Қурилиш пудрати шартномасида нарх қайдай ўзгартирилади

preview

Қурилиш пудрати шартномаси тарафлари нархни ўзгартириш заруратига дуч келишлари мумкин. Жуда содда таомилдек туюлади, бироқ унда ҳам тўғаноқлар бўлиши мумкин. Бундай вазиятларни батафсил кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Пудрат шартномасида ишнинг нархи пудратчининг харажатлари учун компенсация ва унга тўланиши лозим бўлган ҳақни ўз ичига олади. Қурилиш пудрати доирасида нарх смета тузиш йўли билан белгиланади . Унда бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек ободонлаштириш ишлари қиймати кўрсатилади .

Лойиҳа-смета ҳужжатларини ихтисослаштирилган лойиҳа-қидирув ташкилотлари ишлаб чиқади. Марказлаштирилган манбалар, давлат бошқарув органлари ва давлат корхоналари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлари бўйича лойиҳа-тадқиқот ишларининг қатъий тартиби, муддатлари ва қиймати белгиланган . Бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириладиган қурилиш объектлари учун улар тавсиявий тусга эга.

Смета пудратчи томонидан тузилган тақдирда, у буюртмачи томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб кучга эга бўлади ва пудрат шартномасининг бир қисми бўлиб қолади .

Эътибор беринг
Айрим ҳолларда инвестиция ҳамда инфратузилма лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ҳужжатлари (ТИА/ТИҲК) ва унга тузатишлар мажбурий экспертизадан ўтказилади . Шунингдек, бу давлат харидлари доирасида тендер ҳужжатлари ва техник вазифаларга ҳам тааллуқли .

Шу тариқа, қурилиш пудрати шартномасида ишларнинг аниқ қийматини (рақамни) ёзмаса ҳам бўлади. Шартномага илова қилинадиган сметага ҳавола келтирилса етарли: “Мазкур қурилиш пудрати шартномаси доирасида бажариладиган қурилиш-монтаж ишларининг қиймати шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланадиган сметага (1-илова) мувофиқ аниқланади”.

Тегишинча, ишлар қийматининг ўзгариши сметага ўзгартириш киритиш билан расмийлаштирилади. Тартиби ким ташаббус билан чиқишига боғлиқ.

Пудратчида смета ўзгартирилишини талаб қилиш учун иккита асос мавжуд:

I – қурилиш асносида у лойиҳа-смета ҳужжатларида ҳисобга олинмаган ишни аниқлади. Қўшимча иш қурилишнинг смета қиймати ошишига сабаб бўлади. Бу ҳақда у буюртмачига хабар бериши шарт. Агар буюртмачи 10 кун ичида (ёки қонун ёхуд шартномада назарда тутилган бошқа муддатда) жавоб бермаса, пудратчи ишларни тўхтатиб туриши, бекор туриб қолиш натижасида кўрилган зарарни буюртмачининг зиммасига юклаши шарт .

Буюртмачи бу ҳолатда:

  • қўшимча иш бажариш зарурати йўқлигини исботлаши мумкин – бу, шу жумладан объект бекор туриб қолиши натижасида кўрилган зарарни қоплашдан озод этади ;
  • қўшимча иш бажариш ва унга ҳақ тўлашга рози бўлиши мумкин .

II – агар ишнинг (ҳақиқатда бажарилган) қиймати пудратчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра сметадан камида 10% ошган бўлса :

  • у томондан тақдим этилган материаллар ва ускунанинг қиймати жиддий ошган бўлса;
  • унга учинчи тарафлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар нархи ошган бўлса.

Агар уларни шартнома тузиш чоғида назарда тутиш мумкин бўлмаган бўлса, пудратчи шу асосларга ҳавола қилиши мумкин .

Бу ҳолда, агар буюртмачи сметани ўзгартиришни рад этса, пудратчи шартномани ФКнинг 383-моддасига мувофиқ бекор қилинишини талаб қилиши мумкин.

Буюртмачи техник ҳужжатларга қўшимча ишни киритиши мумкин, агар:

  • унинг қиймати сметада кўрсатилган қурилишнинг умумий қийматининг 10%идан ошмаса. Каттароқ ҳажмдаги ўзгаришлар тарафлар томонидан келишилган қўшимча смета билан расмийлаштирилади;
  • у қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган иш хусусиятини ўзгартирмаса.
Эътибор беринг
Инвестиция дастури доирасида марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш объектларига нисбатан иш қийматини ўзгартиришнинг алоҳида тартиби амал қилади .

Пудратчининг амалдаги харажатлари иш баҳосини аниқлаш вақтида ва смета тузилаётганда назарда тутилган харажатлардан кам бўлиши мумкин. Агар бу бажарилган иш сифатига таъсир этмаган бўлса, пудратчи ишлар учун пудрат шартномасида кўрсатилган баҳо бўйича ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолади .

Пудрат шартномасида пудратчининг тежами тарафлар (буюртмачи ва пудратчи) ўртасида тақсимланиши назарда тутилиши мумкин.

 

Олег ЗАМАНОВ,

 юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти