Жисмоний шахсдан бинони ижарага олганда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўланадими

preview

Корхона жисмоний шахсдан бинони ижарага олади, у ерда сувдан фойдаланади. Сув учун солиқ тўланиши ва ушбу солиқ бўйича ҳисобот топширилиши лозимми, бу масалани buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Ресурслар бўйича солиқ маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир ҚОДИРОВ тушунтириб берди: 

 

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сувдан бирламчи фойдаланишни ёки сувни истеъмол қилишни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари, фаолиятини республикада доимий муассасалари орқали амалга ошираётган норезидент юридик шахслар, шунингдек сувдан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар ҳисобланади .

Жисмоний шахслар мазкур солиқни тўламайдилар, шу боисдан сувни етказиб берувчи юридик шахс билан шартнома тузиш ва тўловни мустақил амалга ошириш лозим.

Календарь йил мобайнида норезидент юридик шахслар ушбу солиқ бўйича бўнак тўловларини тўлайдилар (қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжаликлари бундан мустасно). Ҳисоб-китоб қилиш учун сувдан фойдаланиш жойи бўйича бўнак маълумотномаси қуйидаги муддатларда тақдим этилиши лозим :

Солиқ тўловчилар

Маълумотномани тақдим этиш муддати

Янги ташкил этилганлари

Давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 30 кундан кечиктирмай

Солиқ бўйича мажбуриятлари солиқ даври давомида юзага келган солиқ тўловчилар

Солиқ мажбурияти юзага келган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай

Қолган солиқ тўловчилар

Жорий йилнинг 20 январига қадар

Эътибор беринг
Солиқ даври давомида мўлжалланаётган солиқ базаси ўзгарганда, солиқ тўловчи солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақли. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун бўнак тўловларга солиқнинг ўзгарган суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади .

Солиқ солиш объекти ва (ёки) солиқ ставкаси турли хил бўлган бир неча турдаги фаолият билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар бундай фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишлари ва тегишли солиқ ставкалари бўйича солиқ тўлашлари шарт .

Бўнак тўловларини тўлаш даврийлиги, муддатлари ва миқдорлари қуйидаги жадвалда келтирилган:

Солиқ тўловчилар

Бўнак тўловларини тўлаш даврийлиги

Бўнак тўловларини тўлаш муддатлари

Бўнак тўловлари миқдори

Календарь йил мобайнида солиқ суммаси 200 БҲМдан (200 х 270 000* = 54 000 000 сўм) кўпроқни ташкил этадиган, фойда солиғи ва ҚҚС тўловчилари бўлган юридик шахслар

Ҳар ойда

Ҳар ойнинг 20-санасидан кечиктирмай

Йиллик солиқ суммасининг 1/12  қисми миқдорида

Бошқа юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар

Ҳар чоракда

Ҳар чорак учинчи ойининг 20-санасидан кечиктирмай

Йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида

* 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб БҲМ 270 000 сўм этиб белгиланган .

 

Молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда ушбу солиқ бўйича йиллик ҳисоб-китобни тақдим этиш ва солиқни (бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда) тўлаш лозим (қишлоқ хўжалиги корхоналари бундан мустасно).

Муддатлар қуйидагича белгиланган:

  • чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун – 25 мартдан кечиктирмай;
  • бошқа солиқ тўловчилар учун – ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай ;
  • қишлоқ хўжалиги корхоналари учун – жорий солиқ даврининг 15 декабрига қадар.