Полезное для бухгалтера в ноябре:
Нима учун янги ПФ-6011-сон Фармон қабул қилинди?
2020 йил 19 июнь куни Президент томонидан “Алоҳида солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Ушбу ҳужжатнинг маъноси ва амалий қўллаш масалалари тўғрисидаги саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди:
- Фармонга мувофиқ солиқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар бўйича имтиёзлар, агар уларнинг ўзида ушбу солиқдан озод қилиш тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса, ижтимоий солиққа нисбатан татбиқ этилмайди. Ушбу аниқлаштириш нима учун керак бўлди?
- Уларга асосан хўжалик юритувчи субъектлар барча солиқлардан озод этилган ҳужжатлар мавжуд. Улар ижтимоий солиқ шулар жумласидан, деб ҳисоблашган. Энди агар ушбу солиқ алоҳида кўрсатилмаган бўлса, ундан озод этиш ҳам мавжуд эмаслиги аниқ ёзилди.
- 2020 йил 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар-норезидентлардан харид қилинадиган ишлар бўйича ҚҚС бўйича имтиёзлар Ўзбекистонда доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар-норезидентлар томонидан тақдим этиладиган ишларга татбиқ этилмайди. Нима учун бу норма жорий этилди ва у нимани ўзгартиради?
- СКнинг янги таҳририга мувофиқ фаолиятни доимий муассасалар орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари ҚҚС тўловчиси ҳисобланади. Улар барча йирик инвестиция лойиҳаларига жалб этилган, компаниялар-резидентлар учун талай ишларни бажаришади ва Ўзбекистон ҳудудида ҚҚС билан товарлар ва хизматлар сотиб олишади.
Бироқ доимий ваколатхона орқали фаолият кўрсатган тақдирда баъзи хорижий инвесторларни солиқдан озод этадиган “аниқ” тусдаги қонуности ҳужжатлари амал қилишда давом этмоқда. Ва бундай “имтиёзлилар” жуда кўп. Шу боис, қонун ҳужжатларини СКга мувофиқлаштириш учун ПФ-6011-сон Фармон норезидентларнинг ишлари ва хизматлари бўйича ҚҚС бўйича имтиёзлар ДМ орқали амалга ошириладиган фаолиятга татбиқ этилмаслигини белгилайди.
Лекин энди ушбу норезидентлар ҚҚС бўйича ҳисобга олиш ва уни қайтариш бўйича амалдаги нормалардан фойдаланишлари мумкин, бу, албатта, уларга фойдали.
- Фармон билан ҚҚС бўйича имтиёзларни бекор қилиш ва НҲҲни Солиқ кодексига мувофиқлаштириш назарда тутилган. Илтимос, гап нима хусусида эканлигини тушунтирсангиз.
- Фармонда назарда тутилган ҚҚС бўйича имтиёзларни бекор қилиш Солиқ кодекси билан боғлиқ эмас. Гап ҳозиргача айрим тармоқлар, фаолият соҳалари ва хўжалик юритувчи субъектлар учун қонуности ҳужжатларига мувофиқ амал қилиб келган имтиёзлар хусусида бормоқда. Умуман ўша қўшилган қиймат яратиш занжиридаги узилишларни бартараф этиш жараёни бормоқда.
Масалан, айни пайтга қадар «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ расмий дилерларининг автомобилларни таъмирлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш бўйича хизматлар, ушбу хизматларни кўрсатиш вақтида ўрнатиладиган эҳтиёт қисмлар, узеллар, агрегатлар ва материалларни уларнинг савдо тармоғи орқали сотиш бўйича ҚҚС бўйича имтиёзлар амал қилган . ҚҚСдан озод қилиш солиқни ҳисобга олиш имконини бермаган, у товар қийматига киритилган, бу эҳтиёт қисмларнинг қимматлашишига олиб келган.
- Кўпчилик ҚҚС бўйича имтиёзларни бекор қилиниши нархларнинг ошишига олиб келади, деб ҳисоблашади. Шундай эмасми?
- Харидорлар учун эҳтиёт қисмларнинг қиймати ошмайди. Бугунги кунда дилерлар ҚҚСни ўз айланмасидан тўлайди, 1 октябрдан эса улар солиқни ҳисобга олишлари мумкин ва ҳатто ўз хизматларини арзонлаштиришлари мумкин.
- 1 октябрдан бошлаб ҚҚС нефть ва газ учун қидирув ва разведка ишларини амалга оширадиган чет эл компаниялари, шунингдек улар томонидан жалб қилинадиган чет эл пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари томонидан қидирув, разведка ва бошқа шунга боғлиқ ишларни амалга ошириш учун зарур ускуналар, моддий-техник ресурслар ва хизматларни импорт қилишда тўланади. Бу ишлар ва хизматлар қимматлашишида ўзини намоён қилмайдими?
- Намоён қилмайди. Қўшилган қийматни яратиш занжири эса узилмайди. Зикр этиб ўтилган тузилмалар русурс солиқлари – ер, сув, мол-мулк солиқларидан озод этилган. Бироқ, шу билан бирга, агар мен инвестиция киритсам ва ҳамма нарсани ҚҚС билан харид қилсам, мен солиқ тўловчиси бўлишим ва унга барча харажатларни бюджетдан қоплашим керак бўлади. ҚҚС нейтраллиги талаби ҳам шундан иборатдир. Озод этиш буни амалга ошириш имконини бермаган ва солиқ суммаси хорижий инвесторларнинг ишлари қийматига қўшилган.
- “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси аъзолари томонидан импорт қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материалларга нисбатан ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинади. Нима учун?
- Ушбу имтиёз тармоқнинг ҳамма корхоналарига нисбатан эмас, балки уюшма аъзоларига нисбатан амал қилган. Бу адолатдан эмас. Энди эса импорт божлари ва акциз солиғи бўйича имтиёзлар тўқимачилик саноатининг барча корхоналарига нисбатан татбиқ этилади. Мен уюшма аъзоси эканлигим ёки аъзоси эмаслигимнинг аҳамияти йўқ: агар мен ушбу хом ашёни импорт қилсам, имтиёзни қўллашим мумкин.
- Фармонда мамлакат ичида Ўзбекистон норезидентларига товарни реализация қиладиган корхоналар томонидан экспортёрлар учун назарда тутилган имтиёзларни қўллашнинг низоли масалалари тартибга солинган. Гап нима хусусида бормоқда?
- Бугунги кунда, қачонки мен республика ичида норезидентга товар сотсам, мен қонуности ҳужжатларига мувофиқ ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллайман. Бу масала бўйича солиқ органлари билан кўп низолар бўлган, сабаби бу норма бекор қилинмаган ва Солиқ кодексига зиддир. Солиқчилар жойларда кўпинча ноль даражали ставкани қўллашни рад этишган. Энди бундай айланмалар бўйича ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини 2020 йилнинг 1 октябрига қадар қўллаш мумкинлиги аниқ белгиланган. Ўйин қоидалари анча шаффофлашмоқда ва бу яхши. 1 октябрдан бошлаб, агар мен товарни ички бозорда норезидентга валютага сотсам, ноль даражали ставкани қўллаб бўлмайди. СКга мувофиқ 0% даражали ставкани хўжалик юритувчи субъектлар экспорт қилишда – қачон товар Ўзбекистон божхона чегарасидан кесиб ўтганда қўллашга ҳақлидирлар.
- Энди эса ипотека бўйича кредитлашда солиқ имтиёзлари бўйича бир нечта саволлар.
СКнинг янги таҳрири қабул қилингунга қадар 18.05.2007 йилдаги ПФ-3878-сон Фармон ва 22.11.2016 йилдаги ПҚ-2660-сон қарор билан ўрнатилган тартиб амал қилган. Ёш оилалар, қурувчилар, кредитлар бўйича бирга қарз олувчи ҳисобланган уларнинг оила аъзолари ЖШДС бўйича солиқ имтиёзларидан фойдаланишган.
1 апрелдан бошлаб оила таркиби, ёши ва ҳоказодан қатъи назар барча оилалар ва фуқаролар учун ягона бўлган – ипотека бўйича кредитлашни имтиёзлаштиришнинг янги механизми амал қилишни бошлаши керак эди.
Ва мана ПФ-6011-сон Фармон илгари амал қилган имтиёзлар муддатини 2021 йил 1 январга қадар узайтирмоқда. Бу ипотека бўйича СК имтиёзлари 1 апрелдан бошлаб амал қилмаслигини билдирадими?
- Улар амал қилмоқда. Ипотека бўйича уй-жой сотиб оладиган ҳар қандай қарз олувчи ундан фойдаланишга ҳақли. Имтиёзни қўллаш тартиби Президентнинг ПФ-5886-сон Фармони ва ПҚ-4701-сон қарори билан тартибга солинади, улар ушбу кредитларни субсидиялаш тартибини очиб беради. Барибир ипотека бўйича уй-жой сотиб олишни хоҳловчи Ўзбекистон фуқаролари ушбу имкониятлардан фойдаланишга ҳақли.
- Июнь ойида ипотекани расмийлаштирадиган ёш оила энди СКда мавжуд бўлмаган эски имтиёзлардан фойдаланишга ҳақлими? Улар 2021 йил 1 январга қадар узайтирилганку?
- Йўқ, ҳақли эмас. Банклар ипотека кредитлари беришнинг янги тартиби бўйича ипотека беради (ПФ-5886-сон Фармон ва ПҚ-4701-сон қарорга қаранг). Яъни 1 апрелдан кейин ипотекани расмийлаштирадиган ёш оилалар 2007-2019 йилларда амал қилган эски қоидалар бўйича имтиёзларни қўллай олишмайди.
Бундай ҳолда ушбу қоидаларни 2021 йил 1 январга қадар узайтиришнинг маъноси нима?
- Ипотека кредитларини сўндириш жараёни кўп йилларни талаб этади. Масалан, сиз 2010 йилда 15 йилга шундай кредит олдингиз. Демак, сиз 2024 йилда у бўйича тўловларни амалга ошириб бўлган бўлишингиз керак. ПФ-6011-сон Фармон чиққунга қадар илгари амал қилган имтиёзлар сиз 2020 йил 1 апрелдан амалга оширишингиз керак бўлган тўловлар бўйича амал қилишни тўхтатган. Энди ушбу муддат 2021 йил 1 январга қадар узайтирилган.
Илгари ушбу имтиёзлар даромадларидан қатъи назар барча қарз олувчиларга тақдим этиларди. Таҳлилнинг кўрсатишича, ипотека бўйича кредитлаш бўйича ЖШДСдан озод қилиш юқори даражада даромадга эга оилалар учун номутаносиб равишда кўпроқ фойдали. Буни Осиё тараққиёт банки экспертлари ҳам тасдиқлашди. СКда назарда тутилган ипотека бўйича кредитлашни имтиёзлаштиришнинг янги тартиби ижтимоий адолат тамойилларига кўпроқ жавоб беради.