Ишлаб чиқарувчининг сайти маркетплейс сифатида рўйхатдан ўтказилиши керакми

preview

“Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчисининг фирма сайтида мижозлар учун буюртмани расмийлаштириш имконияти тақдим этилади. Бунда мижоз харид учун тўлов тизимлари (Click, Payme) орқали ҳақ тўлайди, шундан сўнг унга дастурни юклаб олиш учун ҳавола тақдим этилади. Мазкур вазиятда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчиси ўз сайтини фискал маълумотлар операторининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиши зарурми?”. 

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚда тушунтиришди:

 

– Бугунги кунда ўз сайтлари орқали буюртмалар қабул қиладиган ва ўз товарларини (хизматларини) чакана харидорларга реализация қиладиган кўп компанияларда шунга ўхшаш савол юзага келмоқда.

Фирма сайтини фискал маълумотлар операторининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш тўғрисидаги қарор тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда қабул қилинади. Асосийси, ҳисоб-китобларда мижозга НКТ чеки берилиши, реализация тўғрисидаги маълумотлар эса ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботда автоматик тарзда акс эттирилиши лозим.

Ушбу вазифани ҳал қилишнинг иккита варианти мавжуд.

 

1. Фирма сайтини ФМОнинг ахборот тизими билан интеграция қилиш.

Интеграциянинг бундай вариантида сайтнинг ўзида электрон касса чекларини шакллантириш мумкин бўлади, улар харидорга сайтда рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатган - электрон почта ва телефон рақамига ёки унинг мазкур сайтдаги шахсий кабинетига юборилади. Бундай чеклар ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоб-китобларда – “Market place орқали товарларни (хизматларни) реализация қилиш”ни акс эттириш учун мўлжалланган сатрда автоматик тарзда акс эттирилади.

Бу ҳолда нақд шаклда ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ (виртуал касса) чекини бериш - шарт эмас, худди тўлов амалга ошириладиган тўлов тизими томонидан чек шакллантирилиши шарт эмаслиги сингари.

Фирма сайтини интеграция қилиш учун тадбиркорлик субъекти “Янги технологиялар” ИАМга ёзма равишда мурожаат қилиши зарур. Ариза намунасидан бу ерда фойдаланиш мумкин.

Интеграция якунлангандан сўнг, ДСҚга сайтни Маркетплейслар давлат реестрига киритиш учун ариза бериш зарур.

Кейин сайтдан ўз маҳсулотларини реализация қилиш учун маркетплейс сифатида фойдаланиш мумкин.

 

2. Фирма сайти фискал маълумотлар операторининг (ФМО) ахборот тизими билан интеграция қилинмаса

Бундай вазиятда чек бериш масаласини қуйидаги усулларидан бири орқали ҳал қилиш мумкин:

  • тўлов мобиль иловасидан (Click, Payme ва ҳоказо) фойдаланган ҳолда товарларга ҳақ тўлаш учун тўлов ташкилоти – тўлов тизими оператори билан шартнома тузинг, унда тўлов усули ва касса чекини шакллантириш бўйича мажбуриятни аниқ ёзинг.

Масофадан туриб ҳисоб-китоб қилишда – электрон касса чеки шакллантирилади ва харидорга сайтда рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатган электрон почта ва телефон рақамига ёки унинг мазкур сайтдаги шахсий кабинетига юборилади.

Эътибор беринг
Бундай чекда комитент (компания - товар сотувчиси)нинг СТИРи мажбурий кўрсатилиши керак. Реализация бўйича маълумот товар сотувчисининг солиқ ҳисоботида (ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ) - “Market place орқали товарларни (хизматларни) реализация қилиш”ни акс эттириш учун мўлжалланган сатрда акс эттирилади.

Тўлов тизими эса (мобиль иловалар, Click, Payme ва ҳоказо) бу вазиятда воситачи сифатида иштирок этади.

  • жойларда QR-кодидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоблар тизимини қўллашда – сотувчи онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекини бериши керак. Бундай чекда транзакция (тўлов тизими орқали тўлов) рақами мажбурий тартибда қўйилиши керак. Бу ҳолда сотиш тўғрисидаги маълумотлар сотувчида солиқ ҳисоботида (ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ) - “Онлайн-НКМ орқали товарларни (хизматларни) реализация қилиш”ни акс эттириш учун мўлжалланган сатрларда акс эттирилади. 
  • харид учун нақд шаклда, шунингдек терминал орқали ҳақ тўлашда, харидорга мажбурий тартибда онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки берилиши керак. Бу ҳолда чеклар тўғрисидаги маълумотлар ҚҚС ёки айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобларида - “Онлайн-НКМ орқали товарларни (хизматларни) реализация қилиш”ни акс эттириш учун мўлжалланган сатрда акс эттирилади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади