Ускуналарга юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ солиш қонунийми?

preview

“Солиқ органи корхонанинг мол-мулк солиғи бўйича ҳисоботини таҳлил қилиб, солиқ базасига ускуна ва ўлчов асбоблари қийматини киритишни талаб қилди. Бу қонунийми?”.

Ушбу саволга buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма” эксперти Олег ЦОЙ жавоб берди:

- Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг солиқ солиш объекти – бу кўчмас мулкдир .

Фуқаролик кодекси кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулкни киритади. Бошқача айтганда, бу - белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлардир

Бироқ солиқ солиш мақсадларида кўчмас мулкка қуйидагилар киради:

  • бинолар ва иншоотлар, улар давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлса;

 

Buxgalter.uz тавсия қилади

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби махсус Низомда белгиланган.

Мисол учун, қурилиш даврида вақтинча фойдаланиш учун қурилган вақтинчалик иморатларга бўлган ҳуқуқлар рўйхатдан ўтказилмайди.

Агар сизда у ёки бошқа бино (иншоот) давлат рўйхатидан ўтказилишига нисбатан шубҳа бўлса, расмий сўров билан кадастр органига мурожаат қилишни тавсия қиламиз.

 

  • қурилиши тугалланмаган объектлар, яъни лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар. Агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, - объектнинг қурилишига рухсатнома олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида;
  • темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар;
  • қурилиш ташкилотлари ёки иморатларни қурувчилар балансида кейинчалик сотиш учун кўрсатилган турар жой кўчмас мулк объектлари. Унга қўчмас мулк объекти фойдаланишга топширилгандан кейин 6 ой ўтгач солиқ солинади.

Кўрганимиздек, мазкур рўйхатда ускуналар ва ўлчов асбоблари йўқ. Бинобарин, солиқ органининг талаби қонунга хилофдир.

 

Эътибор беринг

Қуйидаги кўчмас мулк объектлари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди:

  • нотижорат ташкилотлари томонидан нотижорат фаолиятини амалга ошириш доирасида фойдаланиладиган объектлар;
  • турар жой-коммунал хўжалигининг ва белгиланган мақсади бўйича фойдаланиладиган бошқа умумфуқаровий аҳамиятга молик шаҳар хўжалиги объектлари.
  • умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари;
  • суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари;
  • солиқ тўловчининг балансида бўлган ҳамда тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилмаётган, фуқаро муҳофазаси ва сафарбарлик аҳамиятига молик объектлар;
  • табиатни муҳофаза қилиш ва санитария-тозалаш мақсадлари, ёнғин хавфсизлиги учун фойдаланиладиган объектлар;
  • ер участкалари.