Транзит декларацияси қандай расмийлаштирилади

preview

ДБҚ қарори билан Транзит декларациясини тўлдириш, расмийлаштириш, унга ўзгартириш ва қўшимча киритиш, уни қайтариб олиш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди (рўйхат рақами 3382, 31.08.2022 й.). Ҳужжатнинг мазмуни ҳақида norma.uz портали сўзлаб берди:

 

Маълумот учун: транзит декларацияси божхона ҳудуди бўйлаб божхона назорати остида ташилаётган товар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган, товар келиб тушадиган божхона органигача етказиб берилганлиги назоратини божхона органлари томонидан амалга ошириш учун зарур .


Янги Низомга асосан транзит декларациясини расмийлаштириш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уни қайтариб олиш ва бекор қилиш “E-Tranzit” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади:

  1. Декларацияни амалга оширувчи шахс тизимга жисмоний шахснинг ЭРИ орқали киради ва транзит декларациясини тўлдириш учун асос бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни киритади.
  2. Транзит декларацияси ўзбек ёки рус тилида тузилади;
  3. Товарнинг кузатув ҳужжатларида юридик шахслар, товарлар, транспорт воситалари номланишлари ва бошқа маълумотлар лотин ёки бошқа (араб, хитой ва ҳ.к.) алифболарда акс эттирилиши мумкин. Бироқ  транзит декларациясида бундай маълумотлар лотин алифбоси ҳарфлари билан, кирилл алифбосидаги номланишлар кирилл алифбоси ҳарфлари билан ёзилади (мисол учун, “Central global cargo Gmbh”, “Xinjiang zhongtai chemical Co., LTD”, “Магнитогорский металлургический комбинат”, Куприянов Игорь Михайлович ва ҳоказо);
  4. Транзит декларацияси декларацияловчи шахс томонидан божхона ҳудудига кириб келаётган товарлар ва транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар ёки кесиб ўтиш вақтида берилади;
  5. Божхона ҳудудида божхона назорати остида ташилаётган товарларни етказиб беришни назорат қилиш учун транзит декларацияси товарлар транспорт воситасига юкланишидан аввал тақдим этилади.
  6. Транзит декларацияси қуйидаги ҳолларда қоғоз шаклда расмийлаштирилади, агар:
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса (ҳар бир вараққа штамп босилади, ваколатли божхона ходими томонидан имзоланади ва муҳр босилади, юқори ўнг бурчагида эса "нусха" ёзуви билан белгиланади);
  • ташувчи ёки ҳайдовчи декларацияни қоғоз шаклини талаб этса.

 

Шунингдек, Низомда транзит декларациясини шакллантиришда алоҳида майдонларни тўлдириш мисоллари келтирилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.12.2022 йилда кучга киради.

Norma.uz материаллари асосида