ЯТТдан ўзини ўзи банд қилган шахс деб расмийлаштиришни талаб қилиш тўғрими?

preview

«Мен якка тартибдаги тадбиркорман, кўп йиллардан буён ишлайман, фаолият тури – чакана савдо (атторлик моллари билан). Сўнгги вақтда туман ҳокимлиги ходимлари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳам рўйхатдан ўтишимни талаб қила бошладилар. Ушбу талаб қонунийми? Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтсам, ЯТТ деб ҳисобланмай, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида чакана савдо билан шуғуллана оламанми?».

Buxgalter.uz бу борада солиқ идорасидан тушунтириш олди:

 

1. Туман ҳокимлиги ходимларининг талаблари қонунга зид.

Фаолият шакли ва тури ихтиёрий равишда танланади, уни тазйиқ ва босим остида амалга ошириб бўлмайди. Давлат органлари ходимлари ноқонуний равишда бундай босим ўтказсалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга ҳақлисиз. Давлат органи мансабдор шахсининг ваколатлар доирасидан четга чиққани учун жазо ЖКнинг 206-моддасида назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) сайтида ҳам, шу жумладан аноним тарзда шикоят қолдиришингиз мумкин.

Ҳокимлик ва бошқа давлат органларининг ҳар қандай талаби Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан йўлланувчи хат-хабарларни етказиб бериш, етказилганлигини тасдиқлаш, маълумотларни сақлаш ва ҳисобга олишнинг ягона миллий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талабларига мувофиқ келиши кераклигига эътибор беринг . Унда айтилишича, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жисмоний ва юридик шахслар номига йўлланувчи хат-хабарлар, хабарномалар, чақирув қоғозлари ва бошқа юридик ҳужжатларни Ягона миллий тизимдан фойдаланилган ҳолда почта алоқаси объектлари тармоғи орқали етказиб берадилар.

 

2. Саволга жавоб – ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида чакана савдо билан шуғуллана олишингиз нима билан савдо қилишингизга боғлиқ.

ЯТТ юридик шахсни ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати 07.01.2011 йилдаги 6-сон ВМҚга 1-иловага мувофиқ тасдиқланган. Унга кенг маънода, шу жумладан ноозиқ-овқат маҳсулотлари (атторлик моллари ҳам улар сирасига киради) билан чакана савдо қилиш киради. 08.06.2020 йилдаги 4742-сон ВМҚга иловада белгиланган ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг фаолияти эса фақат иккита имкониятни назарда тутади:

1) деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш (Рўйхатнинг 31-б.);

2) газеталар, журналлар ва китоб маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш (Рўйхатнинг 32-б.).

Бинобарин, ўзини ўзи банд қилган шахс атторлик моллари ва бошқа ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилиши мумкин эмас.

Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади.