Янгиликлар

Ўзбекистон Давлат бюджети пандемия сабабли қанча маблағ йўқотди

11.08.2020

Карантин чора-тадбирлари иқтисодий фаолликнинг сусайишига ва, бунинг оқибатида, – ғазнага келиб тушадиган тушумларнинг камайишига олиб келди. Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 1 июль ҳолатига Давлат бюджети даромадларининг ижроси бўйича шарҳдан шундай хулосага келиш мумкин. «Норма» етакчи эксперти Жорилла АБДУЛЛАЕВ ушбу шарҳни батафсил ёритиб берди.


– МВ маълумотларига кўра, 2020 йил I ярмидаги Давлат бюджети даромадлари 58,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йил мос даврига нисбатан 7,5 трлн сўмга (14,8%) кўпдир.

Бир қарашда, бюджет даромадлари маромида тушаётгандек кўринади. Бироқ чоракма-чорак тушумлар таҳлил қилинса, бошқача манзара намоён бўлади. I чоракда даромадлар ўтган йил мос даврига нисбатан 23,4%га ошди. Бундай ўсиш суръати II чоракда ҳам сақланиб қолганда, I ярим йилликда ғазнага қарийб 62,6 трлн сўм тушган бўларди. Шу тариқа, бир маромда ўсиш суръатлари гипотезасидан келиб чиқилса, бюджетнинг ҳисоб-китоб қилинган йўқотишлари тахминан 4,4 трлн сўмни ташкил этади. Пандемия сабабли иқтисодий фаолликнинг кескин сусайиши бунинг асосий сабабчиси ҳисобланади. 

Бу кўпми ёки камми? Йўқотишлар бордек гўё, бироқ тушумларнинг ўсиши ҳам кузатилди. Солиқларнинг турлари бўйича тушумини таҳлил қилиб, буни яққол кўриш мумкин. Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми (80%дан ортиғи) қуйидаги бешта асосий солиқ ҳисобига шаклланди: ҚҚС (24,6%), фойда солиғи (20,3%), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (13%), ЖШДС (12,5%), акциз солиғи (10%). Шундай қилиб, қанча келиб тушди, асосий солиқлар бўйича тушумлар ўсиши ёки пасайишининг сабаби нимада:

Солиқ тури

2019 йилнинг I ярми, трлн сўмда

 

2020 йилнинг I ярми,

трлн сўмда

Ўсиш/пасайиш

Тушумлар ўсиши ёки пасайишининг сабаблари

ҚҚС

16,3

14,3

- 14,0%

Пасайиш сабаблари:

  • иқтисодий фаолликнинг пасайиши;
  • ҚҚС ставкасининг 20%дан 15%га камайтирилиши (2019 йил 1 октябрдан);
  • манфий ҚҚС барча солиқ тўловчиларга қоплаб берилмоқда (илгари фақат экспорт қилувчиларга қоплаб берилган);
  • сотиб олинган асосий воситалар бўйича ҚҚС бир йўла қопланмоқда (илгари 12/36 ой давомида қопланган).

 

Пасайишга тўсқинлик қилган омиллар:

  • ҚҚС тўловчилари сонининг ўсиши (01.01.20 йил ҳолатига – 85 773, 01.07.20 йил ҳолатига – 97 815);
  • импорт ҚҚС бўйича имтиёзларнинг бекор қилиниши;
  • электрон ҳисобварақ-фактураларнинг жорий этилиши

Фойда солиғи

6,7

11,8

76,1%

Ўсиш омиллари:

  • солиқ базавий ставкасининг 12%дан 15%гача оширилиши;
  • тоғ-кон саноати корхоналарига солиқ солиш тартибидаги ўзгаришлар;
  • қимматбаҳо металлар нархининг сезиларли даражада ошиши;
  • солиқ тўловчилар сонининг ўсиши (01.01.20 йил ҳолатига – 47 000, 01.07.20 йил ҳолатига – 103 000).

 

Эҳтимолий ўсишга тўсқинлик қилган омиллар:

  • пандемия сабабли иқтисодий фаолликнинг пасайиши;
  • II чоракдан бошлаб бўнак тўловларини тўлаш тизимининг ўзгариши

ЖШДС

6,2

7,3

17,7%

Ўсиш омиллари:

  • жами МҲТФнинг ўсиши (I чоракда) ва энг кам иш ҳақининг 18%га ошиши;
  • давлат улушига эга корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкасининг 25%дан 12%гача камайтирилиши;
  • кичик тадбиркорлик субъектлари ва иқтисодиётнинг айрим тармоқлари учун май ойидан бошлаб ижтимоий солиқ ставкасининг 12%дан 1%гача камайтирилиши.

 

Эҳтимолий ўсишга тўсқинлик қилган омиллар:

  • пандемия сабабли иқтисодий фаолликнинг пасайиши;
  • ходимга тўланадиган, солиқ солинмайдиган моддий ёрдам суммасининг 4,22 МҲЭКМдан 7,5 МҲЭКМгача оширилиши

Айланмадан олинадиган солиқ

0,94

0,63

- 49,2%

Пасайиш омиллари:

  • иқтисодий фаолликнинг пасайиши;
  • солиқни тўлаш муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконини бериш;
  • тўловчиларнинг бир қисми йил якунлари бўйича айланма суммаси 1 млрд сўмдан ошганлиги учун умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтганлиги (ҚҚС ва фойда солиғига қаранг)

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ

6,8

7,6

11,8%

Ўсиш омиллари:

  • қимматбаҳо металлар нархининг ошиши (олтиннинг нархи 26%га ўсди);
  • солиқ ставкаларининг 15%га индексация қилиниши

Мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ

2,4

2,1

-14,3%

Пасайиш омиллари:

  • пандемия сабабли иқтисодий фаолликнинг пасайиши;
  • солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилиши.

 

Пасайишга тўсқинлик қилган омиллар:

  • ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларининг индексация қилиниши (15%га);
  • алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларининг оширилиши (60 баравар);
  • мол-мулк солиғи қайта баҳоланган (бозор) қиймати асосида ҳисоблаб чиқариладиган тўлиқ амортизацияланган биноларнинг солиқ солишга жалб қилиниши;
  • бозорлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва бошқаларнинг ушбу солиқларни тўлашга ўтказилиши

Шундай қилиб, асосий тамойиллар қандай тусга эга?


Қуйидагилар солиқлар тушумининг пасайишига олиб келди:

  • солиқ тўловчиларнинг иқтисодий фаоллигига таъсир кўрсатган пандемия;
  • ҚҚС – бюджет даромадларининг асосий қисмини ташкил этувчи солиқ ставкасининг пасайтирилиши ва йил бошидан тақдим этилган бошқа имтиёзлар;
  • биринчи навбатда кичик бизнесга ва пандемиядан энг кўп жабрланган соҳаларга (туризм, умумий овқатланиш корхоналари ва б.) тадбиркорларнинг фаоллигига боғлиқ бўлмаган солиқлар (мол-мулк, ер солиқлари), шунингдек ижтимоий солиқ ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёз ва преференцияларнинг берилиши.


Қуйидагилар солиқлар тушумининг ўсиши омилига айланди:

  • тоғ-кон саноати корхоналари ҳисобига фойда солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумларнинг ўсиши. Улар учун солиқ ставкалари оширилди, фойдага солиқ солиш тартиби ўзгарди. Қимматбаҳо металлар нархининг ошиши билан бирга бу бюджет даромадларининг сезиларли даражада ўсишига олиб келди;
  • тўловчиларнинг бир қисми 2019 йил якунлари бўйича айланма суммаси 1 млрд сўмдан ошганлиги учун умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтганлиги;
  • ресурс солиқлари ставкаларининг индексация қилиниши ва оширилиши;
  • I чоракда солиқ тушумларининг анча юқори суръатлари;
  • давлат корхоналарининг 2019 йилда олинган соф фойдасидан давлат улушига ҳисобланган дивидендларнинг тўлиқ миқдорда бюджетга йўналтирилиши;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, судлар ва прокуратура, вазирлик ва идораларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, бож ва жарималардан ажратмалар ҳисобига шаклланган, депозит ҳисобварақларида мавжуд маблағлар қолдиғи 50%ининг бюджетга ўтказилиши.


Асосий хулосалар:

1. Пандемия тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига жиддий салбий таъсир кўрсатди, бу эса бюджетга солиқлар тушумида акс этди.

2. Давлат томонидан кўрилган чора-тадбирлар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни муайян даражада ҳал қилди, Давлат бюджети даромадларини таъминлаш билан боғлиқ катастрофик вазиятдан қочиб қутулиш имконини берди.

3. Кичик бизнесни имтиёз ва преференциялар ҳисобига қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ солиш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Бунда республикамиздаги энг йирик корхоналар бюджет йўқотишларини қоплайдиган ва солиқлар тушумини таъминлайдиган асосий субъектларга айланди.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь