2022 йил май учун норезидентнинг даромадларидан ЖШДС ставкалари

preview

2022 йил 8 апрелдаги ПФ-101-сон Фармон нормаларини ҳисобга олган ҳолда: 1) норезидентлар учун 2022 йил май ойида олинган даромадлар бўйича ЖШДСнинг 12% ставкасини қўллаш мумкинми; 2) норезидентнинг 20% ставка бўйича солиқ солинган, январь-апрель учун олинган даромадларини 12% ставка бўйича қайта ҳисоблаб чиқариш мумкинми? 

Саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги департаменти  директори Иродахон АББОСХОНОВА жавоб берди:

 

– Президентнинг 2022 йил 8 апрелдаги ПФ-101-сон Фармони билан Молия вазирлигининг 2022 йил 1 майдан бошлаб норезидентнинг Ўзбекистондаги манбалардан оладиган даромадлари бўйича ЖШДС ставкасини 12% миқдорида белгилаш ҳақидаги таклифи маъқулланди . Ушбу ставка дивидендлар, фоизлар ва фрахтдан олинадиган даромадларга татбиқ этилмайди. Молия вазирлиги СКга тегишли ўзгартиришлар тўғрисида қонун лойиҳасини тайёрлади, уни муҳокама қилиш 2 июнда якунланди.

Солиқ ставкалари СК билан белгиланишини ҳисобга олиб , норезидентлар учун 12% ставкани СКга ўзгартиришлар кучга киргандан кейингина қўллаш мумкин бўлади. Бинобарин, бу вақтга қадар 20% ставкани қўллашни тавсия қиламиз.

Эътибор беринг: солиқлар ставкаларини камайтиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар бу солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин .

СКга ўзгартиришлар киритиш бўйича қонун лойиҳасида 12% ставкани 2022 йил 1 майдан бошлаб қўллаш назарда тутилган. Бироқ тегишли қонун имзоланишини кутиш лозим.

СКга ўзгартиришлар киритилгандан сўнг 2022 йил 1 майдан бошлаб норезидентларнинг даромадлари бўйича ЖШДСни 12% ставка бўйича қайта ҳисоблаб чиқариш зарур бўлади.

 

Аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этиш зарурми

СКнинг 83-моддасига асосан, агар солиқ суммаси камайса, қайта ҳисоб-китоб топшириш мажбурияти юзага келади. Мазкур ҳолда эса камайиш мавжуд эмас, шу боис солиқ агенти аниқлаштирилган ҳисоб-китобни топширишга ҳақли, бироқ мажбур эмас. Солиқ ҳисоботи ўсиб борувчи якун билан тақдим этилишини ҳисобга олган ҳолда, қайта ҳисоб-китоб натижаларини ўсиб борувчи якун билан кейинги ҳисоботда акс эттиришни тавсия қиламиз.

Ҳар қандай ҳолда, СКнинг орқага қайтиш кучига эга бўлган нормаларини қўллаш муносабати билан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш солиқ хавфи даражасини аниқлаш чоғида ҳисобга олиниши керак эмас.

Эътибор беринг

СКга ўзгартиришлар киритилгандан сўнг 12% ставкани фақат норезидентларга 2022 йил 1 майдан бошлаб ҳисобланадиган ва тўланадиган даромадларга нисбатан қўллаш мумкин бўлади. Бунда бу - вақтинчалик имтиёз эмас, балки доимий норма.

2022 йилнинг январь–апрель ойлари учун ҳисобланган ва тўланган даромадлар бўйича солиқни қайта ҳисоб-китоб қилиш амалга оширилмайди. Уларга 20% ставка бўйича солиқ солинади.