Куйиб қолган фискал модулни алмаштириш учун ҳақ тўлаш зарурми

preview

 

Эътибор беринг
Материалга аниқлаштириш киритилди: агар фискал модуль тадбиркорлик субъектининг айби билан ишдан чиққан бўлса, уни алмаштириш пуллик бўлади.

 

Онлайн-ККМ ёки виртуал кассага ўтган тадбиркорлик субъектлари ҳар йили фискал маълумотлар операторига фискал модуль ва хизмат кўрсатиш учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида ҳақ тўлайди . ЯТТ ушбу пулларни нақд шаклда тўлаши мумкинми ёки тўлов албатта ҳисобварақдан ўтказилиши керакми? Агар ташкилот “картотекада” бўлса, қандай йўл тутиш лозим?  Турли вазиятларда ФМО ва хўжалик юритувчи субъект ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилади?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ бўлим бошлиғи Шерзод ТЕШАБОЕВ жавоб берди:

1. Якка тартибдаги тадбиркор айнан қай тарзда ФМОга тўловни амалга ошириши керак? Буни банк кассаси орқали нақд шаклда амалга оширса бўладими?

- Якка тартибдаги тадбиркор ушбу тўловни ҳам пул ўтказиш йўли билан, ҳам нақд шаклда банк кассаси орқали амалга ошириши мумкин. Касса орқали тўлаш чоғида тўлов тафсилотларида онлайн-НКМга ўтаётган ва фискал модуль олаётган якка тартибдаги тадбиркорнинг СТИРи кўрсатилган бўлиши муҳим. Ушбу шартга риоя қилинган тақдирда ҳеч қандай муаммо юзага келмайди. ФМО тизимида барча тўловлар тадбиркорлик субъектлари СТИРлари бўйича идентификация қилинади.

2. Тадбиркорлик субъекти “картотекада”. Мазкур вазиятда ФМО хизматларига тўловни унинг учун учинчи шахс, масалан, муассис амалга ошириши мумкинми?

- Тадбиркорлик субъектининг банк ҳисоварағи “картотекада” бўлган вазиятларда тадбиркорлик субъекти учун тўловни амалга ошира оладиган кафилни жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу ҳолда кафиллик шартномаси расмийлаштирилади, «Янги технологиялар» ИАМ (ФМО), тадбиркорлик субъекти ва кафил, масалан, мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг муассиси унинг тарафлари бўлади.

3. Тадбиркорлик субъектига тақдим этиладиган ФМО хизматлари тўпламига нималар киради? Агар фискал модуль кейинчалик фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келса, ФМО ва  тадбиркор ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилади?

- Фискал маълумотлар оператори тадбиркорлик субъектларига қуйидаги хизматларни кўрсатади:

  • тадбиркорлик субъектларини ҳимояланган дастурий таъминот билан фискал модуль билан таъминлаш.

Агар фискал модулни алмаштириш зарур бўлса (у маълумотлар билан тўлган, амал қилиш муддати тугаган ёки ишдан чиққан ҳолларда), янги модуль қўшимча тўловсиз тақдим этилади. Истисно - фискал модулнинг тадбиркорлик субъектининг айби билан ишдан чиқиши.

Шунингдек, агар тадбиркорлик субъекти ТХКМни алмаштирса, унга янги ТХКМ томонидан бериладиган янги фискал модуль учун ҳам ҳақ тўлаш шарт бўлмайди;

  • онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекининг фискал маълумотларини 24/7 режимида қабул қилиш;
  • солиқ тўловчининг шахсий кабинетида товарларни/хизматларни тадбиркорлик субъектининг онлайн-НКМ ёки виртуал кассаси орқали реализация қилиш бўйича солиқ тўловчининг савдо шохобчалари кесимида саналар ва чеклар бўйича батафсил статистикани шакллантириш;
  • фискал маълумотларни ФМО серверларида 5 йил мобайнида сақлаш.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади