МХИК-ижодкорлиги нимага олиб келади ва қандай қилиб ҳаммасини тузатиш мумкин

preview

ДСҚ МХИКнинг ЭҲФда, онлайн-НКТ чекларида ва электрон шартномаларда нотўғри акс эттирилиши хатоларга, сотиб олинган (кирим қилинган) ва реализация қилинган маҳсулотнинг номувофиқлигига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Бироқ сўнгги кунларда авж олган МХИК-ижодкорлиги ҳам худди шу натижаларга олиб келади. Солиқ маслаҳатчиси  Гульнара ЭРГАШЕВА бунга эътиборни қаратади:

 

- Бугун ҳам солиқ тўловчилар, ҳам солиқчилар товарлар ва хизматлар учун МХИК кодларини яратиш учун кўп куч сарфлашади. Мен солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини ижро этиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда амалий ёрдам бериш учун мўлжалланган “Тадбиркор ва Солиқчи” Телеграмм-гуруҳини кузатиб бораман. Бухгалтерларда сўнгги кунларда бошқа муаммолар йўқдек таассурот уйғонади. Деярли барча мурожаатлар МХИКни танлаш ёки яратишда ёрдам бериш илтимоси билан боғлиқ.

Ва ўйлайманки, бу ойда 17 белгили МХИКга ўтиш якунланмайди. “2-дубль” бўлади, сабаби,  бирмунча вақтдан кейин МХИК муаллифлари яратилган МХИК базаси билан товарлар ҳисобини йўлга қўйиб бўлмаслиги ва қимматли таҳлилни тузиб бўлмаслигини тушунадилар.

Бунинг устига, МХИК кодларининг мавжуд тизими бухгалтерларни чалкаштиради, сабаби мос келадиган МХИКни танлаш жараёни - “ижодий”. Айни бир товарга турли МХИК кодлари қўлланилиши мумкин. Ахир брендни ва атрибутларни кўрсатмасдан - олтита ноль билан тугайдиган ва айрим ишлаб чиқарувчиларнинг шунга ўхшаш товарлари учун анча аниқ МХИК мавжуд. Ҳеч бўлмаганда, барча саноат товарларига улар учун “номсиз” нолларни истисно қилган ҳолда, аниқ кодларни яратишга нима ҳалақит берди?

Юзага келган вазият ҳатто яратилган МХИКни аниқ қўллашга кўмаклашмайди. Мисол учун, кеча мен супермаркетга ташриф буюрдим. Уйда қизиқиш юзасидан харид учун электрон чекни кўздан кечирдим: унда МХИК қоғоз шаклидаги каби нафақат сон қийматида, балки ёйилмаси билан берилган. Ва дарҳол хато кўзга ташланди! Мен ҳақиқатда харид қилган чой қаршисида, аниқ маркадаги, аниқ ишлаб чиқарувчининг кофеси МХИК турибди. Мен уни сотиб олмаганман. Демак, виртуал кассага маълумот киритишда хатога йўл қўйилган. Бинобарин, ҳисобда ҳам, МХИК ёрдамида ушбу дўконда йўлга қўйишга уринишаётган таҳлилда ҳам ноаниқликлар бўлади.

Назаримда, МХИК тизимини моделлаштиришни тўхтатиб, яна бир бор ҳаммасини пухта ўйлаш зарур. Акс ҳолда МХИК-ижодкорлик фойдадан кўра зарар келтирадиган узлуксиз жараёнга айланиши мумкин.

- У солиқчиларга ҳам, солиқ тўловчиларга ҳам ортиқча  ташвиш келтирмаслиги учун, МХИКнинг самарали тизимини яратиш бўйича иш қандай ташкил этилиши керак?

- Ўйлайманки, бозорда нима мавжуд ва унда нима етишмаётганлигини ҳисоблаш - истагининг ўзи етарли эмас. Бу жуда кенг ва умумий вазифа. МХИК тизими ёрдамида биз истеъмол бозори тўғрисида қандай маълумотни олишни хоҳлаймиз, у нима учун керак, деган саволга аниқ жавобга эга бўлиш зарур.

Манфаатдор давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан аниқ маълумотга буюртма бўлиши керак. Шунда аниқ вазифаларни шакллантириш ва уларни бажаришга киришиш мумкин бўлади.  Ҳозир эса бундай тушунча ҳали мавжуд эмаслиги ҳақида таассурот уйғонмоқда. Агар у  мавжуд бўлса, демак, МХИКни жорий қилиш бўйича жараён маҳоратсиз ташкил этилган.

Келинг яна бир бор МХИК тузилмасини кўриб чиқамиз:

Кўриб турибмизки, у товар тўғрисида маълумот бўйича анча ҳажмли. Бу чексиз имкониятларни очади. Шу билан бирга, бу аниқ таҳлилий маълумотнинг мақсади ва буюртмани аниқ тушуниш қанчалик муҳимлигини яна бир бор таъкидлайди.

У кам чиқимлар билан ўтиши учун, МХИКни яратиш жараёнини қандай ташкил этиш юзасидан айрим мулоҳазаларим билан ўртоқлашаман:

1. Саноат товарлари бўйича - МХИКни яратиш жараёнидан савдо ташкилотларини чиқариб ташлаш зарур. Улар ҳужжатлар бўйича  товар учун белгиланган МХИКдан фойдаланишлари керак. Товарлар учун МХИК коди ҳақида ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар қайғуришлари керак. Айнан ўхшаш импорт қилинган товарлар турли хил МХИК олмасликларини  tasnif.soliq.uz администраторлари кузатиб боришлари керак.

2. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича - кодларни аввалбошдан фермерлар ва деҳқонлар томонидан бозорга етказиб бериладиган, бозорда энг талабга эга сабзавотлар, мевалар ва бошқа носаноат маҳсулотлари навларини ўрганиб, марказлашган ҳолда ишлаб чиқиш зарур.

3. Хизматлар бўйича ҳам кодларни марказлашган ҳолда ишлаб чиқиш зарур. Бунда МХИКнинг қиймати мазмунга - кўрсатиладиган хизматларнинг (маиший техникани таъмирлаш, омонатлар бўйича банк хизматлари ва ҳ.к.) охирги натижасига асосланиши керак.

4. Умумий овқатланиш бўйича  мавжуд МХИК кодлари - энг маълумот тақдим этмайдиган ва фойдасиз, деб ҳисоблайман. Агар ҳар бир муассаса ўзининг ҳар бир товар позициясига МХИК берса, ушбу код ҳеч нарсани англатмайдиган бўлади, сабаби ҳар қандай таомни ҳар хил тайёрлаш мумкин. Ҳар бир таомга МХИК кодларини бериш ушбу сабабга кўра - мақсадга мувофиқ эмас. Мен умумий овқатланиш учун ҳам МХИК кодларини марказлашган ҳолда ишлаб чиқиш керак, деб ҳисоблайман. Улар аҳолининг истаклари, озиқ-овқат маҳсулотларига талабини баҳолаш ва  бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳажмлари нуқтаи назаридан фойда келтириши мумкин. Бинобарин, “сумалак”, “балиқли шўрвалар”, “мол гўштидан иссиқ газаклар” ва ҳ.к. учун МХИК яратиш шарт эмас. Классификаторда масалан, “сабзавотлар ва ёрмаларсиз қўй қўшти билан иккинчи таомлар”,  “мол гўштидан тайёрланган хамирли  иккинчи таомлар”, “гуручли  гарнир” ва шу зайлдаги бирор нималар каби позициялар бўлиши керак. Яъни позициялар ҳисоб ва таҳлил учун қимматга эга бўлган шаклда акс эттирилиши керак.

Умуман, МХИК тизимини яратиш - жуда мураккаб, меҳнат талаб қиладиган жараён ва эҳтимол бу - илмий-тадқиқот институтлари учун вазифадир. Балки, шунчаки товарларнинг идентификация рақамлари (штрих-кодлар) ва товарларни рақамли маркировкалашни кенг қўллаш керакдир? Бундай тизимларнинг самарадорлиги жаҳон миқёсида текширилган.  Жаҳонда эътироф этилган товарларнинг ушбу идентификация қилиш тизимига умид қилган ҳолда, ҳеч бўлмаганда, товарлар ва хизматлар идентификацияси учун кодларнинг янги тизимини яратишга тўғри келмайди.

Дарвоқе, 28.04.2021 йилдаги 249-сон ВМҚнинг 1-бандида МХИКни босқичма-босқич товарларнинг идентификация рақамларига (штрих-кодлар) боғлаш ғояси киритилган. Натижада ҳар бир штрих-код МХИК тизимида ўз аналогига эга бўлиши келиб чиқадими?   Дарҳол штрих-кодлардан анча фаол фойдаланиш осонроқ эмасми? Улар аллақочон аксарият товарларда мавжуд. Фақат маҳсулотга штрих-кодга эга бўлмаган ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш қолади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади