«Кўринмас» ЭҲФ ва «кезувчи» реквизитлар

preview

Раҳбар ёки бош бухгалтер, юридик манзил ёки хизмат кўрсатувчи банк ўзгарганда ЭҲФ тизимидаги реквизитларни эскилари ҳужжатларда бошқа пайдо бўлмайдиган қилиб (амалиётда шундай ҳолатлар учраб туради) қандай алмаштириш мумкин? Ҳисобварақ-фактуралар ва бошқа электрон ҳужжатлар контрагентга етиб бормаса, нима қилиш керак? ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИТМ ЭҲФни жорий этиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Нозим ТЎРАЕВ buxgalter.uz илтимосига кўра электрон ҳужжат айланиши тизимида ишлашнинг нозик жиҳатлари ҳақида гапириб берди:


Реквизитлар

– Электрон ҳужжатларда доим тўғри ахборот акс этиши учун бир нечта оддий қоидага амал қилиш лозим:

1. Ҳужжатни имзолашда фойдаланиладиган электрон рақамли имзо ҳужжатни имзолаш ваколати берилган ходим номига берилган бўлиши керак. Тизимнинг талабларига кўра у юридик ёки жисмоний шахснинг ЭРИ бўлиши мумкин. Асосийси, у ҳужжатни имзолаётган ходимга тегишли бўлиши керак.

ЭРИни масофадан туриб олиш мумкин. Йўриқномани бу ерда ўқинг.

2. Айрим электрон ҳужжат айланиши операторлари электрон ҳужжатлар шаклларини ташкилот СТИРи киритилганда солиқ органларининг маълумотлар базасидан автоматик равишда ахборот оладиган функционал билан таъминлайдилар.   

Раҳбарингиз, бухгалтерингиз ёки юридик манзилингиз ўзгарган бўлса, 10.07.2014 йилдаги 2600-сон Низомга 8 ва 9-иловалар билан тасдиқланган, тўлдирилган шаклларни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали 10 кун ичида солиқ органларига жўнатишингиз керак.

Янги директор ва бош бухгалтер тўғрисидаги ахборотни ҳисоб маълумотларига тез киритиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетининг «Ҳисоб маълумотлари» бўлимидаги «Ҳисоб маълумотларини ўзгартириш» тугмачасидан фойдаланиш мумкин.

3. Юқорида айтилганларнинг ҳаммасини бажарган бўлсангиз, бироқ электрон ҳужжатларингизда барибир эскирган ахборот қайд этилган майдонлар қолаётган бўлса, ЭҲА операторингизнинг call-марказига ёрдам сўраб мурожаат қилишингиз лозим. Улар масофадан туриб созлашда ёрдам берадилар.


Контрагент ЭҲФни кўрмаяпти

Баъзан жўнатган ҳужжатларингиз роуминг-оператор ёки контрагентда акс этмаслиги мумкин. Қуйидаги ҳолларда шундай вазиятлар юзага келади:

  • ҳужжат шаклини тўлдириш чоғида хатоларга йўл қўйилган бўлса;
  • контрагент бу турдаги ҳужжатни (масалан, ишончнома ёки ТТЮ) қўлламайдиган оператор хизматларидан фойдаланса. Истисносиз барча ЭҲФ операторлари фақат электрон ҳисобварақ-фактураларни айирбошлаш билан шуғулланади;
  • ортиқча юклама тушиши оқибатида техник муаммолар юзага келса ва ҳ.к.

Электрон ҳужжатни шакллантираётганда операторнинг йўл-йўриқларига қатъий амал қилинг ва маълумотларни қайта текширинг. Мисол учун, ЭҲФни шакллантираётганда ҚҚС тўловчиси эҳтиётсизлик оқибатида уни тўламаслигини кўрсатиши мумкин. ЭҲФ роуминг оператори автоматик равишда хатони кўриб, ҳужжатни жўнатувчига қайтаради. Бундай ЭҲФ my.soliq.uz порталида ҳам, контрагентда ҳам кўринмайди.

Товар ишончнома асосида етказиб берилиши бошқа вазият… Электрон ишончнома кимнинг номига берилган бўлса, ўша шахс томонидан имзоланмагунча контрагент уни кўрмайди. Яқин пайтгача бу электрон ҳужжат айланишидаги энг долзарб муаммо эди, ҳозир эса расмийлаштириш қоидалари анча ўзлаштирилгани боис у кўп юзага келмаяпти. Шу ва шунга ўхшаш муаммоларни ҳал қилиш учун хатони бартараф этишнинг ўзи кифоя.

Қандай қилиб электрон ишончномани тузиш ва унинг асосида расмийлаштирилган ЭҲФни имзолаш ҳақида бу ерда ўқинг. 

Шунингдек шартнома тузиш чоғида, биргаликда ишлаш жараёнида нафақат ЭҲФдан, балки электрон шаклдаги бошқа ҳужжатлардан ҳам фойдаланишни режалаштираётган бўлсангиз, ҳамкорингиз билан ушбу жиҳатни албатта келишиб олинг. Келгусида муаммолар юзага келмаслиги учун иккала тарафнинг ЭҲФ операторлари ушбу ҳужжатларни айирбошлашни қўллашлари керак. Муаммо қайси оператор хизматларидан фойдаланишни танлаш йўли билан ҳал этилади.

Техник муаммоларни операторларнинг ўзлари ҳал қиладилар. Ортиқча юклама ва узилишлар – вақтинчалик муаммо. Ҳозир ЭҲА тизимининг барча бўғинларида моддий-техникавий базани мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Муаммолар юзага келганда улар ҳақида ЭҲФ роуминг оператори ёки операторига хабар бериш керак, бу уларни тезкор ҳал қилиш имконини беради.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.