИЛШОД СУЛТОНОВ ЖАВОБ БЕРАДИ: ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби

preview

Buxgalter.uz Молия вазирлиги билан биргаликда ўтказилаётган қўшма акция доирасида ўқувчиларимиз томонидан берилган саволларга молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг жавобларини эълон қилишни давом эттиради. Ушбу тўплам ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлаш тартибига бағишланган.

1. Ўқитиш (таълим) соҳасидаги хизматлар ҚҚСдан озод этилган. Мазкур имтиёз чет эл компанияси томонидан кўрсатилган шу каби хизматларга ҳам татбиқ этиладими?

- Ўқитиш (таълим) соҳасида хизматлар, жумладан тест ва имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш ҚҚСдан озод этилганлар рўйхатига киритилган.  Имтиёзни қўллаш учун башарти  қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензиялаш лозим бўлса ёки рухсат этувчи ҳужжатларни талаб этса, солиқ тўловчи имтиёз бериладиган фаолият учун тегишли лицензия ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатларга эга бўлиши лозим.

Ўзбекистонда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолият лицензияланади. Шу боис, агар чет эл компаниясида Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган лицензия мавжуд бўлса, мазкур хизматлар ҚҚСдан озод этилади.

Агарда чет эл компаниясида бундай лицензия бўлмаса, у томондан кўрсатилаётган хизматларга ҚҚС солиниши лозим. Бунда Ўзбекистон уларни амалга ошириш жойи деб эътироф этилади.

Ўқитиш (таълим) соҳасида хизматлар бўйича реализация қилиш жойи улар ҳақиқатда кўрсатилган жой бўйича аниқланади. Агар хизматлар Ўзбекистонда кўрсатилган бўлса, Ўзбекистон уларни кўрсатиш жойи деб эътироф этилади. Бироқ, ушбу норма электрон шаклда кўрсатиладиган таълим хизматларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар бўйича реализация қилиш жойи фаолият жойи (юридик шахс) ёки  харидор (жисмоний шахс) жойлашган жой бўйича аниқланади.

2. 01.01.2020 йил ҳолатига ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси реализация қилишдан айланма бўйича ҚҚС суммасидан 18 млн сўмга ошди. 2020 йилнинг январь ойи учун бюджетга тўланадиган ҚҚС 5 млн сўмни ташкил этди. 2020 йилдан бошлаб ой - ҚҚС бўйича солиқ даври ҳисобланади, ҳисобот ўсиб бормайдиган якун билан тақдим этилади. Январь ойи учун солиқ тўлаш чоғида йил бошига ҚҚС суммаси камайтириш учун инобатга олинадими?

- Ҳа,  ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг реализациядан айланма бўйича ҚҚС суммасидан ошган суммаси ҚҚС бўйича бюджет билан кейинчалик ҳисоб-китобларда ҳисобга олинади. Энди ҳисобот ҳар ойда топширилиши ва кўрсаткичлар ой учун ўсиб бормайдиган якун билан акс эттирилишига қарамай, бухгалтерия ҳисобида бюджет билан ҳисоб-китоблар илгаригидек – ўсиб борувчи якун билан юритилади. Бу шуни англатадики,  2020 йилнинг январь ойи учун ҚҚС бўйича бюджет билан ҳисоб-китобларда 2019 йил якунлари бўйича ҳосил бўлган ҚҚС бўйича ортиқча сумма инобатга олинади.

3. Корхона муассиси – жисмоний шахс дори воситаларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган материалларни устав капиталига ҳисса сифатида топширади. Мазкур вазиятда ҚҚС ҳисоблаб ёзиш бўйича мажбуриятлар вужудга келадими? Мазкур операция бўйича ҳисобварақ-фактура расмийлаштириладими ёки қабул қилиш-топшириш далолатномаси етарлими?

- Йўқ, мазкур ҳолатда ҚҚС ҳисоблаб ёзилмайди ва ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилмайди.

Жисмоний шахслар икки ҳолатда ҚҚС тўловчи деб эътироф этилади:

1) товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида 1 млрд сўмдан ошган ёхуд ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлашга ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобланганда;

2) Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш чоғида. Улар божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона тўловлари таркибида ҚҚСни тўлайдилар.

Муассис-жисмоний шахс томонидан материалларни топшириш қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштирилиши лозим.

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /ru/publish/doc/text157161_dilshod_sultonov_javob_beradi_qqsni_hisoblash_va_tulash_tartibi