Полезное для бухгалтера в ноябре:
Тушумни хато тарзда ошириб кўрсатадиган февраль чекларига тузатиш киритиш
Жорий йилнинг 14-15 март кунлари ДСҚ истисно тариқасида воситачилик шартномаси бўйича, кредитга ёки бўнак тўлови билан реализация қилиш чекларига тузатиш киритиш имкониятини тақдим этди. Буни солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Онлайн-НКМ ва виртуал касса тўғрисида ахборот” интерактив хизмати ёрдамида амалга ошириш мумкин.
Бу қандай ишлайди?
Февраль ойи учун айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича ҳисоботда онлайн-НКМ ва виртуал кассаларни қўллаган ҳолда товарлар ва хизматларни сотишдан олинган даромадлар автоматик тарзда акс эттирилади. Шунингдек, воситачилик шартномаси бўйича, олдиндан тўлов (бўнак) асосида ёки бўлиб-бўлиб тўлашга (кредитга) сотишни акс эттириш учун функционал назарда тутилган.
ДСҚ маълумотларига кўра, баъзи ташкилотлар-воситачилар, шунингдек - олдиндан тўлов ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ёрдамида товарларни (хизматларни) реализация қилувчилар ушбу функционалдан фойдаланишмаган. Шу боис уларнинг онлайн-НКМ бўйича тушум суммалари солиқ бўйича ҳисоб-китобларда нотўғри акс эттирилган.
ДСҚ буни солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Онлайн-НКМ ва виртуал касса тўғрисида ахборот” интерактив хизматининг “Чекка тузатиш киритиш” менюси ёрдамида тузатишни таклиф қилади.
1. Воситачилик шартномаси бўйича сотиш
Агар онлайн-НКМ ва виртуал кассаларда дастурий таъминотнинг сўнгги версияси бўлса ва улар ДСҚнинг охирги тавсияларига мувофиқ созланган бўлса, воситачилик шартномаси бўйича сотилган товарлар онлайн-НКМ чекларида энди комитентнинг СТИРи билан акс эттирилади. Бу ҳолда товар учун тўлов комитентнинг солиқ ҳисоботидан тўлиқ ўтади.
Кейинчалик воситачи комитентга воситачилик ҳақи суммасига ҳисобварақ-фактура тақдим этади ва унга тушумни ўзининг воситачилик ҳақини чегирган ҳолда ўтказиб беради.
Бироқ ҳозирча воситачилик шартномаси бўйича ишловчи ҳамма тадбиркорлар ҳам янги тартибга риоя қилишмаяпти. Шу боис воситачиларнинг ҳисоб-китобларида воситачилик шартномаси бўйича сотилган товарлар қиймати миқдоридаги сумма акс эттирилган.
Агар чекларингизда комитентнинг СТИРи бўлмаса ёки у хато кўрсатилган бўлса:
1) “Чекка тузатиш киритиш” менюсига киринг;
2) тузатиш киритиш лозим бўлган чекни топинг;
3) воситачилик шартномаси бўйича сотилган товар рўпарасида комитентнинг СТИРини тузатинг ёки уни ёзинг;
4) тузатиш киритишнинг асосланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилинг (тушунтириш хати, воситачилик шартномаси, товарни қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва реализация қилиш тўғрисида ҳисобот);
5) “Жўнатиш”га босинг.
Қоидага кўра, шундан сўнг масала у бўйича инспекциядан хулоса олиш заруратисиз ҳал бўлади.
Ташкилотнинг комитенти хорижий ҳамкор ҳисобланадиган вазият ДСҚнинг эътиборини талаб қилади. Бундай ташкилотларда хануз онлайн-НКМ ёки виртуал кассани ҳисоб-китобни тўғри юритадиган тарзда созлаш имконини берадиган расмий йўриқномалар мавжуд эмас.
2. Олдиндан тўлов (бўнак тўлови) асосида ва бўлиб-бўлиб тўлашга (кредитга) сотиш
Баъзан товар қийматининг бир қисмини тўлаш ҳолати бўйича берилиши керак бўлган “бўнак” ёки “кредит” тўлов тури билан чек ўрнига, кассир хато тарзда “сотиш” тўлов тури билан чек уради. Бу айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС ҳисоб-китобларида реализация суммаларининг оширилишига олиб келади.
Тузатиш учун:
1) “Чекка тузатиш киритиш” менюсида бундай хато мавжуд бўлган чекни топинг;
2) “сони” ва “товар қиймати” устунида “0”ни қўйинг;
3) харидор билан шартнома ва илгари мазкур шартнома бўйича ҳисоб-китобларда берилган чекларни илова қилинг;
4) жўнатинг;
5) хато чек нолга айлангандан сўнг, “бўнак” ёки “кредит” тўлов тури билан тўғри чекни уринг.
Иккала вазиятда хато мавжуд бўлган ҳар бир чек билан ишлашга тўғри келади.
Муаммони ҳал қилишнинг яна битта варианти. Сиз хато мавжуд бўлган ҳар бир чекка қайтариш чекини уришингиз, шундан сўнг - тўғри маълумотга эга чекни шакллантиришингиз мумкин. Бунда қайтариш чекига қайтариш расмийлаштирилган чекни “боғлашни” унутманг. Хусусан, буни солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Онлайн-НКМ ва виртуал касса тўғрисида ахборот” интерактив хизматининг “Чекни қайтариш” менюси ёрдамида амалга ошириш мумкин.
Манбага қаранг.
Олег ГАЕВОЙ