Қандай қилиб кам харажатлар билан ТХКМни алмаштириш мумкин

preview

Тадбиркор хизмат кўрсатиш сифатидан норози бўлиб, бошқа ТХКМ билан онлайн-НКМ (виртуал касса)га хизмат кўрсатиш шартномасини тузиш истагида. Буни қандай кам харажатлар билан амалга ошириш ва ўтишда қандай мураккабликлар юзага келиши мумкинлиги ҳақида “Марон” МЧЖ  ТХКМнинг онлайн-НКМга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассиси Рустам ЯКУБОВ гапириб берди:

 

– ТХКМни алмаштириш – мумкин. Бу ҳолда бир ТХКМ билан шартномани бекор қилиш ва бошқаси билан уни тузишга тўғри келади. Бундай вазиятда қайта ҳисоб-китоблардан қочиш учун ТХКМ хизматларига бир неча ой учун олдиндан эмас, балки ҳар ойда тўловни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.

Тадбиркорлик субъектлари давлат реестрига киритилган онлайн-НКМ ёки виртуал касса модели ва русумини  ҳамда ТХКМларни мустақил танлашга ҳақли . Бунда барча ТХКМлар ва уларнинг ҳамкор ташкилотлари онлайн-НКМ ва виртуал кассаларнинг аниқ моделига хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Тегишинча, сизнинг бошқа ТХКМга ўтиш харажатларингиз кўп жиҳатдан сиз ўтиш жараёнида онлайн-НКМ ёки виртуал кассани алмаштиришингиз ёки алмаштирмаслигингизга боғлиқ бўлади. Агар янги ТХКМ сизнинг НКМ модели билан ишламаса, балки ўзиникини таклиф қилса, демак, сизнинг харажатларингиз ошади.

Кейинги муҳим жиҳат – фискал модуль учун йиллик тўлов. Бу ерда иккита вариант бўлиши мумкин:

  1. Агар сиз янги ТХКМда янги фискал модуль олсангиз,  “Yangi texnologiyalar” ИАМга БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўлашга тўғри келади. Илгариги фискал модулни сиз эски ТХКМга қайтариб берасиз. Тўлов муддати тугамаган бўлса ҳам, бунинг учун сизга пулни қайтаришмайди.
  2. Агар сиз илгариги фискал модулни ўзингизда сақлаб қолсангиз ва у билан янги ТХКМга ўтсангиз, унинг учун БҲМнинг 1 баравари миқдоридаги кейинги тўловни сиз олдинги тўловдан эътиборан 1 йил ўтгач амалга оширишингиз лозим бўлади. “Yangi texnologiyalar” ИАМ яқинлашаётган тўлов муддати ҳақида сизни хабардор қилади.

 Шубҳасиз, тадбиркор учун энг фойдали вариант – фискал модулни сақлаб қолиш, бироқ бу ерда айрим мураккабликлар юзага келиши мумкин.

Янги ТХКМга ариза топширганингизда сизни расмийлаштирадиган ходимни сиз илгариги фискал модулни сақлаб қолмоқчи эканлигингиз ҳақида огоҳлантиришингиз зарур.

Аризага қуйидагиларни илова қилиш зарур :

  • турғун шохобча (кўчма савдо объекти) мавжудлигини тасдиқлайдиган ижара шартномаси ёки кадастр ҳужжатларининг нусхалари;
  • онлайн-НКМ ва (ёки) виртуал кассага техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлашга ТХКМ билан тузилган шартноманинг нусхаси;
  • турғун савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаси (кўчма савдо объекти) манзилининг харитадаги координатаси.

Сизнинг аризангизни бажарган ҳолда ТХКМлар ўзаро фискал модулни қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузади ва солиқ органларининг ахборот тизимида тегишли белги қўяди. Бироқ ушбу босқичда ҳаммаси силлиқ кечмайди.

Мижозларни йўқотишни истамаган ҳолда сиз тарк этаётган ТХКМ тўсқинлик яратиши – далолатномани имзолашни кечиктириши, солиқ органларининг ахборот тизимида ўз вақтида белги қўймаслиги мумкин. Ҳаракатсизликнинг сабаблари турлича бўлиши мумкин, бироқ натижа – битта: барча лозим бўлган тартиб-таомилларга риоя қилинмагунча, сиз расман илгариги ТХКМ мижози бўлиб қоласиз.

Энг мураккаб вариант – бу сиз шартномани бекор қиладиган ТХКМнинг масъул шахсларини топишнинг имконсизлиги. Бундай вазиятда гаплашадиган одам бўлмайди... Бу вазиятда агар сиз эски ТХКМ билан ваъдалашишга вақтингиз ва хоҳишингиз бўлмаса, “Yangi texnologiyalar” ИАМга БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўловни амалга ошириб, яна битта фискал модуль олиш мумкин. Натижада сизнинг ўтишингиз бирмунча қимматга тушади албатта, лекин ишингизга зиён етмайди. Ахир кутишга вақт йўқ, товарлар ва хизматларга ҳақ тўлашда ҳар бир мижозга чек бериш керак.

Шу билан бирга, назаримда, “Yangi texnologiyalar” ИАМ асосий ТХКМларга “мижозларнинг ўтиши” тўғрисидаги масалани ўтиш жараёнини кечиктириб юборувчи ҳамкор ташкилотларнинг иштирокисиз – мустақил равишда ҳал қилиш имконини берса бўларди, бу фикрни менинг ҳамкасбларим ҳам маъқуллашади. Ушбу инструмент асосий ТХКМларга уларнинг ҳамкор ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатини назорат қилиш имконини ҳам берарди. Бундай ёндашув мантиқли бўлади, сабаби “Yangi texnologiyalar” ИАМ фискал модулларни асосий ТХКМлар орқали беради.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /ru/publish/doc/text182887_qanday_qilib_kam_harajatlar_bilan_thkmni_almashtirish_mumkin