Янги ОТМ - ДСҚ ҳузуридаги Фискал институт ташкил этилди

preview

ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази негизида янги ўқув муассасаси - Фискал институт ташкил этилади. Бу Президентнинг 2020 йил 4 ноябрдаги қарорида назарда тутилган. Батафсил – norma.uz портали шарҳида.

Фискал институт қуйидаги соҳаларда олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлайди:

  • солиқлар ва солиққа тортиш;
  • молиявий назорат ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи,  иқтисодиётда IT.

Бу ерда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг замонавий усуллари, халқаро солиққа тортиш, трансферт нархларни белгилаш, таваккалчиликларни таҳлил қилиш, бизнес-таҳлил технологиялари (Business Intellegence) ва солиқ маъмуриятчилигида илғор ахборот технологияларини (Big Data) қўллашга ўқитилади.

Фискал институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан кредит-модуль тизими асосида бошланади. Битирувчи босқич бакалаврлари бевосита солиқ органлари маъмурий биноларида ўқишади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг (иш берувчилар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида - сиртқи таълим шаклида ўқитиш ҳам назарда тутилган. Сиртқи ва кундузги таълим шаклида таълим йўналишлари бир хил. Талабаларнинг сиртқи таълим шаклида ўқиши учун тўлов уларнинг иш берувчилари томонидан амалга оширилади.

Фискал институтда кадрларни тайёрлаш учун буюртмаларни шакллантириш тартиби

Давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари ҳар йили иш берувчиларнинг институт томонидан тайёрланадиган кадрларга бўлган эҳтиёжлари ҳақидаги маълумотларни ДСҚга тақдим қилади. ДСҚ институтга қабул параметрларини бакалавр ва магистрларга бўлган эҳтиёжни ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида таҳлил қилиш асосида мустақил белгилайди.  Ташкилотлар, шу жумладан, бизнес жараёнда иштирок этишга, шу жумладан - кадрларни мақсадли тайёрлаш учун тўловни, битирувчилар ўқишни тугатганидан сўнг муайян муддат давомида узлуксиз ишлаш мажбуриятини қабул қилган ҳолда, амалга оширишга ҳақли.

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари эга бўлган ҳуқуқлар билан бир қаторда, Фискал институт қуйидагиларга ҳақли:

  • таълим йўналишларига ўзгартириш киритиш, ўқув режалари ва дастурларини ҳамда битирувчиларга қўйиладиган малака талабларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш (ОЎМТВ ҳамда ДСҚ билан келишилган ҳолда);
  • кредит-модуль тизимини ўқув жараёнига жорий этиш борасида профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини мустақил меъёрлаштириш, шунингдек, педагог ходимлар томонидан ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишлари, “устоз-шогирд” тизими бўйича ишларнинг бажарилишини рағбатлантириб бориш;
  • Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ва Academic Ranking of World Universities рейтингларининг барчасида бир вақтда биринчи 1000 та ўринни эгаллаган олий таълим ташкилотларининг таълим дастурларидан фойдаланган ҳолда ўқитишни ташкил этиш;
  • институт ҳузуридаги солиқ техникумларининг ўқув-услубий жараёнини мувофиқлаштириш, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, қабул параметрлари ва таълим йўналишларини белгилаш (2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Фарғона ва Тошкент солиқ коллежлари ҳам техникумга айланади, таҳр.)
  • солиқ техникумлари педагог ходимлари меҳнатини меъёрлаштириш;
  • ДСҚ билан келишилган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш;
  • ўқиш учун тўлов миқдорини ўрнатган ҳолда бакалавриат ва магистратурасига табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул параметрларини белгилаш;
  • илмий фаолиятга ва ўқув жараёнига ўқитувчилар ва мутахассисларни, шу жумладан, чет эллик олимларни шартнома асосида жалб қилиш;
  • институт ва унинг ҳузуридаги солиқ техникумларида номутахассислик фанларини ўқитиш ва факультатив машғулотлар ўтказишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш;
  • ДХШ тўғрисидаги барча турдаги, шу жумладан, институт ва солиқ техникумларининг бино ва иншоотларини қуриш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича келишувларни тузиш ва амалга ошириш;
  • молия йили учун институт ва солиқ техникумларининг даромадлар ва харажатлар сметасини, штат жадвалини, бизнес-режасини тасдиқлаш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш, ходимларига иш ҳақини тўлаш тизими ва тартибини белгилаш (ДСҚ билан келишилган ҳолда).

Фискал институт тузилмасида РФ Ҳукумати ҳузуридаги Молия университетининг бўлинмаси (факультети) ҳам очилади.  Унинг моддий-техник таъминотини молиялаштириш жорий йилда ДСҚнинг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси ҳисобидан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб - тўлов-контракт асосида тушган маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Norma.uz материаллари асосида