МҲХСга ўтиш сабабли мол-мулк солиғи бўйича аниқлаштирилган ҳисоб-китоб тақдим этиш зарурми

preview

Ушбу саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА ва Бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси департаменти директори ўринбосари Иброҳим АҲМАДХОНОВ жавоб беришди:

Эътибор беринг
Тавсиялар- Бухгалтерия ҳисоби-МҲХС” бўлимида “шпаргалкалар”ни ва экспертларнинг МҲХС бўйича бошқа тушунтиришларини ўқинг.

 

16-сон МҲХС (IAS) “Асосий воситалар”да келтирилган тушунчадан бошлаймиз

Бошланғич қиймати бўйича ҳисобга олиш модели

30. Актив сифатида тан олинганидан сўнг, асосий восита объекти жамғарилган эскириш ва қадрсизланишдан жамғарилган зарарлар чегирилган ҳолда бошланғич қиймат бўйича ҳисобга олиниши лозим. 

Қайта баҳоланган қиймати бўйича ҳисобга олиш модели

31. Актив сифатида тан олинганидан сўнг, ҳаққоний қиймати ишончли тарзда баҳоланиши мумкин бўлган асосий восита объекти кейинги жамғарилган эскириш ва қадрсизланишдан кейинги жамғарилган зарарларни чегирган ҳолда, қайта баҳолаш санасидаги ҳаққоний қийматни акс эттирадиган қайта баҳоланган қийматда ҳисобга олиниши лозим. Ҳисобот даври охирида баланс қийматини унинг ҳаққоний қийматидан муҳим фарқланмаслиги учун қайта баҳолаш етарли даражада мунтазам амалга оширилиши лозим”. 

Яъни 16-сон МҲХС (IAS) бўйича ташкилот АВни:

  • бошланғич қиймати бўйича;

ёки

  • ҳаққоний (қайта баҳоланган) қиймати бўйича ҳисобга олиши мумкин.

Бунда, асосий воситалар объектининг бошланғич қиймати тан олиш санасида дарҳол пул маблағлари билан тўловни амалга ошириш шарти билан нарх эквивалентини намоён қилади. Яъни, оддий қилиб айтганда - харид қиймати бўйича.

БҲМСдан МҲХСга ўтишда АВнинг баланс қиймати ҳам камайиши, ҳам ошиши мумкин.

 

Энди Солиқ кодекси нормаларини кўриб чиқамиз.

412-модда. Солиқ базаси 

Қуйидагилар солиқ базасидир: 

1) ушбу Кодекс 411-моддаси иккинчи қисмининг 1 ва 3-бандларида назарда тутилган объектлар бўйича - ўртача йиллик қолдиқ қиймати. 

Кўчмас мулкнинг қолдиқ қиймати ушбу мол-мулкнинг бошланғич (тикланиш) қиймати билан солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида белгиланган усуллардан фойдаланилган ҳолда ҳисоблаб чиқилган амортизация миқдори ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади”.

Дастлаб, қайси ҳисоб сиёсати ҳақида гап бораётганлигига аниқлик киритамиз.

Солиқ кодексида “солиқ” ҳисоб сиёсати ҳақида гапирилганда, “солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсати” тушунчасидан фойдаланилади, агар “бухгалтерия” ҳисоб сиёсати ҳақида бўлса - “солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсати” тушунчасидан фойдаланилади.

Шу тариқа, СКнинг 412-моддасига асосан мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқиш мақсадларида солиқ тўловчи солиқ  базасини “бухгалтерия” ҳисоб сиёсатидан келиб чиқиб ўртача йиллик қолдиқ қиймат сифатида аниқлаши зарур. МҲХСга ўтган ташкилотлар тегишинча, МҲХС бўйича молиявий ҳисобот тайёрлаш мақсадлари учун ҳисоб сиёсатини қўллайди. Бу ерда биз “2022 йилдан бошлаб 1 кв. метр учун белгиланган минимал қиймати бўйича” шартини тушириб қолдирамиз.

Эътибор беринг
Ўзбекистонда мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш мақсадларида “кадастр” қийматини қўллаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда, унда МҲХС бўйича молиявий ҳисобот ва”бухгалтерия” ҳисоб сиёсати маълумотлари аҳамиятга эга бўлмайди.

Ташкилотлар мол-мулк солиғи бўйича солиқ ҳисоботини МҲХС бўйича молиявий ҳисобот маълумотларидан келиб чиққан ҳолда тақдим этишлари зарур. СКнинг 83-моддасига амал қилган ҳолда, агар мол-мулк солиғи суммаси камроқ суммада ҳисоблаб чиқилган бўлса, ташкилот мол-мулк солиғи бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши зарур.

Эътибор беринг
Агар ташкилот БҲМС маълумотлари асосида тузилган маълумотнома бўйича бўнак тўловларини ҳисоблаб чиққан бўлса, “аниқлаштирилган” маълумотларни тақдим этиш керак эмас, сабаби маълумотнома фақат бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқиш учун тақдим этилади.

Мол-мулк солиғи ҳисоб-китоби бир йилда 1 марта - йиллик молиявий ҳисоботни топшириш муддатида тақдим этилади.  Уни МҲХС бўйича ҳисоб сиёсатига мувофиқ бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида тайёрлаш зарур”.