Маслаҳатлар

Декабрь учун ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш муддатларини яна узайтиришди. Ҳар доим шундай бўладими?

19.01.2021

Шанба куни ДСҚ 2020 йил декабрь учун ЭҲФни тақдим этишнинг сўнгги муддатини яна кўчирди. Бу гал муддатлар 20 январга қадар узайтирилди. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВАнинг фикрича, аниқ ҳисобот даври учун ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш муддатларини қатъий техник чеклаш амалиётидан воз кечиш зарур. Buxgalter.uz илтимосига биноан эксперт ўз позициясини тушунтирди:

– Мана уч ойдан буён ДСҚ ЭҲФни тақдим этиш муддатларини, 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-иловада назарда тутилгани каби, 10 сана билан техник чеклашга уриниб келмоқда. Бироқ ҳар ойда кўп сонли бухгалтерларнинг илтимосига биноан ушбу муддатларни узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинмоқда. Декабрь эса умуман кўчиришлар бўйича рекорд қўйди: дастлаб сўнгги санани 16 январга қадар кечиктиришди, энди эса умуман 20 январга қадар. Бу бухгалтерлар турли сабабларга кўра белгиланган муддатда улгура олишмаётганлиги туфайли рўй бермоқда.

Бухгалтерия тақдим этиши керак бўлган катта ҳажмдаги ҳисобварақ-фактуралар муаммоси сурункали тус оладиганга ўхшайди. У аввало  коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари, давлат муассасалари ва кўп мижозларга эга корхоналарга дахл қилади.

Тўғри, агар барча маълумотлар қўл остингизда бўлса, ҳисобварақ-фактурани 2-3 дақиқада тақдим этса бўлади. Бироқ, тасаввур қилинг, сиз уларни тақдим этишингиз лозим бўлганлар минглаб бўлса... Айнан катта ҳажмдаги ҳисобварақ-фактуралар - биз уларни доим кечиктириб ЭҲФ тақдим этилгани учун койийдиган коммуналчиларнинг асосий муаммоларидан биридир.

Ходимлар штатини ошириш ҳар доим ҳам мақсадга мувофиқ ва имкониятга эга эмас. Баъзи корхоналар шунчаки бунинг учун ресурсларга эга эмас, акс ҳолда шундоқ ҳам юқори бўлган хизматлар (товарлар) нархини оширишга тўғри келади.

Вазиятни my.soliq.uz порталида рўй берадиган доимий техник муаммолар ҳам оғирлаштиради. Катта юкламалар даврида у ишламай қолади, баъзан эса умуман профилактик ишлар учун ёпилади.

Агар ЭҲФни тақдим этиш даври талай дам олиш ва байрам кунларига тўғри келса, яхши вазият юзага келмайди. Кўп сонли ЭҲФда бу уларни ўз муддатида тақдим этиш имкониятини жиддий камайтиради.

Янгиликлар, уларга ҳам солиқ тўловчиларнинг, ҳам солиқ органларининг тайёр эмаслиги ишни секинлаштиради. Жумладан, масалан, икки ойдан буён МХИК кодлари тизими жорий этилмоқда. Бу ойда вақтинча ўнта белгили кодларни бериш имконияти бўлмади, фақат классификатор таклиф этган доимий бешта белгили кодлардан танлаш зарур бўлди. Бироқ, ахир ҳануз классификатор кўплаб товарлар ва хизматлар турлари бўйича кодларни сақламайди.

Масъул давлат органи томонидан амалга оширилиши лозим бўлган бешта белгили кодларни ўнта белгили кодларга айлантириш бўйича иш, шубҳасиз, катта камчиликлар билан амалга оширилган.

Мисол учун, декабрда мен солиқ маслаҳати хизматларини кўрсатаётган мижозларга ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш учун вақтинча код олдим. Бу ойда классификаторда мавжуд бўлганидан танлашга тўғри келди - “консалтинг”. Менинг фикримча, ушбу тушунча солиқ маслаҳати хизматларининг моҳиятини тўлиқ ҳажмда акс эттирмайди. Мен классификаторда мен учун кўпроқ тўғри келадиган ҳеч нарса мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилишим учун кўп вақт сарфладим. Фақат - консалтинг. Товарлар ва хизматларнинг бир нечта турига эга бўлган бухгалтерларга  фақат ҳамдардлик билдириш мумкин.

Бошқа муаммо қоплаш учун ҳисобварақ-фактуралар билан боғлиқ - улар нимагадир бу ойда олиб ташланганлар жилдига тушди.

“Харажатларни қоплаш” тури билан ЭҲФ учун қуйидаги МХИКларга йўл қўйилади: 02705, 02716, 70001, 70002, 70003, 70004, 70005, 70006, 70099, 70410, 09901, 70002999. Бу эса - коммунал хизматлар учун кодлар,  улар кўпларга тўғри келмайди. Транспорт-экспедиторлик компанияларида ҳам муаммо мавжуд: классификаторда юкларни т/й транспортида ташиш учун код мавжуд эмас, фақат йўловчиларни ташиш учун код мавжуд.

Бизда навбатда - товарни маркировка қилиш, у ерда бошқа янгиликлар ҳам етиб келади.

Ҳозирча яқин вақтда вазият ўзгаради деб мулоҳаза қилишга ҳеч қандай асос йўқ ва муддатларни узайтириш тўғрисида янги қарорлар қабул қилишга тўғри келади. Нима учун асабий ҳолатни пайдо қилиш даркор?

Фикримча, ваколатли давлат органлари бухгалтерларни белгиланган муддатларга риоя қилишга рағбатлантирадиган бошқа - анча самарали - тизимни ўйлаб кўришлари зарур. Эҳтимол ҳатто - белгиланган муддатларни қайта кўриб чиқиш зарурдир.

Ҳисобот даври учун ЭҲФ тақдим этишнинг техник имкониятини ёпиш - бу бухгалтерия ҳисобида талай муаммоларга олиб келадиган жуда кескин чорадир. Ва - ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботида хатоларни тузатишнинг имконсизлигига ҳам олиб келади.

ЭҲФ тақдим этиш муддатини ўтказиб юборганлик учун жарималар жорий этиш вариантини кўриб чиқишни таклиф қиламан, бироқ - олдинги давр учун ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш имкониятини сақлаган ҳолда.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь