Онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекига тузатиш киритиш

preview

Онлайн-НКМ, виртуал касса ва электрон тўлов тизимларини қўллаш тартиби тўғрисида низомда чекка тузатиш киритиш тўғрисида қоида пайдо бўлди. Buxgalter.uz илтимосига биноан янгиликни “Марон” МЧЖ  ТХКМнинг онлайн-НКМга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассиси Рустам ЯКУБОВ тушунтирди:

 

– Товар қайтарилишини расмийлаштириш масалалари кўриб чиқиладиган Низомнинг 6-боби чекка тузатиш киритиш тўғрисидаги янги банд билан тўлдирилди.

Гарчи махсус функционал - my.soliq.uz да “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматида “Чекка тузатиш киритиш” ҳаволаси анчадан бери мавжудлигига қарамай, илгари Низомда чекка тузатиш киритиш имконияти умуман назарда тутилмаганди.

Низомнинг 38-1-бандида тузатиш киритишнинг умумий тушунчалари келтирилган, бироқ унинг технологияси ёзилмаган. Бунда муддат белгиланган: чекка хато аниқланган ойдан кейинги ойнинг 10-санасига қадар тузатиш киритиш мумкин.

Демак, чекка тузатиш киритиш учун “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматида “Чекка тузатиш киритиш” функционалидан фойдаланинг. Тузатиш киритилган чеклар солиқ ҳисоботларида 24 соат мобайнида акс эттирилади.

Янгиланган аниқ йўриқнома ёки регуляторнинг ушбу хизмат бўйича регламентини олишни истардик. Ҳозирча, афсуски, тўпланган тажрибани умумлаштирган ҳолда мустақил равишда ишлашга тўғри келмоқда.

 

Ҳужжатлар рўйхати

“Чекка тузатиш киритиш” функционали барча майдонлар тўлдирилгандан кейин талаб қилинадиган ҳужжатларни илова қилиш заруратини назарда тутади:

    1. Сизнинг мурожаатингиз.

    2. Давлат солиқ органининг хати.

    3. Давлат солиқ органининг маълумотномаси (ўрганиши).

    4. Мазкур ҳолат бўйича хўжалик юритувчи субъектнинг тушунтириш хати.

    5. Объектнинг (савдо шохобчасининг - таҳририят изоҳи) фотосурати (ичидан ва ташқаридан).

    6. Чек (нотўғри урилган) нусхаси.

    7. Давлат солиқ органи томонидан вазиятни ойдинлаштириш учун сўраб олинадиган қўшимча ҳужжатлар нусхаси.

Шу ерда савол туғилади: келтирилган рўйхатдаги ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини ҳар доим илова қилиш зарурми? Амалиётнинг кўрсатишича, ҳар доим эмас.

Аризага илова қилиниши зарур бўлган ҳужжатлар рўйхатида фақат ҚҚС учун истисно мавжуд: “ҚҚС ҳисоб-китобида “ҚҚС тўғрисида гувоҳнома”ни илова қилиш етарли бўлади.

Чекнинг бошқа маълумотларига тузатиш киритишда аризага ҳужжатлар рўйхатида кўрсатилган барча 6 тасини илова қилиш, сўнгра солиқчилар мурожаатни кўриб чиқиш чоғида талаб қиладиганларини ҳам тақдим этиш лозимлиги маълум бўлади.

Бироқ амалиётда солиқ инспекциясига аризага, мисол учун, солиқ органи хулосасини илова қилиш учун фақат тузатиш киритиш натижасида чекнинг суммаси (солиқ базаси) камайган тақдирда мурожаат қилиш лозим. Ҳатто бу ҳолда ҳам солиқчилар илова қилинган ҳужжатларда савдо шохобчасининг фотосурати мавжуд эмаслигига ҳеч қачон эътироз билдиришмайди.

Бошқа ҳолларда - аризага тушунтириш хатини илова қилиш етарли.

 

ҚҚС

Эътибор беринг
Ҳужжатлар рўйхатида “Чекка тузатиш киритиш” шаклида ҚҚС суммасига тузатиш киритиш учун мўлжалланган устунни тўлдириш юзасидан яна битта изоҳ мавжуд. Солиқ суммасини тийингача тўлиқ кўрсатиш зарур (нуқтадан кейин иккита рақам). Бунда сўмни тийиндан ажратиб турувчи вергул ўрнига айнан нуқтани киритиш лозим.

Агар ҚҚС тўловчисига айланган ҳолда сиз онлайн-НКМни ўз вақтида қайта созламаган бўлсангиз ва сизнинг чекларингиз айланмадан олинадиган солиқ тўловчисида каби шакллантиришда давом этаётган бўлса, ҚҚСни ҳисоблаб чиқаринг ва уни “Чекка тузатиш киритиш” шаклининг тегишли майдонларига ёзинг. Агар чекнинг умумий суммаси ўзгармаса, чекка автоматик тарзда тузатиш киритилади.

 

МХИК ва комитентнинг СТИРи

Агар сиз чекда МХИКга ёки комитентнинг СТИРига тузатиш киритишингиз зарур бўлса, ҳужжатлар рўйхати ҳақида ҳам қайғуришингиз шарт эмас. Тушунтириш хатини илова қилиш етарли бўлади. Бунда тузатиш киритиш учун бундай аризалар сиз “Жўнатиш”га босганингиздан сўнг дарҳол қабул қилинади.

“МХИК” ва “ўлчов бирлиги” позициялари - боғланган. “Ўлчов бирлиги” устунини тўлдиришда тушувчи йўл-йўриқдан сиз tasnif.soliq.uz да қадоқни шакллантиришда кўрсатган ўлчов бирлигини танлаш имконияти мавжуд.

Агар сиз имтиёзни қўллаш учун МХИКга тузатиш киритсангиз, солиқ ҳисоботларида маълумотларнинг янгиланиш жараёнини жадаллаштириш мумкин. Бунинг учун my.soliq.uz да шахсий кабинетнинг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматида:

    1) дастлаб “Имтиёзлар” менюсида “Янгилаш” тугмасига босинг;

    2) сўнгра, “Тушумлар бўйича ҳисобот” ҳаволасида ҳам “Янгилаш” тугмасига босинг.

 

“Ортиқча” товар

Агар сиз чекда товарлар рўйхатидан ниманидир олиб ташласангиз, чекка тузатиш киритиш мураккаброқ бўлади. Масалан, чекда бир қути сут сотилгани кўрсатилган, ҳақиқатда эса бундай сотиш бўлмаган.

“Чекка тузатиш киритиш” шаклида “Товар номи” устуни кулранг билан ажратилган, сиз ўзингиз ниманидир қўша олмайсиз ҳам, олиб ташлолмайсиз ҳам. Бундай вазиятларни ҳал қилиш учун солиқчилар кераксиз товарнинг рўпарасида “Сони”, “Суммаси”, “ҚҚС” устунларида “ноль” қўйишни тавсия қиладилар. Бу ҳолда ҳам ушбу операцияга хулоса олиш учун солиқ инспекциясига мурожаат қилишга тўғри келади, сабаби чекда кўрсатилган сумма камаяди.

Амалиётда кассирлар ҳам вазиятдан чиқиш учун товарни қайтаришни тезкор тарзда расмийлаштиришади. Буни қандай амалга оширишни қуйидаги материалда ўқинг:

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Савдо ва овқатланиш Савдо ва овқатланиш Савдо ва овқатланиш /ru/publish/doc/text181577_onlayn-nkm_eki_virtual_kassa_chekiga_tuzatish_kiritish