Меҳмонхона ва ресторан ҳамкорлик қилса, қандай солиқ ставкалари қўлланилади

preview

«Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи меҳмонхона бинонинг бир қисмини ресторанга ижарага беради. Номерларни брон қилишда нонушта қиймати ҳам киритилади. Шунингдек меҳмонхонада яшовчилар номерга овқат буюртма қилишлари ёки ресторанда овқатланишлари мумкин. Яшовчилар бу қўшимча хизматлар ҳақини меҳмонхонага тўлайдилар. Бунинг учун меҳмонхона ва ресторан ўртасида меҳмонларга хизмат кўрсатиш шартномаси тузилган. Ҳар ойнинг охирида ресторан ой давомидаги нонушталар ва бошқа буюртмалар учун меҳмонхонага ЭҲФ тақдим этади.

Меҳмонхона қўшимча буюртма қилинган таомлар ва ичимликлар (нонуштадан ташқари) учун тушумдан солиқни жами даромад бўйича меҳмонхоналар учун белгиланган ставка бўйича тўлайдими ёки ҳар бир алоҳида фаолият (хизматлар кўрсатиш, ижара, умумий овқатланиш, улгуржи-чакана савдо) учун белгиланган ставкалар бўйичами?».

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан МВ солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ХАМРОЕВ жавоб берди:

 

– «Турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) солиқ ставкалари белгиланган бир неча фаолият тури билан шуғулланадиган солиқ тўловчилар бундай фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли тоифалари учун белгиланган ставкалар бўйича солиқни тўлаши шарт .

Ушбу мисолда меҳмонхона томонидан бир неча турдаги фаолият кўрсатилади:

  • меҳмонхона хизматларини кўрсатиш;
  • бинони ижарага бериш;
  • улгуржи-чакана савдо;
  • меҳмонхонада турган шахсларга овқатланиш хизматларини тақдим этиш.

Мазкур фаолият турлари учун айланмадан олинадиган солиқнинг қуйидаги ставкалари белгиланган :

  • меҳмонхона хизматлари – 4%;
  • бинони ижарага бериш – 8%;
  • улгуржи-чакана савдо – 4%.

Меҳмонхонада яшовчи шахсларга овқатланиш хизматлари кўрсатилиши борасида шуни таъкидлаш жоизки, меҳмонхона таомларни тайёрлаш билан шуғулланмаганлиги боис умумий овқатланиш корхонаси ҳисобланмайди. Мазкур ҳолатда у ресторан ва меҳмонхонада яшовчи шахслар ўртасида воситачи сифатида иштирок этади.

Воситачилик хизматларини кўрсатадиган солиқ тўловчилар томонидан айланмадан олинадиган солиқ ушбу хизматлар учун тўлов суммасидан 25%лик ставка бўйича тўланади .

Солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши керак .

Агар битимнинг ёки иқтисодий муносабатларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши уларнинг ҳақиқатдаги иқтисодий мазмунига мувофиқ бўлмаса, солиқ органлари солиқ солиш мақсадида битимнинг юридик тавсифланишини, солиқ тўловчининг мақомини ва (ёки) унинг иқтисодий фаолияти хусусиятини ўзгартиришга ҳақли .

Шу муносабат билан меҳмонхонага ресторан билан тузилган шартноманинг мазмунини битимнинг иқтисодий жиҳатига мувофиқлаштирган ҳолда қайта кўриб чиқишни тавсия қиламиз».