Маркетплейс туфайли санкция остига тушиб қолмаслик чоралари

preview

ДСҚ СКнинг 2271-моддасига мувофиқ фискал белгиларни акс эттириш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш реализация амалга оширилган ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлишини эслатиб ўтди. Ушбу норма 2022 йил 12 июнда кучга кирди. 

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА муаммолардан қочиш учун нимани назарда тутиш лозимлигини тушунтирди.

 

– Фискал белги – бу НКТ чекларининг мажбурий реквизити . Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар аввалбошдан сотиш ва қайтариш чеклари фискал белгини сақлайдиган тарзда тузилган. Агар у чекда бўлмаса, демакки, бу - бўнак тўлови ёки бўлиб тўлашни сўндириш ҳисобидан тўлов чеки. Шунингдек, бу назорат-касса техникаси эмас, балки қандайдир бошқа қурилма ёрдамида шакллантирилган чек эканлигини билдириши мумкин.

2022 йил 1 февралдан бошлаб солиқ органларининг ахборот тизимларига тўлов ташкилотлари ва маркетплейс уланган бўлиши керак . Бу уларга 12.05.2022 йилдаги 255-сон ВМҚга мувофиқ фискал чекларни шакллантириш учун зарур. Илгари ушбу ташкилотлар НКТ чеклари билан деярли ишлашмаган, бу улар ва уларнинг ҳамкорлари учун – қонунчиликнинг янги талаби. Айнан улар СКнинг 2271-моддасига биноан санкция остига тушмаслик учун бугун фаоллик кўрсатишлари зарур.

Яна бир бор эътиборни қуйидагиларга қаратишни истардим:

  • 2022 йил майдан бошлаб ДСҚ маркетплейс бўйича  фискал маълумотлар солиқлар бўйича ҳисоботларда автоматик тарзда шаклланиши юзасидан эслатмани эълон қилиб келмоқда;
  • СКнинг 2271-моддасига мувофиқ солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш ва фискал белгиларни акс эттириш тўғрисидаги талабни бузиш учун  жарима 2022 йил 12 июндан кучга кирди;
  • 10 июлдан бошлаб НКТ орқали ўтган тушумни расмийлаштириш учун бир томонлама ЭҲФ тақдим этиш имконияти чекланади. Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 3-бандига асосан ушбу талаб маркетплейсга татбиқ этилади.

Ушбу янгиликлар рўйхати бўйича интеграция ва маркетплейс чекларида фискал белгилар шакллантирилишини созлаш муваффиқиятли якунланган ва ҳаммаси рисоладагидек ишлаяпти, деб хулоса қилиш мумкин. Лекин бундай эмас.

Менга 04.10.2021 йилдаги ПҚ-5252-сон қарорнинг 5-бандида назарда тутилган нормани амалга ошириш талай савол ва шубҳалар туғдираётган ташкилотлар маслаҳат олиш юзасидан мурожаат қилишади. Афсуски, айрим саволларга ҳатто солиқ органларида ҳам қатъий ва аниқ жавоб олишнинг имкони йўқ.

Биринчидан, бизнинг солиқ маъмуриятчилигимизда, хусусан - солиқ ҳисоботи шакллари ва қонунчилигимизда қўлланиладиган “маркетплейс” тушунчаси бошқа мамлакатлар амалиётида қўлланиладиганига қараганда кенгроқ. Шу билан бирга, у назорат-касса техникасига тенглаштирилган. Ўзбекистонда “маркетплейс” - бу Электрон тўлов ташкилоти ва (ёки) электрон тижорат платформалари орқали электрон фискал чек тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тушунчаси остига тушадиган барча савдо майдонлари ва тизимлари эканлиги маълум бўлади.

Ўзбекистонда маркетплейс жумласига электрон савдо майдонлари (Alibazar.uz, Alifshop.uz ва ҳоказо), онлайн-дўконлар (altech.uz, evos.uz ва ҳоказо), тўлов мобиль иловалари (Click, PayME, Oson ва бошқалар), шунингдек банк иловалари киради. Солиқ органларининг ушбу ташкилотларни ўзларининг ахборот тизимларига улаш бўйича амалий қадамлари ҳам буни тасдиқлайди.

Иккинчидан, солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш уларга зарур ёки зарур эмаслиги юзасидан бир қарорга келолмаётган кўп ташкилотлар мавжуд. Улар орасида ўзи ишлаб чиқарган товар ва хизматларни ўз сайтлари орқали реализация қилаётган, бироқ тўловни Click, PayME ва бошқа тўлов тизимлари орқали қабул қилаётган ташкилотлар бор. Бу ҳолда уларга интеграциядан ўтиш зарурлиги тушунарсиз?

Назаримда - зарур эмас, солиқ органларининг ахборот тизимларига улар орқали тўлов қабул қилинадиган тўлов тизимларининг интеграция қилиниши етарли. Бироқ бу борада ДСҚнинг расмий тушунтиришини олиш айни муддао бўларди, у эса ҳозирча йўқ.

Учинчидан, тўлов тизимлари интеграцияни созлаш ва чекларда фискал белгини акс эттириш жараёнида турибди. Мисол учун, шу кунларда ўз дастурий маҳсулотларига масофадан туриб кириш имконини берадиган ва мижозлардан тўловни Click ва PayME тўлов иловалари орқали қабул қиладиган бир ташкилот унинг хизматларига ҳақ тўлашда бериладиган чекларга нисбатан созлашни тезлаштириш илтимоси билан мурожаат қилди. Иккала тўлов тизими ходимлари унга барча мижозлар навбати билан уланади, шошилмаслик керак, чунки кўп жиҳатлари ҳали маромига етказиш босқичида, деб жавоб беришди.  Бундай жавоблар бизнесни асабийлашишга ундайди, сабаби фискал чеклар бўлмаса - улар солиқ ҳисоботларида автоматик тарзда акс эттирилмайди.

Тўртинчидан, маркетплейс орқали амалга ошириладиган барча транзакцияларга фискал чек (фискал белгили ва QR-код билан) шакллантирилиши кераклиги ноаниқ?

Электрон тўлов ташкилоти ва (ёки) электрон тижорат платформалари орқали электрон фискал чек тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом нормаларидан ҳар доим ҳам шакллантириш керак эмаслиги келиб чиқади. Ушбу иккита реквизит, қоидага кўра, фақат ҳисоб-китобнинг масофавий шаклларида шакллантириладиган электрон чекларда бўлиши керак. Бироқ жойларда маркетплейс орқали ҳам ҳисоб-китоб қилиниши мумкин, бунда мижозга онлайн-НКМ ва виртуал касса чеки берилади. Бу ҳолда маркетплейс фақат транзакция чекини шакллантиради. Ушбу нозик жиҳатларни тушуниш ва ишни ушбу қоидалар бўйича бошлаш учун ҳам вақт талаб қилинади.

Бешинчидан, маркетплейс ҳам, улар орқали товарларни реализация қиладиган компаниялар ҳам чеклар мазмунининг хусусиятларини тушуниб олишлари зарур. Электрон фискал чек мазмуни бўйича онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг қоғоз шаклидаги чекларига қўйиладиган талабларга мувофиқ келиши керак . Агар маркетплейс ўз товарини реализация қилмаса, чекда комитентнинг (товар ёки хизматни сотувчи компаниянинг) СТИРи бўлиши керак. Ушбу реквизит солиқ бўйича ҳисоботда тушумнинг тўғри акс эттирилиши учун жавоб беради. Сотишдан олинган сумма комитентда солиқ бўйича ҳисоботдан ўтади, у ой якунлари бўйича воситачига (маркетплейсга) воситачилик ҳақини тўлайди.

Кўрганимиздек, кўрсатиб ўтилган барча техник ечимлар жорий этиш босқичида турибди. Шу боис солиқ органларидан жарималар билан шошилмасликни илтимос қиламиз. Вазият ҳозирча шундайки, СКнинг 2271-моддасига биноан жаримани ҳали тушуниб олмаган ва ҳаммасини созлашга улгурмаганлар ҳамда солиқчиларнинг талабларидан қасддан бўйин товлаётганлар олишлари мумкин.

Жарималарга босқичма-босқич келиш керак. Ҳозир эътиборни маркетплейс учун белгиланган қоидалар бўйича ишлашлари керак бўлган ташкилотларни аниқлашга қаратиш ва уларга созлашда амалий ёрдам бериш зарур.

Жарима миқдори катта эканлигини инбатга олиш лозим - бу СКда назарда тутилган энг катта жарима. Кўп ташкилотлар учун бу фожиали оқибатларга олиб келади, сабаби ундан кейин ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келади. Унинг миқдорини қайта кўриб чиқиш ва солиқ органлари тизимларига интеграция қилинмаган маркетплейс орқали ўтган тушум миқдорида белгилаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Шу билан бирга, 2271-модданинг нормаси шундайлигича кучда қолади. Тадбиркорлар текширув ва солиқчилар томонидан тегишли эътирозлар бўлган ҳолда фақат узрли сабабларга умид қилишлари мумкин бўлади. Сиз хануз интеграция қилинганингиз ва созламани якунламаганлигингизни асослаб беринг. Эҳтимолий сабаблари: маркетплейс юкламани кўтара олмаяпти. Агар гап сизнинг ўз маркетплейсингиз ҳақида бораётган бўлса - техник топшириқни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш дастурчиларга ажратилганидан кўп вақт талаб қилди.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text182726_marketpleys_tufayli_sankciya_ostiga_tushib_qolmaslik_choralari