Давлат органлари карантин бўйича саволларга жавоб берадилар - 7

preview

Сўм курсининг кескин тушиб кетиши эҳтимоли қандай? Бугунги кунда карго хизматларидан – ишлаб чиқариш учун хом ашё етказиб бериш учун аэропортнинг юк ташиш хизматидан фойдаланиш мумкинми? Қаерга ва кимга мурожаат қилиш керак? Иш берувчи карантин даврида ходимларни навбатчиликка жалб этишга ҳақлими? Бу ва бошқа саволларга жавоблар – buxgalter.uz нинг тўплам материалида.


Акмал НАЗАРОВ, МБ жамоатчилик ва коммуникация сиёсати муносабатлари департаменти директори ўринбосари:

– Сўнгги кунларда доллар курси анча ошиб кетди. Сабаби нимада?

– Миллий валюта алмашинуви курси таклиф ва талабнинг ички ва ташқи омиллари ўзгаришига боғлиқ ҳолда, аввало – жорий счёт операцияси динамикаси асосида шакллантирилади.

Охирги ойларда коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун қабул қилинаётган чора-тадбирлар натижасида мамлакатларнинг – асосий савдо ҳамкорларининг миллий валюталари сезиларли даражада қадрсизланиши ва трансчегаравий ўтказмалар қисқариши юз берди.

Ушбу омиллар таъсирида ички валюта бозорида апрель ойида хорижий валюталарга нисбатан сўмнинг курси пасайиши ва муайян даражадаги девальвацияси кузатилмоқда.

Марказий банк сўм курсининг қуйи даражагача қадрсизланиши эҳтимоли бор деб баҳоламоқда.

Тахминий прогнозларга кўра яқин келажакда сўмнинг алмашинув курси айрим сезиларли даражада бўлмаган ўзгаришлар билан фундаментал қиймат даражасида шаклланади.

Шу билан бир вақтда Марказий банк тижорат банкларининг кассаларида конверсион операцияларни амалга ошириш учун нақд  хорижий валюта миқдори етарли даражада эканлиги ва барча банкноталар дезинфекция қилинганлиги маълум қилмоқда.

Банкларнинг алмашинув пунктлари одатий режимда ишламоқда, нақд хорижий валютани сотиш ёки сотиб олишда ҳеч қандай чекловлар  ва тўсиқлар йўқ.


Наврўз АШУРМАТОВ, Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари:

– Ўзбекистонда қачон авиарейслар йўлга қўйилади?

– Президент Шавкат МИРЗИЕЁВнинг топшириғига биноан, коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ Ўзбекистонда 30 март соат 00:01 дан 20 апрель соат 00:01 гача барча аэропортлар ёпилган.

Аэропортлар фаолияти ва авиапарвозлар қайта йўлга қўйилиши ёки чеклов чора-тадбирлари узайтирилиши ҳақида республика махсус комиссияси томонидан маълум қилинади.

– Ишлаб чиқариш корхонам бор. Ҳозирги вақтда маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашёни хориждан буюртма қилиб, карго-юк ташиш хизматларидан фойдаланишим мумкинми?

– Албатта, мумкин. Ҳозирги вақтда бутун дунёдаги коронавирус пандемияси сабабли мунтазам рейслар ва юк ташишлар чекланган. Бироқ «Ўзбекистон аэропорти» АЖ тузилмасига киритилган Тошкент шаҳри, Навоий ва Наманган аэропортлари туну кун ишлаб турибди.

Ушбу аэропортларда юк қабул қилиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Мамлакатимиздаги бошқа аэропортлар парвозлар ташкил этилишига қараб жадвал бўйича ишламоқда. Юк жўнатувчилар ёки юк олувчилар ташиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхатини ҳамда аэропортнинг юк бўлимида ёки авиаташувларни бажарадиган авиакомпаниялардан юкка доир талабларни олишлари мумкин.

Маслаҳатлар олиш учун «Ўзбекистон аэропорти» АЖ тижорат департаментига Юрий Тянга (+998 90) 350-85-38 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.


Адиба НУРИДДИНОВА, Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси бошлиғи:

– Карантин даврида давлат ташкилотларида қоровуллар етарли бўлишига қарамай, ходимларни ҳам график бўйича навбатчиликка қўйиш мумкинми. Бундай ҳолат қонун ҳужжатларига зид келмайдими?

– Бу ташкилотнинг фаолият соҳасига, ҳозирги шароитда унда назарда тутилган иш режимига боғлиқдир.

Бу ташкилотнинг ички ҳужжатларида ёки ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлса, Меҳнат кодексига мувофиқ иш берувчи ходимларни навбатчиликда туришга, дам олиш ва байрам кунларида ишлашга, шунингдек ходимнинг хизмат мажбуриятларига мувофиқ келмайдиган ишларни бажаришга мажбурлаганлиги учун жавобгар ҳисобланади.

              «АОКА» материаллари асосида.