Карантин даврида олдинги йилларда кўрилган зарарни ҳисобга олиш мумкинми

preview

Карантин даврида фойда солиғи бўйича солиқ базасини камайтириш имконияти тўғрисидаги саволларга молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди:

- Карантин даврида олдинги йилларда кўрилган зарар ҳисобига фойда солиғи бўйича солиқ базасини қисқартириш мумкинми?

- Йўқ, сиз 2020 йил фойдасини олдинги солиқ даврларида кўрилган зарар суммасига фақат йил якунлари бўйича камайтиришингиз мумкин. Бунда 2020 йил фойдаси 50%дан кўп бўлмаган миқдорда камайтирилади.

2020 йил 1 январга қадар ҳосил бўлган зарарни 5 йилдан кўп бўлмаган муддат мобайнида келгусига ўтказиш мумкин. Яъни 2020 йил фойдасини 2015-2019 йилларда кўрилган зарарга 50% доирасида камайтиришингиз мумкин.

Бунинг учун йил якунлари бўйича Фойда солиғи ҳисоб-китобига 7-иловани тўлдириш лозим.

 

Эътибор беринг
Зарар - бу чегирилиши лозим бўлган харажатларнинг жами даромаддан ошиб кетишидир. Чегирилмайдиган харажатлар солиқ солинадиган фойдани камайтирмайди ва келгуси даврлар фойдаси ҳисобига қопланадиган зарарни кўпайтирмайди.

 

 

Buxgalter.uz тавсия қилади
Хўжалик юритишнинг мураккаб шароитларида реализация қилиш ҳажмларининг пасайишида чегирилмайдиган харажатларни қисқартиринг, сабаби кўпинча улар мақсадга мувофиқ бўлмайди ва иқтисодий жиҳатдан оқланмаган ҳисобланади.

 

- Ўтган йилда зарар кўрилган бўлса, бўнак тўловларини тузатиш мумкинми?

- Ўтган йилда кўрилган зарар, агар сиз IV чоракда фойда солиғи бўйича мажбуриятларга эга бўлмаган бўлсангиз, фақат шу йилнинг I чораги бўнак тўловларига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

II – IV чоракларда бўнак тўловлари аввалги чорак якунларидан келиб чиқиб ёки бўнак тўловлари тўғрисида маълумотнома асосида тўланади. Тегишинча, агар карантин даврида сизда фойда қисқарса, бўнак тўловлари ҳам камаяди.

 

Мисол
2019 йил якунлари бўйича кўрилган зарар
2019 йил якунлари бўйича:
  • корхонанинг жами даромади 5 000 млн сўмдан ошди.
  • кўрилган зарар 1 400 млн сўмни ташкил этди.
2020 йил якунлари бўйича солиқ солинадиган фойда 2 000 млн сўмга тенг.
2019 йил учун жами даромад 5 млрд сўмдан ошганлиги боис, 2020 йилда корхона бўнак тўловларини тўлайди.
2020 йил учун фойда солиғи ҳисоб-китобида у солиқ солинадиган фойдани 2019 йилда кўрилган зарар суммасига камайтириши мумкин, бироқ 50%дан кўп эмас: 2 000 х 50% = 1 000 млн сўм.
15% солиқ ставкасида 2020 йил учун фойда солиғи:
(2 000 – 1 000) х15% = 150 млн сўмни ташкил этади.
Ҳисобланган солиқ суммасидан бўнак тўловларининг ошган қисми фойда солиғи ёки бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши мумкин. Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига кўра солиқ тўловчига тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин .
Қопланмаган зарар: 1 400 – 1000 = 400 млн сўмни корхона келгуси йиллар фойдаси ҳисобига – 2021-2024 йилларда қоплаши мумкин.

 

- 2020 йилда зарар кўрилсачи?

- У ҳолда сиз келгуси йиллар фойдасини зарар суммасига камайтиришигиз мумкин.

2021 йилда фойдани қуйидагилардан кўп бўлмаган миқдорда камайтириш мумкин:

  • 2016-2019 йилларда кўрилган зарар ҳисобига 50%га;
  • 2020 йилда кўрилган зарар ҳисобига 60%га;

Жами камайтириш 60%дан ошмаслиги керак.