Маслаҳатлар

Инвентарлашни ўтказмаслик нимага олиб келади?

24.11.2020

Қонунчилик инвентарлашни ўтказмаслик ёки уни ўтказиш муддатларини бузганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарликни назарда тутмайди. Бироқ бу амалиётда ҳаммаси яхши бўлишини англатмайди. Бу масалага совуққонлик билан қараш оқибатлари ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан «TRI-S-Audit» аудиторлик компаниями директори Светлана ГОЛОСОВА гапириб берди:

- Инвентарлаш – бу, энг аввало, камомадни аниқлаш ва бухгалтерия ҳисобини қонунчилик талабларига мувофиқ келтириш имконини берадиган ички назорат дастагидир. Уни ўтказиш қоидалари 19-сон БҲМСда белгиланган.

Активларнинг сақланиши учун корхона раҳбари мулкдорлар олдида жавоб беради. У – асосий моддий жавобгар шахс. Унинг вазифаси – бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, активлар сақланишини ва улардан самарали фойдаланилишини назорат қилишни таъминлаш . У томонидан ваколат берилган шахслар ҳам ҳисоб учун жавобгар бўладилар.

Аудиторлик ташкилотлари текширув чоғида биринчи навбатда корхонада инвентарлашни ўтказиш бўйича 19-сон БҲМС талабларига риоя қилинишига эътибор берадилар. Агар – риоя қилинмаса, аудиторлар ёки улар ҳозирлигида инвентарлаш ўтказилишини ташкил қиладилар ёхуд ўзлари уни танланма асосда ўтказадилар ё – агар раҳбарият инвентарлашни ўтказишга тўсқинлик қилса – ўз хулосаларида тегишли ёзувни амалга оширадилар.

Инвентарлашни ўтказмаслик бошланғич ҳужжатларнинг юритилиши ва умуман, бухгалтерия ҳисобини юритиш корхонада жуда паст даражада ташкил этилганидан  далолат беради. Текширувчилар учун ўзига хос ишора...

Мен аудиторлар иштирокида ўтказилган, унинг натижалари бўйича корхонада ҳаммаси рисолагидек бўлган битта ҳам инвентарлашни мисол тарзида келтиролмайман. Ҳар доим тартибга келтириш лозим бўлган нимадир топилади: камомад, ҳисобга олинмаган ортиқча ашёлар, қайта навларга ажратиш. Дебиторлик/кредиторлик қарзини инвентарлаш раҳбарият пул маблағларининг ўз вақтида келиб тушишини қандай таъминлаётганлиги, уларни қандай сарфлаётганлиги, ҳисоб қанчалик тўғри юритилаётганлигини баҳолаш имконини беради. Шунингдек, инвентарлаш вақтида мол-мулк текширилади, унинг ҳолати аниқланади ва натижалар бўйича қайта баҳолаш амалга оширилиши мумкин.

Таъкидлайман: корхонада муаммолар инвентарлаш далолатномаларининг  мавжуд эмаслиги туфайли эмас, балки унинг натижасида тузатиб қўйиш мумкин бўлганлиги туфайли юзага келади.

Инвентарлашни номигагина ўтказиш ва барча ҳужжатларни тузиш мумкин, расман – тафовутлар бўлмайди. Бироқ ҳақиқатда ўтказилган инвентарлаш ёки текширув оқибатида бу нафақат қўшимча солиқларни ҳисоблаш ва ҳисоботларни қайта топширишга олиб келиши, балки мансабдор шахсларнинг маъмурий, баъзан эса жиноий жавобгарлиги билан якунланиши мумкин.

Биз инвентарлаш ўтказилишини талаб қилиб туриб олганимизда, бизда амалиётда шундай ҳолат бўлганди. Натижада бу нафақат ҳисобга тузатишлар киритиш, балки корхона раҳбариятини назорат қилувчи органларнинг эътирозларидан ҳам қутқариб қолиш имконини берди. Агар назорат қилувчи орган бухгалтерия ҳисоботини сохта (қалбаки) деб эътироф этса, жиноий жавобгарлик рўй беради. Бу қандайдир активлар ва мажбуриятлар ишончсиз кўрсатилган тақдирда рўй беради.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь