Молия вазирлиги тавсия этади: чегирмаларни қандай қилиб тўғри ҳисобга олиш мумкин

preview

2020 йил 30 июнда янги 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар» (рўйхат рақами 3259) тасдиқланган эди. Унда ТМЗни ҳисобга олишнинг асосий нормалари, шунингдек уларни олишга ишончномаларни расмийлаштириш тартиби акс эттирилган. Бухгалтерлар, аудиторлар ва солиқ маслаҳатчиларида 16-банд – ТМЗ харид қилинганда олинган чегирмалар, айнан: чегирмаларни, айниқса, 4-сон БҲМС 16-банди 6-хатбошисига мувофиқ «улушли» чегирмаларни қандай қилиб тўғри қўллаш ҳамда мол етказиб берувчи ва харидорнинг ҳисобида акс эттириш мумкин, деган саволларни юзага келтирди.

Вuxgalter.uz шу саволлар билан Молия вазирлигига мурожаат қилди ва қуйидаги батафсил тушунтиришни олди:


– «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги ЎРҚнинг 10-моддасига мувофиқ, хўжалик шартномаси етказиб бериладиган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) миқдори, баҳосини, ҳисоб-китоб қилиш тартибини, шунингдек бошқа муҳим шартларни назарда тутиши керак. Шу муносабат билан харидорга чегирмалар бериш шартлари шартнома билан белгиланади.

4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар» (рўйхат рақами 3259, 30.06.2020 й.) 16-бандига кўра, шартномага мувофиқ товар-моддий захиралар чегирма билан харид қилиниши қуйидаги тартибда бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади:

а) харидор томонидан товар-моддий захираларни қабул қилиш санасида олинган (фойдаланилган) чегирмалар, агар тасдиқловчи бирламчи ҳисоб ҳужжатлари мавжуд бўлганда, улар харид қилинган товар-моддий захиралар қийматини камайтиришга олиб борилади (сотиб олиш харажатлари таркибига киритилмайди).

Мисол

«XXX» МЧЖ савдо корхонаси «УУУ» МЧЖ билан «А» товарини харид қилиш тўғрисида шартнома тузди. Шартнома шартларига кўра, «А» товарининг бир бирлиги баҳоси 8 500 сўмни ташкил этади. Шартномада «А» товарининг муайян миқдори харид қилинганда чегирмалар беришнинг қуйидаги шартлари ҳам кўрсатилган:

  • 500 тадан – 1 000 та бирликкача – баҳосининг 3%и;
  • 1001 тадан – 2 000 та бирликкача – баҳосининг 5%и;
  • 2 000 та бирликдан ортиқ – баҳосининг 7%и.

«XXX» МЧЖ савдо корхонаси чегирма бериш шартларидан фойдаланиб, «А» товарининг 1 000 та бирлигини харид қилади. Яъни қуйидаги суммага

8 245 000 сўм (8 500 х 1 000) х (100 – 3%) / 100 ёки (чегирма ҳисобга олинмаганда товар қиймати: 8 500 х 1 000 бирл. = 8 500 000 сўм; чегирма суммаси: 8 500 000 х 3% = 255 000 сўм; чегирма ҳисобга олинганда товар қиймати: 8 500 000 – 255 000 = 8 245 000 сўм).

Олинган чегирмани ҳисобга олган ҳолда товар-моддий захираларни харид қилиш бўйича мазкур операция бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тарзда акс эттирилади:

Материалларни ҳисобга олувчи счёт (1000) ёки товарларни ҳисобга олувчи счёт (2900) дебети – 8 245 000 сўмлик суммага.

Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счёт (6000) кредити – 8 245 000 сўмлик суммага.

Ёки (товарларни харид қилиш бўйича бирламчи ҳисоб ҳужжатларида чегирма суммаси ажратиб кўрсатилган бўлса):

Материалларни ҳисобга олувчи счёт (1000) ёки товарларни ҳисобга олувчи счёт (2900) дебети – 8 500 000 сўмлик суммага.

Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счёт (6000) кредити – 8 500 000 сўмлик суммага;

бир вақтнинг ўзида, чегирма суммасига:

Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счёт (6000) дебети – 255 000 сўмлик чегирма суммасига.

Материалларни ҳисобга олувчи счёт (1000) ёки товарларни ҳисобга олувчи счёт (2900) кредити – 255 000 сўмлик чегирма суммасига;

б) товар-моддий захиралар олинган (қабул қилинган) санадан сўнг уларни харид қилиш бўйича шартнома шартларини бажариш натижасида юзага келган (олинган) чегирмалар ташкилотнинг молиявий натижаларига олиб борилади ва сотиб олинган товар-моддий захиралар қийматини камайтирмайди.

Мисол 

«XXX» МЧЖ савдо корхонаси «УУУ» МЧЖ билан «А» товарини харид қилиш тўғрисида шартнома тузди. Шартнома шартларига кўра, «А» товарининг бир бирлиги баҳоси 8 500 сўмни ташкил этади. Шартномада чегирма беришнинг қуйидаги шартлари ҳам кўрсатилган:

  • товар етказиб берилганидан кейин 15 кун ичида ҳақи тўланганда – етказиб бериш қийматининг 3%и;
  • товар етказиб берилганидан кейин 10 кун ичида ҳақи тўланганда – етказиб бериш қийматининг 4%и;
  • товар етказиб берилганидан кейин 5 кун ичида ҳақи тўланганда – етказиб бериш қийматининг 5%и.

«XXX» МЧЖ савдо корхонаси 8 500 000 сўмлик (1 000 бирл. х 8 500 сўм) суммадаги 1 000 та товар бирлигини харид қилди, товар-моддий захираларни олиш (қабул қилиш) пайтида ҳақи қачон тўланиши номаълум, сабаби шартномага кўра етказиб берилган товар учун тўлов 60 кун ичида амалга оширилади.

Товар-моддий захираларни харид қилиш бўйича мазкур операция бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тарзда акс эттирилади:

Материалларни ҳисобга олувчи счёт (1000) ёки товарларни ҳисобга олувчи счёт (2900) дебети – 8 500 000 сўмлик суммага.

Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счёт (6000) кредити – 8 500 000 сўмлик суммага.

«XXX» МЧЖ савдо корхонаси чегирма бериш шартларидан фойдаланишга қарор қилди ва товар етказиб берилганидан кейин 12 кун ўтгач ҳақини тўлади. Шу тариқа, «XXX» МЧЖ 3% чегирма олади, сабаби чегирма шарти амал қилган даврда ҳақини тўлашга улгурди. Бу ҳолда чегирма суммаси 255 000 cўмни (8 500 000 х 3% = 255 000 сўм) ташкил этади.

Чегирма шартлари бажарилишини ҳисобга олган ҳолда етказиб берилган товар учун тўлов бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тарзда акс эттирилади:

Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счёт (6000) дебети – 8 500 000 сўмлик суммага.

Ҳисоб-китоб счётидаги пул маблағларини ҳисобга олувчи счёт (5100) кредити – 8 245 000 сўмлик суммага.

9390-«Бошқа операцион даромадлар» счёти кредити – 255 000 сўмлик суммага;

в) қўшимча товар-моддий захиралар натурал чегирма сифатида бепул олинганда, тасдиқловчи бирламчи ҳисоб ҳужжатлари мавжуд бўлганда, сотиб олинган товар-моддий захиралар қиймати барча олинган товар-моддий захиралар миқдорига (бепул олинган товар-моддий захираларни ҳам ҳисобга олган ҳолда) тақсимлаш орқали уларнинг таннархи аниқланади.

Мисол 

«XXX» МЧЖ савдо корхонаси «УУУ» МЧЖ билан «А» товарини харид қилиш тўғрисида шартнома тузди. Шартнома шартларига кўра, «А» товарининг бир бирлиги баҳоси 8 500 сўмни ташкил этади. Шартномада «А» товарининг муайян миқдори харид қилинганда натура ҳолида чегирмалар (натурал чегирма) беришнинг қуйидаги шартлари ҳам кўрсатилган:

  • 500 тадан – 1 000 та бирликкача – натурал чегирма сифатида қўшимча равишда бепул 50 та бирлик;
  • 1001 тадан – 2 000 та бирликкача – натурал чегирма сифатида қўшимча равишда бепул 100 та бирлик;
  • 2 000 та бирликдан ортиқ – натурал чегирма сифатида қўшимча равишда бепул 150 та бирлик.

«XXX» МЧЖ савдо корхонаси чегирма бериш шартларидан фойдаланиб, 1 000 та бирлик харид қилди ва харид қилиш пайтида натурал чегирма сифатида «А» товарининг қўшимча 50 та бирлигини бепул олди. 

Шу тариқа, «А» товарининг бир бирлиги қиймати натурал чегирма кўринишида қўшимча равишда бепул олинган товарларни ҳисобга олганда

8 095,24 сўмни (8 500 000 / (1 000 + 50) ташкил этади.

Натурал чегирмани ҳисобга олган ҳолда товар-моддий захираларни харид қилиш бўйича мазкур операция бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тарзда акс эттирилади:

Материалларни ҳисобга олувчи счёт (1000) ёки товарларни ҳисобга олувчи счёт (2900) дебети – 8 500 000 сўмлик суммага (1 050 та товар бирлиги ҳар бир товар бирлиги учун 8 095,24 сўмлик таннарх бўйича).

Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счёт (6000) кредити – 8 500 000 сўмлик суммага.

Бунда аналитик ҳисобда «А» товарининг 1 050 та бирлиги акс эттирилади, ҳар бир товар бирлиги таннархи 8 095,24 сўмни ташкил этади;

г) аввал етказиб берилган товар-моддий захиралар ҳисобидан қўшимча товар-моддий захиралар натурал чегирма сифатида бепул олинганда, 4-сон БҲМСнинг 16-бандида белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқарилган қўшимча олинган товар-моддий захиралар таннархи ҳисобот даврининг молиявий натижаларига олиб борилади.

Агарда товар-моддий захираларни сотиб олиш пайтида аввалги харид қилинган товар-моддий захираларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча товар-моддий захиралар натурал чегирма сифатида бепул олинганда, аввал харид қилинган ва охирги харид қилинган товар-моддий захираларга тўғри келадиган қўшимча бепул олинган товар-моддий захирлар улушлари аниқланади. Бунда охирги харид қилинган товар-моддий захиралар қиймати уларга тўғри келадиган қўшимча бепул олинган товар-моддий захиралар улушини ҳисобга олган ҳолда кирим қилинади. 

Мисол

«ABS» МЧЖ корхонаси 15.03.2020 йилда «XYZ» МЧЖ билан «В» товарини харид қилиш тўғрисида шартнома тузди. Шартнома шартларига кўра, «В» товари бирлигининг баҳоси

25 000 сўмни ташкил этади. Шартноманинг махсус шартларига кўра, харидор бир йил давомида жами 1 200 та бирликдан ортиқ

«В» товарини харид қилса, сотувчи натурал чегирма сифатида «В» товарининг 50 та бирлигини қўшимча равишда бепул беради.

«ABS» МЧЖ корхонаси 16.05.2020 йилда товарнинг 1 000 та бирлигини ва 10.08.2020 йилда яна товарнинг 400 та бирлигини харид қилди, натижада «XYZ» МЧЖ чегирма сифатида «В» товарининг 50 та бирлигини қўшимча равишда бепул берди (сабаби «ABS» МЧЖ «В» товарининг жами 1 400 та бирлигини харид қилди).

  1. Харид қилинган товарлар ҳар бир туркумининг улуши аниқланади:

(i) харид қилинган товарлар жами миқдорида аввалги харид қилинган товарлар туркумининг улуши (16.05.2020 й.):

1 000 / 1 400 х 100% = 71,4%;

(ii) товарлар умумий миқдорида охирги харид қилинган товарлар туркумининг улуши (10.08.2020 й.):

400 / 1 400 х 100% = 28,6%.

  1. Чегирма сифатида бепул олинган товарлар миқдори уларнинг улушидан келиб чиққан ҳолда аввалги ва охирги харид қилинган товарлар туркумига тақсимланади:

(i) аввалги харид қилинган товарлар туркумининг улушига (16.05.2020 й.) тўғри келадиган, бепул олинган товарлар миқдори:

71,4% х 50 = 36 бирлик;

(ii) охирги харид қилинган товарлар туркумининг улушига (10.08.2020 й.) тўғри келадиган, бепул олинган товарлар миқдори:

28,6% х 50 = 14 бирлик.

Охирги харид қилинган товарлар туркумига тўғри келадиган, бепул олинган товарлар улушини ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаб чиқарилган охирги товар туркуми бир бирлигининг таннархи 24 155 сўмни (25 000 х 400) / (400 + 14) ташкил этади.

Аввалги туркумга тўғри келадиган, уларнинг улушидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилган, бепул олинган товарларнинг 36 та бирлиги қиймати 868 725 сўмни (25 000 х 1 000 /1 000 + 36) х 36) ташкил этади, у ҳисобот даврининг молиявий натижаларига олиб борилади.

Натурал чегирма сифатида бепул олинган товарларни ҳисобга олган ҳолда товар-моддий захираларни харид қилиш бўйича юқорида кўрсатилган операция бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тарзда акс эттирилади:

а) 16.05.2020 йилда товарларнинг аввалги туркуми харид қилинганда (1 000 та товар бирлиги 25 000 сўмлик баҳода):

Материалларни ҳисобга олувчи счёт (1000) ёки товарларни ҳисобга олувчи счёт (2900) дебети – 25 000 000 сўмлик суммага.

Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счёт (6000) кредити – 25 000 000 сўмлик суммага;

6) 10.08.2020 йилда товарларнинг охирги туркуми харид қилинганда (10 000 000 сўмлик суммадаги (400 + 14) та товар бирлиги ва 868 725 сўмлик суммадаги 36 та товар бирлиги кирим қилинади):

Материалларни ҳисобга олувчи счёт (1000) ёки товарларни ҳисобга олувчи счёт (2900) дебети – 10 868 725 сўмлик суммага (10 000 000 + 868 725).

Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счёт (6000) кредити – 10 000 000 сўмлик суммага.

9390-«Бошқа операцион даромадлар» счёти кредити – 868 725 сўмлик суммага.

Шу тариқа, харидорнинг бухгалтерия ҳисобида чегирмаларни акс эттириш учун шартнома шартларига кўра чегирма берилишини қайд этувчи тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлиш зарур. Сабаби «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги ЎРҚнинг 14-моддасига ҳамда Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1297, 14.01.2004 й.) мувофиқ, корхоналар томонидан амалга ошириладиган барча хўжалик операциялари тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши керак, улар асосида бухгалтерия ҳисоби юритилади.

Сотувчида чегирмаларнинг бухгалтерия ҳисоби 21-сон БҲМС «Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби счётлар режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома» (рўйхат рақами 1181, 23.10.2002 й.) 379-бандида кўрсатилган тартибда амалга оширилади. 9050-«Харидорлар ва буюртмачиларга берилган чегирмалар» счёти шартнома шартларига кўра берилган сотишдан чегирмаларни ҳисобга олишга мўлжалланган. 

Қўшимча равишда шуни маълум қиламизки, 14.08.2020 йилда 489-сон ВМҚ билан тасдиқланган Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низом билан ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби белгиланган.