2021 йилда камерал текширувдаги 7 та муҳим ўзгаришлар

preview

2021 йилнинг бошида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. У камерал солиқ текшируви, сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудитини ўтказиш қоидаларини ўзида бирлаштирган. Камерал солиқ текшируви соҳасидаги энг муҳим янгиликлар ҳақида “Норма” экспертлари - адвокат Элеонора МАЗУРОВА ва юрист Альберт САФИН гапириб беришди: 


– Илгари ҳар бир солиқ текшируви турини алоҳида тартибга соладиган учта алоҳида низом амал қилган. Расман улар ўз кучини йўқотган деб эътироф этилмаган. Бироқ 2021 йил 7 январдан бошлаб янги Низомга амал қилиш зарур, сабаби Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган норматив ҳужжат мақоми бўйича ДСҚ норматив ҳужжатларидан юқори. 

Камерал текширувда нима ўзгарди? 

1. Илгари амалдаги Низом солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфини даражаси - юқори, ўртача ва паст даражаси бўйича ажратган. Камерал текширув остига фақат хавфнинг юқори ва ўртача даражасига эга солиқ тўловчилар тушган. 

Янги Низом камерал текширув остига тушиш учун зарур хавф даражасини кўрсатмайди . СК “виждонли солиқ тўловчи”нинг аниқ тушунчасини бермаслиги боис, ҳар қандай тадбиркор хавф зонасида бўлади ва камерал текширув остига тушиши мумкин.

2. Текширувчиларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилди. Энди камерал текширув чоғида улар солиқ базасига тузатиш киритишлари мумкин, агар битимдаги нарх товарлар (хизматлар)нинг бозор нархидан фарқ қилса .

3. Солиқ тўловчида камерал текширув тугагунга қадар илгари ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси ўзгарган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Фақат энди у аниқ муддат билан чекланган: аниқлаштирилган ҳисоботни камерал текширув тугагунга қадар 10 кун олдин тақдим этиш зарур . Текширувнинг бошланиш ва тугаш санаси буйруқда кўрсатилган ва айнан шу буйруққа мўлжал олиш зарур.

4. Янги Низомда камерал текширув ўтказишнинг умумий муддати белгиланган - 60 кундан ошмайди .

Аниқлаштирилишича, агар камерал текширув натижалари бўйича солиқ ҳисоботида тафовутлар ёки хатолар аниқланмаган бўлса, солиқ инспекцияси солиқ тўловчининг шахсий кабинетига бу ҳақда хабарнома жўнатиши керак . Илгари солиқчиларда бундай мажбурият мавжуд эмас эди, текширилувчи фақат унинг корхонасида ҳаммаси яхшилигини тусмоллаши мумкин эди.

5. Янги Низомда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда  инспекторлар нима қилишлари аниқ ёзилган . Илгари Низомда фақатгина ҳуқуқбузарликлар аниқланганлиги ҳақида далолатнома тузиш айтилганди. Энди эса ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб 10 кун ичида тузилган далолатномадан кейин солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) 5 кун муддатда у бўйича қарор қабул қилиши керак. Бу қўшимча солиқ ва пеня ҳисоблаш ёки солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортиш бўлиши мумкин. Агар далолатнома бўйича қарор қабул қилувчи шахс солиқ тўловчининг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик таркибини топмаса, у унга нисбатан санкциялар қўлламаслик ҳақида қарор қабул қилади.

6. Жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор олинган кундан эътиборан 10 кун муддатда жарима ихтиёрий равишда тўланганда - унинг миқдори СКнинг тегишли моддасида белгиланган миқдорга нисбатан 2 бараварга камайтирилади .

7.  Илгари амалдаги Низомда солиқ тўловчининг солиқчилар қарори устидан шикоят бериш ҳуқуқи айтиб ўтилмаганди. Янги Низомда бундай норма мавжуд: солиқ органининг камерал текширув натижалари бўйича қабул қилган қарори устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш мумкин . Бунда сайёр текширувида ёки солиқ аудитида каби аввал шикоят билан юқори турувчи органга, шундан кейин эса судга мурожаат қилиш юзасидан мажбурий талаб белгиланмаган.

Эътибор беринг!

Ушбу мавзу бўйича долзарб тавсияларни ўқинг:

  • қандай ҳолларда корхона камерал солиқ текшируви остига тушиши мумкин (ҳавола);
  • солиқ инспекциясидан талабнома олгандан кейин бухгалтернинг ҳаракатларини кўринг (ҳавола);
  • солиқ инспекторлари камерал солиқ текшируви доирасида қандай тадбирларни ўтказиш ҳуқуқига эгалигини кўринг (ҳавола).