Кимлар 2022 йил I чорак учун молиявий ҳисобот топшириши керак

preview

Солиқлар бўйича ҳисоботдан ташқари солиқ тўловчиларнинг муайян тоифаси ҳар чоракда солиқ органларига тақдим этадиган молиявий ҳисобот ҳам бор. Раҳбарлар ва бухгалтерлар, асосан, мазкур тоифага киритишнинг “солиқ мезони”ни унутишмаган - 1 млрд сўмдан ортиқ тушум. Бироқ бунда бошқа мезонларни, кераксиз жарималарга ва таҳлика-таҳлил тизими кузатувига “тушиш”лари мумкинлигини унутишади.


  • Агар корхона 2021 йил якунлари бўйича ўзининг асосий фаолият тури (ИФУТ) бўйича кичик корхона ёки микрофирма  мезонларига мос келадиган ходимлар сонига эга бўлса, 2022 йил учун молиявий ҳисоботни у солиқ органларига фақат йил якунлари бўйича тақдим этади .

 

  • Агар ташкилот кичик бизнес субъектлари жумласига кирмаса, молиявий ҳисоботни 2022 йил давомида ҳар чоракда топшириш зарур.

 

Корхоналарни кичик бизнес жумласига киритиш учун мезон қуйидагилар :

1) статистика органлари томонидан йил якунлари бўйича бериладиган ИФУТ;

2) ходимларнинг ўртача йиллик сони.

  • Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар чораклик молиявий ҳисоботни топширишдан озод этилган, ҳатто улар “кичик” тоифага кирмаган тақдирда ҳам.
Эътибор беринг
Кўнгилсиз вазиятга тушмаслик учун сизнинг ИФУТ йил якунлари бўйича ўзгармаганлигини ва корхонангиз кичик бизнес субъектлари жумласига киришини stat.uz сайтида “КТЯДРдан маълумотлар” хизмати ёрдамида текширинг.
  • Юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет ташкилотлари чораклик молиявий ҳисобот топширмайдилар, балки фақат молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни бир йилда бир марта - ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 мартига қадар тақдим этадилар.

 

  • Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва чет эл фирмаларининг ваколатхоналари молиявий ҳисоботни бир йилда 1 марта - ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартидан кечиктирмай тақдим этадилар.

 

  • ННТ ходимларининг сонидан қатъи назар тадбиркорлик субъекти сифатида малакаланиши мумкин эмас. Тегишинча, Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичи ННТга татбиқ этилмайди. Бунда ННТлари бухгалтерия ҳисоби субъектлари ҳисобланади ва ходимларининг сонидан қатъи назар ҳар чораклик асосда молиявий ҳисоботни тақдим этадилар.

 

Чораклик ҳисобот қачон тақдим этилади

Молиявий ҳисобот тасдиқланган Қоидаларга мувофиқ тўлдирилади ва қуйидагилардан иборат :

  • бухгалтерия баланси (1-сон шакл);
  • молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл).

Уни 2022 йил I чорак учун солиқ органларига тақдим этиш муддатлари :

  • 25 апрелга қадар (ҳисобот даври тугагандан кейинги ойнинг 25 санасига қадар) - кичик ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар жумласига кирмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар учун;
  • 11 майга қадар (ҳисобот чораги тугагандан сўнг 40  кун мобайнида) - вазирликлар, идоралар, уюшмалар, корпорациялар, концернлар ва давлат мулкини бошқарувчи бошқа органлар учун.

Татьяна ЛИМАРЕВА,

“Норма” эксперти