Ўзини ўзи банд қилишни тартибга солиш ҳақида нималарни билиш лозим

preview

2020 йил 1 июлдан бошлаб  ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш имконияти пайдо бўлди . Шу пайтдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди.

 

«Норма» компаниясининг юридик масалалар бўйича эксперти, адвокат Элеонора МАЗУРОВА:  

– Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзи топган ишларини ўзлари бажарган ҳолда  даромад олувчи шахслардир. Репетиторлар, энагалар, сантехниклар, электриклар, сартарошлар, курьерлар, автомобиль ювувчилар, ҳунармандлар, фаррошлар, тикувчилар, дастурчилар, ҳамширалар ва бошқалар ўзини ўзи банд қилган шахслар бўлиши мумкин . Бундай амалиёт илгари солиққа оид қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда лозим даражада ҳужжатларни расмийлаштирмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган кўпгина мутахассисликлар вакилларининг фаолиятини қонунийлаштиришга имкон беради.

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳужжатларни расмийлаштириш шунга ўхшаш якка тартибдаги тадбиркорликни расмийлаштириш тартиб-таомилларидан фарқ қилади ва қуйидаги афзалликларга эга:

  • ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахснинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиши талаб этилмайди; бундай фаолият бошлаганлиги тўғрисида солиқ органини хабардор қилишнинг ўзи етарли бўлади;
  • ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида меҳнат фаолиятидан олинган даромадларга ЖШДС солинмайди;
  • ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида тўлашнинг ўзи етарли бўлади. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Ундан келиб чиққан ҳолда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади ;
  • кўрсатилган хизматлар учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар – норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни ТСОЯЭАТга тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистоннинг банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилишга рухсат этилади;
  • контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисобварақ-фактураларни (инвойс), шу жумладан электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш мумкин бўлади.

Бундан ўзини ўзи банд қилган шахсларга ҳамма нарса мумкин экан деб ўйлаш нотўғри бўлади. Бир томондан, ўзини ўзи банд қилган шахс ишлаб топган маблағларини ўзида олиб қолиши мумкин. Иккинчи томондан, тўлов усулларида муайян чекловлар белгиланган.

Қонун ҳужжатларида ўзини ўзи банд қилган шахслардан ишлаб топган маблағлари ҳисобини юритиш талаб этилмайди, бироқ бажарган ишлари учун нақд пулларни қандай олишлари кераклиги ҳам кўрсатилмаган.

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда айтилишича, ўзини ўзи банд қилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат-касса техникасидан фойдаланадилар . Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун бундай тартиб қаерда қайд этилганлиги аниқ келтирилмаган. Шунингдек Низомда ўзини ўзи банд қилган шахс назорат-касса техникасидан фойдаланиши шартлиги ёки бундай ҳуқуққа эгалиги аниқ айтилмаган. Натижада – нақд пул олганлиги ва бунда НКТдан фойдаланмаганлиги учун уни жазога тортишадими-йўқми, бу масала очиқлигича қолмоқда.

Шунга эътиборни қаратиш лозимки, юридик шахсларнинг раҳбарлари ўзини ўзи банд қилган шахслар билан ишлашдан яхши даромад олиш мумкинлигини англаб етдилар. Амалиётда нималар содир бўлиши мумкин? Унчалик ҳам инсофли бўлмаган корхона раҳбарлари ташаббус кўрсатиб ходимларининг бир қисмини ишдан бўшатишлари мумкин. Кейин эса улар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтиб ўзларининг аввалги иш жойларидаги лавозим мажбуриятларини бажаришга қайтарилади, бироқ уларнинг мақоми ўзгаради ва ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳисобланади. Натижада иш берувчида солиқ юки камаяди, мукофот, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини тўлашга ҳожат қолмайди, шунингдек ҳақ тўланадиган таътилларни беришга зарурат бўлмайди.

Бу қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида «Корхона солиқ органлари томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни штатдаги ходимларга қайта малакаланишини қандай четлаб ўтиши лозим» материалидан билиб олишингиз мумкин.