Ҳужжатлар айланиши тартибида нималар ўзгариши мумкин

preview

ҚҲТБТ порталида молия вазирининг Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилган. У қабул қилиниши билан нималар ўзгариши ҳақида «Норма» шарҳловчиси Лола АБДУАЗИМОВА гапириб берди:

- Бухгалтерлар хавотир олишмаса бўлади: туб ўзгартиришлар кўзланмаяпти. Низом лойиҳаси бошланғич ҳужжатларни расмийлаштириш чоғида қўшимча реквизитларни киритиш имкониятини назарда тутувчи норма билан тўлдирилди. Бошқа тузатишлар, асосан, таҳририй тусга эга.

Низом “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонун асосида ишлаб чиқилган ва ҳужжатларни тузиш, қабул қилиш, сақлаш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттиришнинг ягона тартибни белгилайди. Унинг амал қилиши Ўзбекистондаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларга  татбиқ қилинади, банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бундан мустасно.

Низом лойиҳасида корхоналар томонидан амалга ошириладиган барча хўжалик операциялари улар асосида бухгалтерия ҳисоби юритиладиган тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши лозимлиги қайд этилади.

Бошланғич ҳужжатларни ахборот тизимлари хизматларидан ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тузишга йўл қўйилади. Уларни сақлашда улардан эркин фойдаланиш ва уларнинг қоғоз нусхаларини тақдим этиш имконияти таъминланиши лозим.

Бухгалтерия ҳисобини автоматлаштиришда бошланғич ҳужжатлар реквизитлари кодлар кўринишида қайд этилиши мумкин. Бунда электрон шаклда тузилган бошланғич ҳужжат ва регистр унинг тўғри тузилиши учун жавобгар бўлган шахснинг ЭРИ билан тасдиқланиши лозим.

Низом:

  • бошланғич ҳужжатлар ва ҳисоб регистрларини тузиш, хатоларни тузатиш, сақлаш тартибини;
  • қатъий ҳисобдаги бланкаларни ҳисобга олиш, сақлаш, ҳисобдан чиқариш ва йўқ қилиш тартибини
  • умуман ҳужжатлар айланишини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Низомга иловаларда қуйидаги шакллар келтирилган:

  • қатъий ҳисобдаги бланкаларини ҳисобга олиш журнали;
  • қатъий ҳисобдаги бланкаларга олиш-назорат қилиш варағи;
  • корхона бўйича ҳужжатлар айланишининг намунавий графиги.

Таҳририятдан: лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.