Рублда экспорт қилишнинг солиқ оқибатлари

preview

Ҳозирги вақтда Россиянинг потенциал харидорларидан товарларни (хизматларни) Россия рублида харид қилиш тўғрисида таклифлар келиб тушмоқда. Шу муносабат билан экспорт қилувчи корхоналарда саволлар туғилмоқда: 1) Экспорт учун ҳисоб-китобларни амалга оширишда чет эл валютасининг қайси турлари ҚҚС ва фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш мақсадида эътироф этилади? 2) Агар товарлар (хизматлар) Россия рублида тўловни амалга ошириш шарти билан экспорт қилинса, ҚҚС ва фойда солиғи бўйича ноль даражали ставкани қўллаш мумкинми? 

Саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА жавоб берди:

 

ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаш мумкинми

– СКнинг 260-моддасида ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси бўйича солиқ солинадиган экспорт операциялари ва уларга тенглаштирилган операциялар рўйхати келтирилган. СКнинг 261-моддасида экспорт операцияларини тасдиқловчи ҳужжатлар санаб ўтилган. СКда ҚҚС бўйича ноль даражали ставкани қўллаш мақсадида бошқа шартлар - мавжуд эмас.

Шу тариқа, экспорт қилувчи ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаши учун:

  • экспорт операцияси ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси бўйича солиқ солинадиган операциялар рўйхатига мувофиқ бўлиши керак;
  • солиқ ҳисоботи билан бирга экспортни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар тақдим этилган бўлиши керак.

Экспорт учун ҳисоб-китобларни амалга оширишда ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаш мақсадида чет эл валютасининг тури аҳамиятга эга эмас.

 

Фойда солиғи бўйича ноль даражали ставкани қўллаш мумкинми

СКнинг 337-моддасига асосан фойда солиғи бўйича ноль даражали ставка товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинадиган фойдага нисбатан қуйидаги шартлар бажарилган тақдирда қўлланилади:

  • товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлар жами даромаднинг камида 15%ини ташкил этса;
  • товарларнинг экспортини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда ;
  • товарларни чет эл валютасида экспорт қилиш юзасидан даромадлар товарлар (хизматлар) экспортга чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида келиб тушган тақдирда.

Экспорт улуши жами даромаднинг камида 15%ини ташкил қилиши тўғрисидаги шарт қуйидагиларга нисбатан татбиқ қилинмайди :

– рўйхати Президентнинг қарори билан тасдиқланадиган хом ашё товарлар экспортига;

– халқаро ташишлар хизматларига, бундан автотранспортда ташишлар мустасно;

– товарларни қувурлар орқали ва газ қувурлари орқали ташиш бўйича хизматларга.

Чет эл валютаси - муомаладаги ҳамда чет давлат (чет давлатлар гуруҳлари) ҳудудида нақд тўловнинг қонуний воситаси бўлган пул белгилари, шунингдек муомаладан чиқарилаётган ёки муомаладан чиқарилган, аммо алмаштирилиши лозим бўлган пул белгилари, чет давлатларнинг (чет давлатлар гуруҳларининг) пул бирликларида ҳамда халқаро пул бирликларида ёки ҳисоб-китоб бирликларида банк ҳисобварақларида ва омонатларида турган маблағлар .

Бошқача айтганда, чет давлатларнинг пул бирликларида ҳамда халқаро пул бирликларида ёки ҳисоб-китоб бирликларида тўловнинг қонуний воситалари чет эл валютаси деб эътироф этилади.

Россия рубли истисно ҳисобланмайди ва чет эл валютаси тушунчасига тўлиқ мувофиқ келади.

Фойда солиғи бўйича ноль даражали ставкани қўллаш учун юқорида айтиб ўтилган шартлар, шу жумладан - экспортга чет эл валютасида тўловни амалга ошириш шарти бажарилиши керак. Бунда валютанинг тури аҳамиятга эга эмас.