Ўриндош ходим таълим хизматларига ҳақ тўлашда ЖШДС имтиёзидан қандай фойдаланади

preview

Молия вазирлиги департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВнинг хусусий болалар боғчаси хизматларига ҳақ тўлашда ўриндошнинг даромадларига нисбатан ЖШДС бўйича имтиёзларни қўллаш тўғрисидаги эълон қилинган тушунтириши солиқ маслаҳатчилари орасида фаол муҳокамаларга сабаб бўлди.

Модомики низо бор экан, демак, имтиёз тўғрисидаги нормани унинг камситишга доир хусусиятини истисно қилиш учун СКда аниқлаштириш лозим – деб ҳисоблайди солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА:

 

СКнинг 380-моддасидаги чеклов СКнинг 378-моддасидаги имтиёзларга татбиқ этилади

– Фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она томонидан тўловга йўналтириладиган жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларига ЖШДС солинмайди. Имтиёз ҳар бир фарзанд учун ойига 3 млн сўм доирасидаги суммага амал қилади .

Ушбу норма СКнинг 378-моддаси билан белгиланган ва уни мазкур моддада белгиланган қоидаларга мувофиқ қўллаш лозим. У имтиёзнинг ўриндошларга нисбатан қўлланилишини чекламайди. Бинобарин, иш берувчи ўриндошдан шундай ариза келиб тушган тақдирда, уни қўллаш ҳуқуқига эга.

Ушбу масала юзасидан ўзгача фикр мавжуд. Бу фикр тарафдорлари СКнинг 380-моддасига ҳавола беришади, унга асосан имтиёзлар фақат асосий иш жойи бўйича ёки жисмоний шахснинг жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияси асосида қўлланилиши мумкин. Бу – кенгайтирилган талқин, деб ҳисоблайман. Ушбу норма фақат СКнинг 380-моддасида келтирилган имтиёзларга қўлланилади ва СКнинг 378-моддасида кўрсатилган имтиёзларга татбиқ этилмайди.

Бундай талқин қилишнинг сабаби тушунарли: давлат имтиёз тақдим этяптими, демак уни қўллашда суиистеъмолчиликка йўл қўймайдиган механизмлар ҳам бўлиши керак. Ушбу қоидалар ёки тўғридан-тўғри СКнинг 378-моддасида ёхуд махсус тасдиқланган низомда ёзилган бўлиши керак.

Мазкур вазиятда:

1) СКнинг 378-моддасида СКнинг 380-моддаси 5-қисмига ҳавола бериш мумкин ва шунда имтиёзни фақат асосий иш жойи бўйича ёки йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида қўллаш  мумкин бўлади. Бу ҳолда иш берувчилар ушбу имтиёзни ўриндошларга қўллаш ҳуқуқини йўқотади;

ёки

2) СКнинг 378-моддасига ўриндошлар билан бўлган ҳолатда имтиёзни қўллашни назорат қилиш имконини берувчи қоидаларни киритиш мумкин. Масалан, имтиёз асосий бўлмаган иш жойи бўйича қўлланган тақдирда ходимга жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни топшириш ёки асосий иш жойидан бундай имтиёз қўлланилмаганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этиш мажбуриятини юклаш мумкин.

Шунингдек, қуйидаги вазиятларни назарда тутиш лозим:

  • ходим имтиёздан қисман бир вақтнинг ўзида асосий иш жойи бўйича ва ўриндошлик бўйича, лекин жами белгиланган чегара доирасида фойдаланиши мумкин бўлган вазият;
  • болалар боғчаси харажатларини қисман ота (она) тўлайдиган, харажатларнинг қолган қисмини эса бошқа ота (она) қоплайдиган вазият.

Ҳозирча ушбу нормалар мавжуд бўлмаганда ўриндошнинг имтиёзлардан фойдаланишини чеклаш мумкин эмас. У ўз ихтиёрига кўра имтиёзни қўллаш тўғрисидаги ариза билан асосий иш жойи бўйича ҳам, ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича ҳам мурожаат қилиши мумкин. Иш ҳақи ойига 3 млн сўмдан кам бўлганда ходим иккала иш берувчига ариза билан мурожаат қилган ҳолда бутун имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳолда чегарадан ошиш эҳтимоли ҳозирча ходимнинг виждонига ҳавола қилинади.

  Олег ГАЕВОЙ тайёрлади